Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халққа суянган халқ назарида яшайди

Тўлқин Эшбекнинг «Катта карвон йўлдан адашмас» сарлавҳали мақоласини ўқиб сиёсий мавзуда таҳлилий материаллар ёзаётган ҳамкасбларим кўпайиб бораётганлигидан, муаллифнинг жасоратли хулосаларидан хурсанд бўлдим.

Бинобарин, ҳаётнинг бир ҳақиқатини тан олмасдан иложимиз йўқ: ижтимоий муносабатлар ҳар қандай демократик давлатда ҳам бир хил бўлмайди. Қабул қилинаётган қонунлар ҳам барчага бирдек маъқул келавермайди.

Демократиянинг асосий таомили ҳам ана шу хилма-хилликка йўл очишда, яъни ҳар бир фуқаро жамият ҳақида ўз фикрини маданий тарзда айта олсин. Давлатнинг вазифаси эса ана шу фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олиб, ўз ислоҳотлари стратегиясини белгилаб олишдир. Чунки таклифи инобатга олинган киши уни рўёбга чиқаришда ҳам фаоллик кўрсатади.

Ислом Каримов бу ҳақиқатни яхши билган. Матбуотни муассис тазйиқидан холи қилиш, маҳалла ролини кучайтириш, давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги ташаббуслари ана шу қарашлари самарасидир.

Биринчи Президентимиз халқнинг фикрига суянадиган инсон эди. Самарқандга ташриф буюрганида жойларда оддий одамлар билан дилдан суҳбатлашганини ўзим кўрганман. 1990 йилнинг кузида вилоятга ташрифи чоғида Оқдарё, Иштихон, Нарпай, Пахтачи туман фаоллари билан учрашувларида «Ўзбекистон овози»нинг вилоят мухбири сифатида иштирок этганман. Айниқса таниқли инсонларни диққат билан тинглади.

2002 йил кузида ҳам у киши Бухородан қайтаётиб вилоят фаоллари билан қисқа муддатга учрашди. Ҳар бир соҳа вакилларидан фикр, таклиф сўради. Мени ҳам минбарга таклиф этди. Камина Ўзбекистонда журналистлар уюшмаси йўқлиги, ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармаси сиёсий куч бўла олмаслигини айтдим. Давлат раҳбари шу ернинг ўзида бу таклифни пухта ўрганиш лозимлигини мутасаддиларга топширди ва кўп ўтмай бу уюшма таъсис йиғилиши бўлди.

Дарвоқе, И.Каримовнинг ишонадиган одамлари ҳақида. 2003 йилда вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлди. Унда Бош вазир бўлиб сайланган Ш.Мирзиёев ҳам қатнашди. Ўшанда И.Каримов муҳим бир гапни айтди.

- Кўпчилик, айниқса хорижлик сиёсатчилар менинг Президентлик баробарида Вазирлар Маҳкамасига раислигимни танқид қилишаяпти. Бу тўғри гап, - деди у киши. – Лекин бир ҳолатни ҳисобга олинглар, мен фаолиятим давомида кўп сафдошларимга ишондим, ваколат бердим. Бироқ улар ишончимни оқламади. Жон куйдирмагани етмаганидек давлат манфаатига зид ишларга қўл урди. Лекин энди кўнглим тўлди, Шавкат Мирзиёев ишонса, суянса бўладиган раҳбар. Энди, насиб этса, Вазирлар Маҳкамаси ваколатини тўласинча ўзига топширамиз.

Ва шундай бўлди ҳам. Ш.Мирзиёев халқ, давлат манфаати йўлида фидойилик кўрсатишда нафақат Биринчи Президентнинг, балки мамлакат аҳолисининг ҳам ишончини, ҳурматини қозона олди. Ватанни, халқни севишни устозидан пухта ўрганган бу инсон қисқа муддат ичида халққа суяниш, халққа ишониш ва халқни қадрлаш мамлакат тараққиётида нечоғлик муҳим эканини амалда исботлай олди.

Ишонч ва қадрлаш фидойиликка, садоқатга қанот бағишлайди. Бугун Ўзбекистонда барча сиёсий кучларнинг бир мақсад сари интилиши, ҳар бир кишининг ўз тақдирига масъулияти уйғониши ана шу эзгу фазилатлар самарасидир.

Ф.Исҳоқов.