Ёлғончи қоп

Бозор гавжум. Кекса деҳқоннинг сабзисига харидор бўлдим. Мушак сабзи. Нокдек ярақлаб турибди.

Мендан олдин келган шляпали харидор савдолашгунча пойлаб турдим. Шляпали сабзини қопи билан оладиган, деҳқон нархини туширадиган бўлди.

– Манави қоп неча кило чиқади? – деди харидор бўғзигача тўлдириб, устига сабзи барги солинган қопни кўрсатиб.

– Эллик кило, болам, – деди деҳқон.

– Ҳарқалай, тортиб кўрсакмикин? – деди харидор иккиланиброқ.

– Бемалол, болам, бемалол! – Деҳқон раста бошига имо қилди. – Ҳов, анави ерда катта тарози бор. Аравачи болани чақирсанг, қопи билан олиб борасан. Бирпасда тортиб кўрасан.

Шундай бўлди. Харидор қопни темир аравага орттириб олиб кетди. Бир оздан кейин бола аравани судраб келди. Кетидан харидор ҳам етиб келди.

– Ота, – деди киссасини ковлаб, – қопингиз қирқ беш кило чиқди.

Деҳқон гоҳ харидорга, гоҳ қопга ҳайрон бўлиб қаради. Чиндан ҳам қопнинг оғзи очилмаган, ҳатто сабзи барглари ҳам жойида эди. Тирноқлари қорайиб кетган бармоқлари билан соқол-мўйловини силади. Кейин сабзи тўла қопни беозор шапатилади.

– Нега менга туҳмат қиласан, ноинсоф қоп?! – деди бош чайқаб. – Оппоқ соқолим билан ёлғон гапираманми, эси паст қоп! Шунча йил меҳнат қилиб, бировнинг ҳақига хиёнат қилганимни кўрганмидинг, нобакор қоп! Эртаматтан ўз қўлим билан тортганимда эллик кило чиққандинг-ку, турган жойингда беш кило сабзини еб қўймагандирсан, ёлғончи қоп?!

...Пул санаётган шляпаликнинг ранги ўчди. Бир зум кўзини пирпиратиб турди-да, ўзини оломон орасига уриб, ғойиб бўлди.

– Болам, – деди деҳқон анграйиб қолган аравакашга, – сабзини жойига опқўяқол, барака топкур. “Қоп” шунча мулзам бўлгани етар. Энди минбаъд ёлғон гапирмайди!

...Деҳқоннинг тирноқлари қорайиб кетган қўлини маҳкам сиқиб қўйгим келди...

Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар”идан.