Хотин-қизлар қўмитасининг иши фақат тадбир ўтказиш эмас

Йилнинг дастлабки уч ойида вилоятдаги 51 нафар маҳалла мутахассисларининг иши бошқатдан кўриб чиқилиб,  30 нафари янгидан ишга тайинланди. Нега?

Хотин-қизлар қўмиталари  томонидан 533 нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди, 80 нафарига ногиронлик аравачалари топширилди. Бу рақамлар хотин-қизлар қўмитасининг йўл харитасида белгиланган рақамларга мос келадими?

Ажрим ёқасидаги 572 оила яраштирилди, ноқонуний никоҳ асосида яшаётган 793 оиланинг никоҳи расмийлаштирилди, уйма-уй юриш натижасида қарийб 90 минг хотин-қизларнинг оилаларидаги ижтимоий-маънавий муҳит соғломлаштирилди. Хўш, баъзи  оилаларга эътиборсизликнинг сабаби нимада?

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони бўйича хотин-қизлар қўмитасининг йўл харитасида белгиланган вазифалар ижроси вилоят хотин-қизлар қўмитасининг бошқарув йиғилишида муҳокама этилди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган  йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова сўзга чиқиб, ўтган уч ой мобайнида амалга оширилган ишларни таҳлил қилди.

- Президентимиз Фармонидан сўнг қўмита иши тубдан такомиллашди, иш аниқ тизим асосида йўлга қўйилди, - дейди Гавҳар Алимова. – Илгари хотин-қизлар қўмитаси асосан турли тадбирлар ташкилотчилигидан ортиқ вазифани амалга оширолмасди, бугун хотин-қизларнинг қайси қисми билан кўпроқ ишлаши, аниқ манзилли ёрдам бериш бўйича режамиз бор. Шундай бўлишига қарамай, ушбу масалага етарлича эътибор қаратмаётган ҳудудлар ҳам бор. Ёки ишига юзаки ёндашиш ҳолатларини кузатамиз.

Хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини оширишда хотин-қизлар қўмитаси қошида жамоатчилик асосида ташкил этилган уюшмалар («Ҳуқуқшунос аёл», «Ижодкор аёл», «Илм-фан ва аёл») нинг фаолияти умуман сезилмаяпти.

Хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга мухтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 5303 нафар хотин-қизларга кўрсатиладиган ёрдам манзили йўл харитасида белгиланган. Аммо Булунғур туманида 26 нафар хотин-қизга ажратилиши лозим бўлган ногиронлик аравачаси билан фақат 2 нафари таъминланган холос. Қўшработ туманида боқувчисини йўқотган оналар ва тўлиқсиз оилада тарбияланаётган болалар ҳамда якка-ёлғиз кекса аёлларга биринчи чорак давомида ҳеч қандай ижтимоий-маънавий ёрдам кўрсатилмаган.

Вилоятда ишсиз хотин-қизлар 5699 нафарни ташкил этиб, шулардан 2538 нафари бандлик марказида ҳисобда турганлар, 3161 нафари уйма-уй юриш жараёнида аниқланган ишсиз аёллардир. Аммо Тойлоқ туманида 468 нафар ишсиз хотин-қиз рўйхатга олинган бўлса-да, жорий йил давомида бор-йўғи 15 нафари ишга жойлаштирилган. Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан кичик ишлаб чиқариш корхонаси Қўшработ, Нарпай, Самарқанд, Тойлоқ туманларида ташкил этилмаган.

Аёллар ўртасида жиноятчилик ва жиноятда иштирок этиш ўтган йилгига қараганда 34 тага камайган бўлса-да, айрим туманларда, хусусан,  Каттақўрғон шаҳар, Нарпай, Паст Дарғом, Пахтачи туманларида бу кўрсатгич кўпайган. Хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари Каттақўрғон шаҳар, Ургут, Булунғур, Нуробод, Пайариқ туманларида ошган. Туман, шаҳар “Оила” марказлари томонидан таҳлил олиб бориш ишлари ва оиладаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тавсиялар талаб даражасида бўлмаганлиги учун оилавий ажримлар сони айрим маҳаллаларда ошган.

Йиғилиш давомида шунингдек, оналар ва болалар саломатлиги, хотин-қизларга ажратилаётган кредитларни олишдаги тўсиқлар, хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари, “Қизларжон” клубларининг фаолияти, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда ҳамкор ташкилотларнинг эътиборсизлиги ҳам жиддий муҳокама этилди. Камчиликларни бартараф этиш, жойлардаги раҳбарларнинг масъулиятини ошириш, ишни самарали ташкил этишда эътибор қаратиладиган жиҳатлар белгилаб олинди. 

Гулруҳ МЎМИНОВА.