Халқ вакиллари халқимизга хизмат қилиши керак

Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар, мажлисда маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятини кучайтиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, ижро этувчи ҳокимият вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари иштирок этган мажлис видеоселектор тарзида ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Э.Турдимов, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси З.Низомходжаев Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг йигирманчи ялпи мажлисдаги нутқида парламент юқори палатаси ва маҳаллий Кенгашлар, сенатор ва депутатлар фаолияти ҳақида билдирилган танқидий фикрлар, илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар ҳамда белгилаб берилган вазифаларнинг аҳамиятига тўхталди.

– Давлатимиз раҳбари Сенат фаолиятида ечимини кутиб турган бир қатор муҳим масалаларга эътиборимизни қаратди, – деди З.Низомходжаев. – Яъни, юқори палата қонунчилик фаолиятида, ишни тўғри ташкил қилишда талабчанлик ва жонкуярлик, ташаббускорлик ва изчиллик етишмаётгани қайд этилди. Сенатнинг парламент назоратига оид амалдаги ваколатларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, кейинги 4 йил давомида атиги 10 та парламент сўрови юборилгани ҳам танқид қилинди. Ҳақиқатдан ҳам ушбу парламент сўровлари ёки вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш юзасидан қабул қилинган чора-тадбирлар, дастурлар ижросига етарли даражада эътибор қаратилмагани аён бўлмоқда. Бу борада биз кўпроқ маҳаллий кенгашлар депутатларига таянамиз. Афсуски, ҳозирда бу ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган, деб айта олмаймиз. Шунингдек, ҳудудлар манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда масалаларни кўриб чиқиш борасида кўзга кўринарли ишлар қилинмагани таъкидланди. Тўғри, ўтган йилдан бошлаб, вилоят ҳокимларининг ҳудудларни ривожлантириш, маҳаллий кенгашлар фаолияти юзасидан ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. Аммо бу ҳисоботлардан сўнг ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларнинг ижроси эътибордан четда қолмоқда. Бу ҳам бизнинг маҳаллий Кенгашлар билан яқин ҳамкорликда ишламаётганимиз оқибатидир. Чунки, Сенат – Олий Мажлиснинг ҳудудий вакиллик палатаси. Сенаторларимиз маҳаллий Кенгашлар депутати ҳисобланади ва ўша ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, одамлар турмуш тарзи, уларни ўйлантираётган масалалардан яхши хабардор. Аммо ана шу хабардорлик фаолиятимизда сезилмаяпти.

Йиғилишда сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари мавзу юзасидан ўз фикрларини билдириб, бир қатор таклифларни баён этди. Жумладан, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси  устидан маҳаллий Кенгашлар ва депутатларнинг таъсирчан назоратини ўрнатиш, ижро ҳокимияти органларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш ва белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш, депутатлар фаолиятига рейтинг асосида баҳо бериш бўйича таклифлар илгари сурилди.

– Олти ойдан буён Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида ишлаб, ҳақиқатдан ҳам маҳаллий Кенгашларда депутатларининг фаоллиги сезилмаётганига гувоҳ бўляпман, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Г.Алимова. – Хотин-қизлар масалалари, улар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятимизга депутатларни жалб этишга ҳаракат қиляпмиз, аммо натижа кутилгандек эмас. Кўпчилик депутатларимиз ўз сайловчилари билан, ўзлари мансуб партия электорати билан тизимли ишлашни йўлга қўймаган. Ахир улар кўпроқ аҳоли орасида бўлиб, ҳудудлардаги муаммоларни, одамларнинг дарду ташвишларини депутатлик гуруҳлари ёки доимий комиссияларда муҳокама қилишлари, сессиялар кун тартибига олиб чиқишлари ва бу борада Сенат билан ҳамкорлик қилишлари лозим. Шунингдек,  қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти, давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамиятини халқимизга етказишда ҳам маҳаллий Кенгашлардан сайланган сенаторлар, депутатлар фаол бўлишлари зарур.