Йигирма биринчи аср - журналистлар асри

Инсон азалдан ахборотга ташна бўлиб яшаган. Ана шу ташналик тўлғоғи журналистика деб аталмиш ширин, тиниб-тинчимас, гоҳида болакайдек ўйноқи, гоҳида етук йигитдек меҳнаткаш, гоҳида эса сержаҳл кишилардек зарбаси қайнаб турадиган соҳани юзага келтирди.

Ўтган давр мобайнида журналистика не-не кўчаларга кириб чиқмади, дейсиз. Уни тор ва қоронғи йўлакларда ҳам судрашди, устига минг хил сиёсий либослар илдириб, бўйнига арқон солгандек қилиб, манфаатлар йўлида юришга ҳам мажбур қилишди. Аммо “Олтин зангламас”, деганларидек, журналистика барибир ўз асл қиёфасини – эли учун, халқи учун аниқ ва ҳалол ахборот узатишдек касбини йўқотмади. Дунё ҳамжамияти бир оғиздан йигирма биринчи асрни ахборот асри деб қабул қилди.

Бу қабул журналистика учун баҳоси йўқ шараф ва тан олишдир. Аммо шуни ҳам билишимиз керакки, ахборот асрининг залворли юки биз, журналистлар гарданини анчагина қийнаб қўйиши ҳам мумкин. Мен ишонаманки, билиб, кўриб туриб, шу оғир соҳани ўз ихтиёри билан танлаган, бугун дадил қалам тебратаётган ҳамкасбларим учун бу юкнинг оғирлиги унча билинмайди.

Бинобарин, шу юкни енгиллатиш, халқимиз томонидан билдирилган ишончни оқлаш учун кўрсатаётган ғайратларингиз сизларни ҳеч қачон тарк этмасин. Байрамимиз доимо ҳар йили дунё миқёсида тантана қилаверсин, халқаро айёмингиз муборак бўлсин, ҳамкасблар!

Сулаймон ҲУСАИНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.