“Яшил макон” мавсумий тадбир эмас, эзгу ташаббус бўлиши лозим
Президентимиз шу йилнинг 21 октябрь куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишда мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилиб, яшилликни 2030 йилгача 30 фоизга етказиш бўйича марра олинганини таъкидлади.
Жорий йил баҳорида 138 миллион туп кўчат экилгани, йил бошидан 10 минг гектардан зиёд “яшил белбоғ”, 257 та “вазирлик” ва “ҳокимлик” боғлари барпо қилингани қайд этилди.
Ўзбекистоннинг бу борадаги ишларини Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи, Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ижроия органи алоҳида эътироф этди.
Йиғилишда яшиллик даражасини ошириш бўйича ислоҳотларни кўп раҳбарлар тушуниб етмаётгани айтиб ўтилди. Баҳор мавсумида 28 та туман кўчат экишда режани бажармагани танқид қилинди. Иқлим шароитини ҳисобга олмасдан, сув йўқ жойларга дарахт экилгани учун минглаб туп кўчат кўкармаган.
Масалан, суғориш тизими йўқ жойга кўчат экилган. Ҳисоботга қўшиб ёзиш энг кўп Бухоро, Тошкент, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ва Тошкент шаҳрида қайд этилган.
"Яшил макон" нима учун бунчалар долзарб
Бир гектар майдондаги дарахт бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади.
Дарахтлар фақатгина кислород манбаи эмас. Дарахт ва буталар шовқинни ютиб, ҳаводаги чангни ҳам ушлаб қолади.
Шунингдек, дарахтлар атрофнинг санитария-гигиена ҳолатини яхшилайди, кучли шамолларни қайтаради, ўзидан зарарли микробларни ўлдирувчи фитонцидлар ишлаб чиқаради.
Бир дарахт турининг йўқолиши 30 турдаги ҳайвон турларининг йўқолиб кетишига сабабчи бўлади. Дарахтлар ерни эррозиядан сақлайди ва тупроқни мустаҳкам ушлайди. Уларнинг илдизлари сувни фильтрлаб, сифатини яхшилайди.
Шу ва бошқа жиҳатлардан кўчат экиш, яшил ҳудудларни кўпайтиришнинг аҳамияти беқиёс. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларида бир неча йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари олиб борилмоқда. Лекин кўчат экишни ҳисобот учун ўтказаётган масъуллар ва мораторийга ҳам қарамасдан дарахтларни кесиш ҳолатлари учраб турибди.
Тўрт йилда вилоятда 66 миллион туп кўчат экилган(ми?)
2021 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республикамиз бўйлаб 200 миллион туп кўчат экиш ва бу билан жойлардаги яшил ҳудудларни 8 фоиздан 30 фоизга етказиш ражалаштирилганди. Вилоятимизда ўша йилда лойиҳа доирасида 16 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилган. 2022 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимизда 16 миллион 388 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ҳар бир шаҳар ва туманда 84 гектар майдонда “Яшил боғ” барпо этилди. Яна “Ҳокимлик боғи”, “Янги Ўзбекистон боғи” “Яшил жамоат парклари” ҳам ташкил этилди.
Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофоза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Раббимов вилоятда кўкаламзорлаштириш ҳудудларида 50 километрдан зиёд суғориш тармоқлари қазилиши ва 30 та ер ости сув чиқариш қудуқлари қайта тикланишини билдирганди. Шунингдек, шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларига 6,95 миллиард сўм маблағ йўналтириб, республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кўкаламзорлаштириш ишларида фойдаланиладиган 8 та махсус техника харид қилинишини айтганди. Режа ижросига кўра, вилоятимиздаги 18 фоизли кўкаламзорлаштириш даражаси яқин орада 30 фоизга етказилиши режалаштирилган. Ҳисоботларда келтирилишича, ўтган йил баҳор ва куз фаслида 17 миллион туп кўчат экилган. Бу йилги режаларни ҳам қўшадиган бўлсак, вилоятимизда тўрт йилда 66 миллион тупдан ортиқ кўчат экилган. Лекин кўчат экиш кўзланган мақсаднинг бир қисминигина ташкил этади. Режага кўра, кўчатлар асосан фермер хўжаликлари, кластерларнинг дала четларидаги иҳота майдонлар, ободонлаштириш бошқармалари, ўрмон фонд ерлари, автомобиль ва темирйўл, дарё, канал, ариқ-зовур бўйлари, таълим, тиббиёт муассасалари тасарруфидаги бўш майдонларга экилмоқда. Энди ўйлаб кўрайлик, ҳар йили юқорида санаб ўтилган субъектларнинг шунча ортиқча ва бўш қолган майдони борми, агар бўш турган бўлса, ўзлари ердан унумли фойдаланмайдими, манфаатдор бўлмайдими?
Энди оддийгина ҳисоблаб кўрсак. Тўрт йилда биргина вилоятимиз бўйича 66 миллион тупдан ортиқ кўчат экилган. Масъулларнинг маълумотларидан келиб чиқадиган бўлсак, суғориш тизимида ҳам муаммо бўлмаслиги айтилган. Лекин асосан йўл бўйлари, дала четларига экилаётган 66 миллион туп кўчат қани?
Яна бир муҳим жиҳат. Вилоятда шу соҳага ихтисослашган бир нечта ташкилот, олимлар меҳнат қилади. Бир неча йил давомида улардан бирортаси қайси туманга қандай турдаги мевали ёки манзарали кўчат мос келиши тўғрисида маълумотлар бермади. Натижада бўш майдонга тўғри келган кўчат экилди, лекин барчаси бирдек кўкармади. Янгилик сифатида хориждан валюта ҳисобига келтирилаётган кўчатларнинг аксарияти иқлимга мос келмаганлиги учун қуриб қоляпти. Уларни маҳаллий шароитга мослаштириш борасида ҳам бирор маълумот топилмайди. Вилоятнинг туманларида иқлим шароити бир-биридан фарқ қилади. Бир ҳудудда лалми майдонга, бошқасида сувсизликка ва шамолга чидамли кўчатлар экиш лозим. Бизда бўлса барчасига бирдек шумтол, катальпа, лола дарахти, павловния, арча, қрим қарағайи, япон сафораси каби дарахт кўчатлари экилмоқда. Улар қаторида иқлим шароитимизга мос, кўп йиллар давомида яхши ўсадиган чинор, эман, каштан, заранг, тут каби дарахт ниҳоллари кўпроқ экиш фойдали эмасми?
“Журналистлар боғи” ҳам қоғозда қолди
Йил бошида вилоятимизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ижтимоий тармоқлар фаоллари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Журналистлар боғи” яратишдек хайрли ишни бошлаган эди. Бунинг учун Самарқанд тумани ҳокимлиги Оҳалик массивида 1 гектарга яқин ер майдони ажратганди ва янги шароитни инобатга олиб, туман ҳудудини кўкаламзорлаштириш ва янада ободонлаштириш учун барча имкониятлар ишга солинишини таъкидлаганди.
Ажратилган ер майдони тоғ этагида жойлашган ва тошлоқ бўлганлиги боис, бу ерга катальпа, шумтол (ясень) ва қайрағоч каби 500 тупга яқин манзарали дарахт кўчати экилди. Кўчатлар экиб бўлингач, журналистлар бу боғни суғориш қандай йўлга қўйилиши бўйича хавотир билдиришди. Бунга жавобан ҳокимлик мутасаддилари тез кунларда боғ яқинида қудуқ қазилиб, экилган кўчатларни томчилатиб суғориш тизими жорий этилишини айтганди.
Аммо амалда бундай бўлмади. Журналистлар туман ҳокимлиги ва экология бошқармаси кўмагида ёзда 5-6 марта кўчатларни кўчма сув етказиш машиналари орқали ва икки марта қўлда суғорди. Бироқ кўчатларнинг катта қисми суғориш тизими йўқлиги боис қуриб қолди.
Кўчат экиш боболардан мерос
Аслида кўчат экиш ота-боболаримиздан қолган анъана. Қайси уйда чақалоқ туғилса, яхши кун, тўй-томоша бўлса кўчат экилади. Янги туғилган чақалоқ шарафига экилган тераклар келажакда уй қуришга ишлатилса ёнғоқ ва тут дарахтлари меваси, соясида болалар ўйнаши ва асосийси, кўп миқдорда кислород чиқариши учун экилган. Боболаримиз кўчат экишда ерни 40-60 сантиметргача ковлаб, чуқурга бир-икки ҳовучдан арпа ва буғдой ташлаб кейин экишган. Чунки арпа ва буғдой таркибида фосфор бўлиб, у кўчатни томир отиб кўкариб кетишига ёрдам беради. Кейин кўчатни ниҳоллар уйқуга кетиш олдидан асосан куз фаслида ёки эрта баҳорда ниҳоллар уйғонмасдан туриб экишган. Чунки кузда экилган ниҳол қиш мавсумида ерга тез мослашиши, илдизнинг қулай ўрнашуви туфайли баҳорга бориб бир йил аввалги кўчатлар қаторига етиб олиб, тез ўсади. Шу боис, кузда экилган кўчатда сувсизликдан қуриб қолиш, томирларнинг шикастланиши каби муаммолар кам учрайди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг айнан 25 октябрдан 1 декабргача ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Чунки шу муддатдан бошлаб айрим турдаги дарахтлар уйқуга кетиш фазасига ўтади, декабрда ернинг юзаси музлаши эҳтимоли туфайли кўчат экиш самарасиз бўлади. Аммо айрим ҳудудларда тезкор ҳисобот учун барги яшнаб турган ниҳоллар ҳам кўчат экиш қоидаларига риоя қилинмасдан экилди. Бу эса кўчатнинг кўкариши аҳамиятсиз, экилиши муҳимлигини англатмаяптими?
Дарахтларни рўйхатини тузиш йиллар давомида тугамаяпти
Нафақат янги экилган кўчатлар, балки кўп йиллик дарахтлар, 100 ёшдан ошган ноёб дарахтлар ҳисоби юритилмаяпти. Соҳа масъуллари барча турдаги дарахтлар, айниқса 100 ёшдан ошган дарахтларнинг алоҳида рўйхати шакллантирилаётганлигини айтганига ҳам бир неча йил бўлса-да, ҳамон бу жараён тугалланган эмас.
Афсуски, бизда ҳамон дарахтлар, умуман, табиатга нисбатан эътибор ёмонлигича қолмоқда. Масалан, бирор жойда дарахт кесган қонунбузарнинг кесилган дарахт ўрнига 10 ёки 100 туп ниҳол экканини кўрмаймиз, фақат арзимас жарима солингани ҳақида хабар берилади. Бу ҳам аслида экологияга эътиборсизликнинг меваси ҳисобланади.
Баҳорда экилган деярли 100 минг туп кўчат қуриб қолган
Ҳафта аввалида вилоят ҳокимлигида ўтказилган муҳокамада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳор мавсумида кўчат экиш ишларида йўл қўйилган камчиликларни танқид қилди.
- Вилоят ҳудудида 2024 йил баҳор мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 11 миллион 619 минг туп кўчат экилиб, режа 114 фоизга бажарилган, - деди Э.Турдимов. - Лойиҳа доирасида баҳор мавсумида 96,4 минг туп кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган майдонларда экилган. Суғориш тизимининг ташкил этилмаганлиги ва парвариш ишлари амалга оширилмаганлиги сабабли экилган кўчатларнинг 200 мингдан зиёди қуриб қолган. Жумладан, Самарқанд ва Қўшработ туманларида 20 минг, Пайариқ ва Булунғур туманларида 19 минг, Ургут ва Нуробод туманларида 18 минг, Иштихон, Каттақўрғон ва Жомбой туманларида 15 минг туп кўчат кўкармаган. “Yashilmakon.eco” электрон платформасига кўрсаткичлар киритилишида эса кўзбўямачиликка йўл қўйилган.
