Япониялик ёзувчи ўз ҳикоясида Самарқандни "Дунёдаги воҳаларнинг энг яхшиси" дея таърифлади
Япониянинг иқтисодий мавзуларни ёритишга ихтисослашган етакчи босма нашрлардан бири - «Forbes Japan» журналининг 2023 йил апрель сонида Ўзбекистонга бағишланган мақолалар чоп этилди.
Ушбу журналда чоп этилган биринчи мақола таниқли актёр ва кинорежиссёр Такеши Китанонинг халқаро фаолияти ҳақида бўлиб, унинг "Ипак йўли дурдонаси" XIV Тошкент халқаро кинофестивалидаги иштироки ёритилган.
Нашрда таниқли япон режиссёрининг ушбу кинофестивалда иштироки маҳаллий ҳамжамият ва ёш киноижодкорлар томонидан катта қизиқиш кутиб олингани қайд этилган. "Тошкент кинофестивалида Такеши Китанонинг "Сонатина" фильми намойиш қилинди. Ушбу фильм фестивалнинг "Жаҳон кинематография ривожига қўшган алоҳида хизмати учун» махсус соврини билан тақдирланган", дейилади материалда.
Мақолада, шунингдек, ўзбек-япон алоқалари узоқ тарихга эга экани маълум қилинган. Хусусан, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Ўзбекистонга олиб келинган япон ҳарбий асирлари томонидан қурилган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри алоҳида ўрин тутиши қайд этилган.
Шунингдек, "Forbes Japan" журналида япониялик таниқли ёзувчи ва халқаро журналист Рюичи Тешиманинг "China Trigger" (“Хитой фактори”) романидан жой олган "Мовий макон" номли ҳикояси ҳам чоп этилди.
Эътиборлиси, "Мовий макон" ҳикояси муқовасида Самарқанддаги Шердор мадрасаси тасвирланган бўлиб, у Мис Ловренс номли қаҳрамоннинг кўҳна Самарқанд шаҳрига сафари хотираларидан иборат. Ҳикояда, Самарқанд "Дунёдаги воҳаларнинг энг машҳур дурдонаси" дея таърифланган. Шунингдек, унда Самарқанд шаҳрининг тарихи, Регистон, Бибихоним мажмуаси, Афросиёб тепаликлари, Мирзо Улуғбек расадхонаси каби қадимий обида ва масканлар, ўзбек миллий либослари, бозорлардаги ўзгача шукуҳ юксак маҳорат билан тасвирланган.
Эслатиб ўтамиз, "Forbes Japan" журнали 2014 йилда дунёнинг энг таниқли молиявий ва иқтисодий журналидан бири "Forbes"нинг Япониядаги таҳририяти сифатида ташкил этилган. Журнал ойига бир маротаба 80 минг нусхада чоп этилади.