Хитойда ичкиликка муккасидан кетган одамга чип ўрнатилди
Спиртли ичимликларга қарам бўлган 36 ёшли эркак ичкиликка бўлган иштиёқини йўқотиш учун жарроҳлик йўли билан имплантация қилинган биринчи одам бўлди.
Ҳар куни нонуштадан аввал 0,5 литр спирт ичиб, кечқурун ҳушдан кетгунча шишадан ажралмаган бу одам энди соғлом ҳаётга қайтганини айтган.
У Хитойнинг марказий қисмидаги Хунан мия касалхонасида БМТнинг Наркотик моддаларни назорат қилиш халқаро кенгаши собиқ вице-президенти Хао Вей бошчилигидаги клиник синов доирасида муолажадан ўтказилган.
The Lancet тиббий журналининг ҳисоботида алкоголь туфайли Хитойда 2017 йил эркаклар ўртасида 650 минг, аёллар ўртасида 59 минг ўлим (дунёда 1- ўринда) қайд этилган.
Мутахассисларнинг айтишича, бир неча дақиқалик имплантацияда ўрнатиладиган чип инсоннинг спиртли ичимликларга бўлган психологик эҳтиёжи билан курашишга ёрдам беради. Бунда у организм томонидан сўрилган ва миядаги рецепторларни нишонга оладиган налтрексон чиқаради.
Таъкидланишича, шу пайтгача спиртли ичимликларга қарамликни даволаш учун дисулфирам асосий восита бўлган. У ёқимсиз таъсирга эга бўлиб, жумладан, бош айланиши, кўнгил айниши ва қусишни келтириб чиқарган. Чип ёрдамида ажраладиган налтрексон юмшоқроқ ва миянинг ичишни биологик жиҳатдан мукофотлайдиган қисмини ёпади.
Янги усул беш ой давомида самарали бўлади. У бошқа гиёҳванд моддаларга қарамликдан халос бўлишда ҳам ёрдам беришига умид қилинмоқда.