Хусусий клиникаларда хизмат кўрсатиш нархи қандай белгиланади?
Хусусий тиббий клиникалардаги нарх-наволар борасида аҳоли орасида турли фикр мавжуд. Асосий саволлардан бири - нега турли хусусий клиникаларда тиббий хизмат нархлари турлича? Дейлик, умумий қон таҳлили нархи бир клиникада арзонроқ бўлса, бошқа бир диагностик марказда у анча қиммат бўлиши мумкин. Бунинг сабаблари нимада?
Аввало, шуни айтиш лозимки, хусусий клиникалар хизмат нархларини Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 2 майдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига кўра белгилайди. Ушбу қонуннинг 8-моддасида тадбиркорлик субъектлари ўз товарлари, ишлари ва хизматларини бозор конюктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида белгилаши кўрсатилган.
Мазкур қонунга асосан, хусусий тиббий корхоналар хизмат нархларини мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга. Яъни, бунда хусусий клиника очган тадбиркор мавжуд биносига ёки ижара ҳақига тўланадиган маблағ, клиника жойлашган ҳудуд (марказ, туман, қишлоқ), хориждан келтираётган ускуналар нархи ва шу каби қатор омилларга қараб белгилайди.
Бугунги кунда вилоятда 700 га яқин хусусий клиникалар бўлиб, 2017 йилга нисбатан уларнинг сони 2 баробарга кўпайган.
Шунингдек, хусусий тиббиёт ташкилотларида 2017 йилда 50 турдаги ихтисослик бўйича хизмат кўрсатилган бўлса, 2023 йилда эса 126 турдаги ихтисослик бўйича тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Элдор МУҲАММАДИЕВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими.