Халқ мақоли халқни тарбиялайди

Биз бу имкониятдан фойдалана оляпмизми?

Халқ мақолларини халқ яратади. Яратганда ҳам, йиллар давомида ижтимоий муносабатлар орқали синаб кўриб, пишитиб яратади. Шу сабабли ҳам мақолларда халқ, миллат руҳи акс этади.

Мақоллар мукаммал ижод намунаси, улардаги нафақат сўзлар, ҳатто тиниш белгиларини ўзгартирсангиз ҳам мазмунига путур етади. Халқ мақоллари миллий менталитет сандиғи.

Халқ мақолларини ўқиш, англаш орқали биз нафақат тилимизнинг нафосатини, балки миллатимиз тафаккури қудратини ҳам кўнглимизга, шууримизга жойлаймиз. Эҳтимол, шунинг учун ижодкорлар бошқа халқлар мақолларини ҳавас ва иштиёқ билан таржима қиладилар. Ўқирманларда ҳам уларни ёдлаб олишга, давраларда ишлатишга майл кучли.

Ўзбек халқ мақоллари 30 га яқин тилларга таржима қилингани тўғрисидаги маълумотни ўқигандим. Бугун китоб дўконларида бошқа халқлар мақол, ҳикматли сўзлари жамланган ихчам китобчалар кўпайган. Ижтимоий тармоқлар эса уларни зўр бериб тарғиб қиляпти.

Шундай пайтда кўнглимдан бир оғриқли савол кечади: нега биз кейинги пайтда ўзбек халқ мақолларини кенг тарғиб этмаяпмиз?

Бундай дейишимнинг боиси бор. Ҳозир нима кўп – китоб чоп этадиган нашриёт-у босмахона кўп, турли-туман китоблар нашр этиляпти. Афсуски, бу китоблар орасида ҳам ўзбек халқ мақолларини топиш қийин. Яқинда пойтахтдаги китоб дўконларини кезиб, на кирилл, на лотин алифбосидаги бундай китобчаларни топа олдим.

Иш юзасидан кўплаб идоралар раҳбарларининг хонасига киришимга тўғри келади. Шундай пайтда раҳбар столига ёки бор бўлса, китоб жавонига зимдан разм соламан, аммо халқ мақоллари китобларига кўзим тушмайди. Ким билади, эҳтимол, айнан ана шу ҳолат учун ҳам айрим  раҳбарларимиз жамоаси ёки аҳоли, аниқроғи, мурожаатчи билан суҳбатда етакчи руҳига мос бўлмаган сўз ва ибораларни қўллашяптими?..  

Адабиёт фани муаллимлари билан учрашувда сўрадим, 30 нафар ўқитувчининг бирортаси ҳам ўзбек халқ мақолларидан ўнтасини ёддан айтиб бера олмади. Ваҳоланки, кўплаб адиб ва ижодкорлар (хусусан, ўзим ҳам) турли рукнларда, салоҳияти гарчи мақолларга тортмаса-да, фалсафий фикрлар ёзишни, уларни ихчам китобча қилишни ўрганишди. Абдулла Қаҳҳорнинг афоризмлари, Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китоблари ҳануз қўлма-қўл, қайта-қайта нашр этилмоқда, ҳатто хорижий тилларга ўгирилмоқда.

Демоқчиманки, бу жанр, энг аввало, ҳадислар, алломалар ҳикматли сўзлари ва халқ ҳаёти, тажрибаси натижасида юзага келган. Катта асарларни ўқиш сусайгани боисми, билмадим,шундай китобларга эҳтиёж ошган. Бу яхши ҳолат, албатта.

Лекин мақоллар, ҳикматли сўзларни қачон кенг тарғиб қиламиз? Нега ҳамманинг нигоҳи тушадиган, доимий эътибордаги жойларга одамларни эзгуликка бошловчи, уларга сабоқ бўладиган, нотўғри йўлдан қайтарадиган мақолларни ёзиб қўймаймиз?

Кўчага назар солсанг, рекламанинг шунақа турлари пайдо бўлганки, уларнинг жозибаси кўзни қамаштиради. Минг афсуски, бирон жойда, ҳатто олий ўқув юртларида ҳам халқ мақоллари ёзилган ташқи реклама воситаларини кўрмайсиз. Ҳарқалай, таълим масканлари ва шифохоналарда алломаларимиз ибратли сўзларини ёзиб қўйишган, шунисига ҳам шукр.

Назаримда, ўзбек мақолларининг ўқилишини ташкил этишда ҳозиржавоблик мавриди келди, бу ишни кечиктириб бўлмайди. Бунинг учун айрим таклифларни билдиришни жоиз топдим.

Биринчидан, «Ўзбек халқ мақоллари»  китоби аҳолининг турли қатлами, жумладан, ёшларга, кексаларга, турли соҳалар кишиларига мўлжаллаб амалдаги ва янги алифбода чоп этилиши зарур.  Болалар учун албатта, расмлар билан босилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Халқ мақоллари мазмунини болаликдан, ёшликдан ўзлаштириш киши шууридаги миллий руҳни кучайтиради.

Иккинчидан, ҳар бир оилада, идора раҳбари столида халқ мақолларига оид китоблар бўлишига эришмоқ зарур. Ишончим комил, ҳар куни ўз халқининг мақолларига бир кўз югуртирган киши, албатта, панд-насиҳат учун сўз бойлигига эга бўлади. Ота-онанинг мақолларни билиши ва ўқиб туриши эса болада ҳавас уйғотади.

Учинчидан, барча идоралар, ташкилотлар, хусусан, ўқув масканлари ҳовлиларида, бино деворларида ўзбек халқ мақоллари ёзиб қўйилиши шарт. Чунки бу услуб ҳам бебаҳо ҳамда таъсирчан сабоқ, таҳсил ҳисобланади. Кўриб – кўз ўрганади, ўқиб – дил равшанлашади, англаб – фикр теранлашади.

Тўртинчидан, бадиий асарларда ўзбек халқ мақоллари ва иборалари қўлланилишини ўрганишга доир илмий тадқиқотларни кўпайтириш зарур. «Ўзбек фразеологик луғати»нинг фундаментал нашрини тайёрлаш чоғи ҳам келди. Бу савобли ишни Самарқанд давлат университети олимлари, профессорлар Ҳамдам Бердиёров ва Бекмурод Йўлдошев бошлаб,  ихчам хрестоматия ҳам чиқаришганди, бироқ кейинчалик бунга эътибор сусайди.

Бешинчидан, барча оммавий ахборот воситалари – босма нашрлар, телевидение, радио, интернет сайтлар халқ мақолларини бериб борса, яъни кўпчиликка эслатиб турса ёмон бўлмасди.

Халқ мақоллари шу халқнинг узоқ йиллик тарихи давомида ижтимоий муносабатларда юзага келган турмуш тарзининг ифодаси. Уни тартиб, ахлоқ кодекси ёки низом ўрнида қабул қилишган. Демак, халқ мақолларини пухта ўзлаштириш, энг аввало, миллий менталитет барҳаётлигини таъминлайди, одамни фикрлашга, тартибга ўргатади. Бу хислатлар эса, ўз ўрнида миллатнинг ижтимоий фаоллигига кўмаклашади.

Фармон ТОШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.