Ёпинчиқ остига яширилган “Gentra” топилди

Нарпай туманида қарздор кредит қарзини тўламаслик учун автомашинасини яширишга уринган. Бироқ Мажбурий ижро бюроси ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида у аниқланди.

Мажбурий ижро бюроси Нарпай тумани бўлими давлат ижрочилари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида фуқаро Х.Г. (аёл)дан ундирувчи “Hayot Bank” фойдасига 8,1 миллион сўм миқдоридаги кредит қарздорлигини ундириш белгилангани маълум бўлди. Ижро ҳужжатига асосан қарздорга тегишли “Chevrolet Gentra” русумли автотранспорт воситасига қидирув эълон қилинган.

Тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур автомашина қарздор томонидан бошқа маҳаллада яшовчи укасининг хонадонида ёпинчиқ тагига яшириб қўйилгани аниқланди.

Давлат ижрочилари томонидан автомашина белгиланган тартибда хатланди ва жарима майдончасига жойлаштирилди.

Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан қарздорликларни ундириш бўйича тизимли ва қатъий чоралар кўрилмоқда.