ХДП устозларни қутлади
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши томонидан 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Устозлар доим эъзозда!” деб номланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Байрам тадбирида партия аъзолари бўлган фаол ўқитувчи ва мураббийлар, шунингдек, партия тизимида бир неча йиллар фаолият кўрсатган фахрийлар иштирок этди.
Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Б.Насриев барча устозларни байрам билан табриклар экан, халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган ҳикматли сўзларини эслаб, ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиромини намоён этди.
Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунаси эканлиги, хусусан, муаллим ва устозларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бошлаган ишлар албатта янги поғонага кўтарилиши кераклиги тўғрисида гапириб ўтди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига ШҲТнинг Самарқанд саммитидаги Юртбошимизнинг тарихий маърузаси мазмун-моҳияти, унда қабул қилинган 40 дан ортиқ муҳим ҳужжатлар, иқлим, хавфсизлик, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш каби масалалар юзасидан маълумот берди.
Тадбир якунида жонкуяр, фидойи ўқитувчи-мураббийларга партия Марказий Кенгаши ва вилоят кенгашининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тақдим этилди.