Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқаро тиббий таълим факультети талабалари Гиппократ қасамёдини қабул қилди

Самарқанд давлат тиббиёт институтида жорий йилда халқаро тиббий таълим факультети очилди ва 200 нафар хорижлик талабалар ўқишга қабул қилинди.

Самарқанддаги олий тиббий даргоҳ билан Россия, Польша, Покистон ва Ҳиндистоннинг бир қатор олийгоҳлари ва олий таълимга алоқадор ташкилотлар қизиқиш билдириб, ҳамкорлик битимларини имзолади. Қўшма дастурлар ва халқаро тиббий таълим бўйича 100 дан ортиқ Покистон ва ҳиндистонлик талабалар 1-курсга қабул қилиниб, таҳсил олмоқда.

Тиббиёт соҳаси вакиллари олдида ҳар доим инсон ҳаёти масаласи туриши сабабли улар қадимдан анъанага айланган Гиппократ қасами қабул қилади. Бу тантана уларни бўлажакда ўз касбига содиқ қолишга, ҳар қандай вазиятда инсонларга ёрдам беришга тайёр эканликларининг бир рамзидир.

Жорий йилнинг 26 декабрь куни халқаро тиббий таълим факультети 1-курс талабалари институтда Гиппократ қасамёдини қабул қилишди.

Институт ректори, профессор Жасур Ризаев талабаларни ушбу тадбир билан қутлаб, институт нуфузининг ўсиши ва хорижий талабалар қабули янада кенгайишини таъкидлади.

Тадбирда халқаро тиббий таълим факультети талабалари томонидан тайёрланган маданий дастур намойиш этилди. Талабалар ижро этган мусиқа ва рақслар, Покистон ва Ҳиндистон миллий қўшиқ ва рақслари барча иштирокчиларга яхши кайфият бағишлади.

СамДТИ ахборот хизмати.