Баҳор мавсумида вилоятда 50 минг туп, шундан, Иштихонда 39 минг, Пайариқда 3800, Қўшработда 3700, Нурободда 1500 туп кўчат платформага қўшиб ёзилган ҳамда кўрсаткичлар сунъий ошириб кўрсатилган.
Атроф-муҳитга таъсир хавфи юқори I-II тоифадаги корхоналар томонидан “Яшил белбоғ”лар барпо этиш ишлари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Режа Каттақўрғон туманида 69, Пахтачида 53, Булунғурда 27 фоизга бажарилган бўлса-да, Иштихон туманида мутлақо бажарилмаган.
Кўчат экиш ишлари жойида ўрганилганда аксарият кўчатлар фақат ҳисобот учун, номигагина экилганлиги ҳамда уларни парваришлаш тизими ташкил этилмаганлиги ойдинлашди. Жумладан, Пайариқ тумани Халқобод ва Томойрот маҳаллаларида ташкил этилган эркин иқтисодий зонага кириш қисмида туман фавқулодда вазиятлар бўлими ва 3-сон касб-ҳунар мактаби томонидан экилган минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари кўкармаган.
Нуробод тумани марказидаги 4Р-53 автомобиль йўли ёқасида туман ҳокимлиги ва туман ташкилотлари томонидан фақатгина ҳисоботларда акс эттириш учун номигагина экилган 5 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари кўкармаган, бундан ташқари кўчатлар экилган ҳудуд ёниб ҳам кетган.
Жомбой туманида тижорат банклари томонидан темир йўли ёқасида экилган 2 минг тупдан ортиқ терак кўчати ҳам фақат қоғозда акс этган, холос.
Ургут тумани Қуйи Камонгарон маҳалласида туман ҳокимлиги томонидан барпо қилинган “Ҳокимлик боғи” ва “Яшил жамоат парки”даги, шунингдек, Тинчлик ва Раҳматобод маҳаллалари ҳудудида ободонлаштириш бошқармаси томонидан экилган минг тупдан зиёд кўчатлар кўкармаган.
Тойлоқ тумани Ғўлба маҳалласи 0,25 гектар ер майдонда барпо қилинган “Ҳокимлик боғи”да аҳоли томонидан чорва моллари боқилганлиги сабабли кўчатлар пайҳон қилинган, Бирлик маҳалласида ободонлаштириш бошқармаси томонидан экилган 400 туп манзарали дарахтлар қуриб қолган.
Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўли ёқасида собиқ ЙПХ пост штаби рўпарасида вилоят солиқ бошқармаси томонидан экилган 500 туп арча кўчатлари номигагина экилганлиги ва парвариш қилинмаганлиги сабабли қуриб қолган.
Иштихон тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўли ёқасида “Самарқандйўлкўкалам” корхонаси томонидан экилган 200 туп манзарали дарахт кўчатлари, Шайхларкент маҳалласида экилган 100 туп мевали дарахт кўчатлари ҳам қуриб қолган.
Дарахтлар камайса экологик фалокат бўладими?
Дунёнинг аксарият давлатларида дарахтлар қонун билан ҳимояланган ва уларни асраш учун махсус ташкилот, жамғармалар ташкил этилган. Лекин бизда йилига нечта туп дарахт экилади, қанчаси парваришсиз қурийди, кесилган дарахтлар кўпроқ нимага ишлатилаётгани тўғрисида маълумотлар йўқ. Юқорида айтилган муаммоларнинг аксарияти билан юзлашяпмиз, бундан ҳам ёмон ҳолат юзага келмаслиги учун кўчат экишни кўпайтиришимиз ва парваришига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Кўчат экишни расмиятчиликдан анъанага айлантириб, келажак авлод учун ҳам ҳозирдан яшил қалқон яратиш бизнинг вазифамиз.
Ўктам Худойбердиев.