Янги автобошбекатларнинг қурилиши қачон бошланади?

Кейинги йилларда Самарқандни 1 миллион аҳоли яшовчи шаҳарга айлантиришга бўлган ҳаракатлар жадаллик давом этмоқда. Шаҳар ва шаҳар атрофида кўп қаватли уйлар, хиёбон, истироҳат боғлари, таълим ва тиббиёт муассасалари бунёд этиляпти.

Бироқ, улкан шаҳарга кириб келаётган аҳолининг шаҳар кўчаларида эркин ҳаракатланиши, кўзлаган манзилига кўп вақт сарфламай етиб олиши учун жамоат транспорти хизмати сифатини ошириш лозим.

Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда вилоят ҳокимининг қарори асосида жамоат транспортида аҳолига хизмат кўрсатишни яхшилаш, йўналишлар тармоғини кенгайтириш, автобошбекатлар қуриш, замонавий автобуслар харид қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

- Самарқанд шаҳрининг Чўпонота ҳудудидаги Самарқанд халқаро автошоҳбекати йил охиригача ишга туширилиб, жамоат транспортларини қабул қилишни бошлайди, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бош мутахассиси Бунёд Қўшоқов. – Ургут ва Тойлоқ туманларига қатновчи транспорт воситалари ва йўловчилар учун Самарқанд туманининг Чумчуқли маҳалласи ҳудудида, Оқдарё, Пайариқ, Иштихон, Қўшработ туманлари учун Ўзбеккент маҳалласида ҳамда тумандаги Паррандачилик маҳалласи (Қарши айланма йўли) ҳудудида, Каттақўрғон, Нуробод туманларидан келувчилар учун Паст Дарғом туманида автобошбекат қурилиши режалаштирилган эди. Бироқ орадан икки йилдан зиёд вақт ўтаётган бўлса-да, бу борадаги ишлар бошлангани йўқ. Айримларида ҳалигача тендер савдолари ташкил этилмаган бўлса, баъзисида ижарага олинган ер майдонлари ўлчаб берилмаган.  

Самарқанд туманидаги Ўзбеккенти маҳалласида (Мотрид айланма йўли) автобошбекат, логистика маркази, супермаркет, муз саройи, мотель ҳамда болалар майдончаси ва бошқа объектлар учун 11 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, “Ургут авто центр” МЧЖ томонидан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш объектида 10 дан зиёд махсус техника ва 30 нафарга яқин қурувчилар меҳнат қилмоқда.

- Айни вақтда пойдевор ётқизиш ишларини олиб боряпмиз, - дейди қурилиш корхонаси раҳбари Журъат Исматов. – Бунёдкорлик ишларига 406 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бу борада Хитой ва Россия давлатларидаги инвесторлар билан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Жорий йил якунигача улар ажратган 17 миллион АҚШ доллари келиб тушади. Мажмуадан ташқари шу ҳудудда 17 та кўп қаватли уй-жой қурилади.

Чумчуқли маҳалласида автобошбекат учун ажратилган қарийб 2 гектар майдон "Interagro zo`r panel" МЧЖ томонидан ижарага олиниб, сентябрь ойида қурилиш ишлари бошланиши керак эди. Аммо турли баҳоналар билан ишлар ортга сурилмоқда.

- Жорий йилнинг июль ойида автобошбекат ва автотураргоҳ қуришга мўлжалланган ер майдони учун ўтказилган электрон аукционда ғолиб чиққан эдик, - дейди "Interagro zo`r panel" МЧЖ раҳбари Хуршид Аббосов. – Бироқ, шу пайтгача бу ерга эгалик қилиб келган корхона томонидан пайсалга солиб, бизга майдон ўлчаб берилгани йўқ. Агар ажратиб берилсагина қурилишни бошлаб юборамиз. 

Самарқанд туманидаги Паррандачилик маҳалласи (Қарши айланма йўли), “Оҳалик боғлари” МЧЖ ҳудудидаги ажратилган майдонда ҳам “Паррандачилик” автобошбекати қурилиши бошланган эмас.

- Вилоят ҳокимининг қарори билан туманимиз ҳудудида учта автобошбекат қурилиши кўзда тутилган эди, - дейди Самарқанд тумани ҳокимининг қурилиш ва уй-жой коммунал масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Талъат Ғайбуллаев. – “Universal proekt plus” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши томонидан маъқулланган. Ҳозирда тендер танловлари ўтказилиши билан ишлари бошлаб юборилади.

- Баъзи кунлари кўчага одам сиғмай кетади, - дейди Паррандачилик маҳалласида яшовчи Латиф Ҳамроев. - Йўловчилар чорраҳада туриб олиб такси тўхтатишади, бу ҳолат бошқа транспорт воситалари ҳаракатига халақит беряпти. Агар бу ерда автобошбекат қурилса, нафақат Нуробод тумани, балки Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Навоий вилоятларига ҳам автобуслар қатновини йўлга қўйиш мумкин.

Вилоят транспорт бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда турли йўналишдаги 50 дан зиёд автобус кириб ўтадиган “Хазора” автобошбекати ҳам бошқа ҳудудига кўчирилиши белгиланган. Мазкур ҳудудда аҳоли гавжумлиги ва йирик бозор жойлашганлигини эътиборга олиб, Самарқанд шаҳрининг Ватанпарвар маҳалласи ҳудудида қурилиши кўзда тутилган. Айни вақтда табиий газ, электр ва алоқа коммуникация тармоқларини кўчириш бўйича тегишли ташкилотлардан хулоса олиш масалалари ҳал этилмоқда. 

Бугун вилоятимиз жамоат транспортида катта ўзгаришлар бўлмоқда. Жумладан, хориждан 100га яқин электробус келтириляпти. Йўловчи ташишда брутто шартномасига амал қилинмоқда. Энг муҳими, одамлар автобусларда ҳаракатланишни маъқул кўрмоқда. Бу эса барча қулайликларга эга, замонавий автобошбекатлар зарурлигини кўрсатиб турибди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.