Халқаро космик кемадаги космонавтлар нима билан шуғулланади?

Халқаро космик станция (ХКС) илмий тараққиётнинг ҳақиқий мўъжизасидир. Эндиликда космосга парвозлар кундалик амалиёт сифатида қабул қилинмоқда, бироқ бутун йил давомида дераза орқали Ерни кузатиб, ниҳоятда мураккаб тузилмада катта тезликда орбита бўйлаб учаётган одамлар сайёра юзасидан узоқда яшаб, ишлаётганлиги ҳайратланарли. Астронавтларнинг иши ниҳоятда оғир: машаққатли тайёргарликнинг ўзи қанча матонат ва куч талаб қилади.

Хўш, экипаж орбитада нима билан шуғулланади ва космос одамларга нима учун керак?

Космик саноат иштирокчи-давлатларга унчалик катта фойда келтирмаса-да, бу соҳа илғор замонавий технологиялар ва янги тараққиёт босқичининг калити бўлиши мумкин бўлган кашфиётлар ишлаб чиқариш имконини беради. Космосдаги тадқиқотлар туфайли ҳозирда саноат ва замонавий инсоннинг кундалик ҳаётида фаол фойдаланилаётган кўплаб янги материаллар, технологиялар ва имкониятлар пайдо бўлди.

Космонавтлар ХКСда нима қилишади?

Биринчи навбатда бу вазнсизлик шароитида олиб бориладиган тадқиқотлар: Ер юзида том маънода имконсиз бўлган тажрибалар гравитация йўқ шароитда ўтказилади, бунда физик ва кимёвий жараёнлар ўзгача содир бўлиб, ғайриоддий хусусияларни намоён қилади. Хусусан, коинотда махсус кристаллар етиштирилиб, металлар, қоришмалар ва плазмаларнинг янги имкониятларини очиб беради.
Яна бир муҳим соҳа – космик биология. Космонавтлар тортишиш ноль шароитда оқсиллар ва тирик организмларнинг хусусиятини ўрганишади, тиббий технологиялар ишлаб чиқиб, дори-дармонлар яратади.

Тадқиқот ва хавфсизликни бирлаштирган технология орқали улар астероидларни аниқлайди. Мураккаб термал ва инфрақизил модуллар ёрдамида ХКСдагилар улкан тошлар орқали чуқур фазо табиатини ўрганиб, уларнинг ер юзасига тушиш эҳтимоли ҳақида олдиндан огоҳлантиришлари мумкин.
Вакуум, паст ҳарорат, радиация, космик нурлар каби коинот хусусиятлари ўрганилади. Бу хусусиятларни ўрганмасдан келажакни режалаштириш ёки коинотни бошқа тарзда ўрганишнинг имкони йўқ. Ерда радиациянинг сезиларли таъсири ва тирик организмларга зарари туфайли бундай тадқиқотлар ўтказилмайди.

Яна бир самарали тадқиқот – вазнсизлик шароитида оқсилли кристалларнинг ўстирилиши. Бу астро-агрономия ва астробиология келажакда янги сайёраларни мустамлака қилиш учун жуда муҳимдир.
Орбитал баландликда космонавтлар Ерни ҳам ўрганишади, чўлланиш динамикаси, бўронлар ва ёғингарчиликлар прогнозини қилишади, озон қатлами ҳолати баҳоланади. Шунингдек, космосда ердаги вируслар хавфи ҳам ўрганилади.

Халқаро космик станция миқёси учун ўринсиз туюладиган тажрибалар ҳам бор, бироқ амалий нуқтаи назардан бу тадқиқотлар натижаси кундалик ҳаётга ўз таъсирини кўрсатмоқда, албатта ижобий маънода. Масалан, американинг кир ювиш кукунлари, тозалаш воситалари ва шунга ўхшаш маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Procter & Gamble” компанияси космик тадқиқотлар ёрдамида маҳсулот сифатини сезиларли даражада яхшилаб, уларнинг сақлаш муддатини узайтирди. Худди шу каби ер юзидаги деярли барча оилалар ваннахонасида бўлган маҳсулотлар айнан ХКСда яхшиланди.

Кашфиётлар қимматга тушмаяптими?

Дарҳақиқат, вақти-вақти билан “ХКС жуда қиммат лойиҳа, микрогравитация ва вакуум каби кўплаб космик шароитларни Ерда сунъий равишда яратиш мумкин-ку, бу анча арзонга тушган бўларди”, деган танқидлар эшитилиб туради.

Бироқ танқидий позициялар муҳим бўлиш учун ҳозирги вақтда улар етарли кучга эга эмас. Аммо геосиёсий вазият ва 24 йилдан буён фаолият юритаётган станция эксплуатацияси унинг ресурслари тугаб боришини тақозо этмоқда. Ҳозирча аниқ бир нарса дейиш қийин, лекин яқин келажакда ХКС ўз фаолиятини тўхтатиши ва космик дастурда иштирок этувчи давлатлар ўз орбитал станцияларини яратиш эҳтимоли катта. Бу эса ўз навбатида космик тадқиқотлар давлатлар ва инсоният тараққиётига муҳим ўринни эгаллашидан далолат беради.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.