Ёрқин истиқбол бўсағасида

ЯЛАНМАГАН  ҚАЙМОҚ

Яқинда интернет орқали америкалик икки ёш йигит – Дастин Московиц ҳамда Эдуардо Савериннинг янги компьютер дастури яратиб, шу орқали бири 3,5, иккинчиси 2 миллиард доллардан зиёд пул ишлаб олганлиги ҳақидаги мақолани ўқиб, тўғриси, унчалик ҳайрон бўлмадим. Нега десангиз, айрим одамлар бу соҳада изланиб, миллионер-миллиардер бўлиб кетаётгани ҳақида кунда бўлмаса-да кун ора ўқиб, эшитиб турибмиз. Замонавий янги технологиялар яратиб бойиб кетган Билл Гейтс, Марк Цукерберг ва Илон Маск сингари билимдон ёш ихтирочиларни буларга мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Мени бошқа нарса ўйлантиради. Маълум бўлишича, мамлакатимизнинг асосий қишлоқ хўжалик экини – пахтадан олинган энг юқори йиллик даромад икки миллиард АҚШ долларига етмас экан. Ана энди ўйлаб кўринг: миллионлаб деҳқонлар, фермерлар, механизаторлар, сувчилар, теримчилар, ҳатто, ўқитувчилар, журналистлар, медиклар, ички ишлар ходимлари, ҳарбийлар, давлат хизматчилари... қўйингки, Ўзбекистонда эрта баҳордан то кеч кузгача “ҳамма пахтакор” бўлган бир ҳолатда, икки компьютерчи  йигитнинг ақлий қуввати самараси бутун бошли бир мамлакат қишлоқ хўжалиги даромадидан қарийб уч баравар устунлик қилса-я?! Мана сизга билимнинг кучи – қудрати!

Шу ўринда, пахтадан юз хил маҳсулот олиниши, унинг миллий бойлигимиз ва умуман, пахта ҳам ошимиз, ҳам нонимиз эканлигини айтиб, менга эътироз билдираётганингизни сезиб турибман. Тўғри, пахтанинг бебаҳо маҳсулот эканлигини, “оқ олтинни олтин қўллар яратишини” яхши биламан. Чунки ўзим ҳам гарчанд пахта экилмайдиган туманда яшасам-да, 14 ёшимдан 60 ёшимгача теримда узлуксиз қатнашганман.  Бироқ, мен энди эътиборингизни “олтин қўллар”дан ҳам қимматлироқ бойлигимиз – “олтин миялар”га қаратмоқчиман. Чунки улар худди Қизилқум тиллалари олис чўллардаги қумлар бағрида яшириниб ётганидек, бефарқлик ва лоқайдлигимиз оқибатида аллақайси узоқ қишлоқлар, шаҳарларнинг катта-кичик кўчаларида кашшофларини кутиб ётибди. Аммо уларни ким рўёбга чиқаради?      

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов “Kun.uz” интернет нашри мухбири саволларига жавоб берар экан, иқтидорли болалар ҳеч қандай имтиёзга муҳтож эмаслиги, ҳаётда улар эртами-кечми ўз муносиб ўринларини топишларини ҳаётий мисоллар билан исботлаб берди. Энг муҳими, ўшандай  ўқувчи ёшларга замонавий чуқур билим беришда эканлиги алоҳида таъкидланди. Бироқ, мактабларимиз ёшларимизга замон талаби даражасида таълим бера оляптими? Агар таълим бера олаётган бўлса, нега фарзандларимиз мактаб бу ёқда қолиб, репититорга чопаяпти? Саволлар кўп – жавоб кам. Мамлакатимиз мустақилликка эришган йиллар мобайнида биз, шубҳасиз, сезиларли ютуқларга эришдик. Бу аввало таълим муассасаларимиз моддий-техника базасининг мустаҳкамланишида яққол кўринди. Афсуски, мактабдаги асосий ҳал қилувчи куч – муаллим-устозлар ҳамда ўқувчи-шогирдлар жонсиз моддий бойликлар, қоғозбозлик ва буйруқбозлик соясида қолиб кетишди. Мустақилликнинг ўша дастлабки йилларида таълим тизимини ривожлантиришнинг муқобил йўллари, албатта бўлган.

Мустақил Ўзбекистоннинг энг биринчи қабул қилган давлат ҳужжатларидан бири “Таълим тўғрисида”ги Қонун бўлганлиги билан ҳозиргача ҳақли равишда фахрланамиз. Ўшанда бизни қонун лойиҳасига нисбатан таклифлар билан чиқишга даъват этишганди. Ҳозиржавоблик билан марказий нашрларга хат йўлладик. Таклифларимиз “Фикрларингиз қаймоғи” деган сарлавҳа остида чоп ҳам этилди. Афсуски, биз йўллаган номаларимиздаги “қаймоқлар” қонуннинг бирорта моддасида акс этмади. Шунда ўйлаб қоласан киши, таклифлар инобатга олинмайдиган бўлса, кераксиз муҳокамаларни уюштириш шартми?

Янги вазир халқ таълимидаги ислоҳотлар оппоқ қоғоздагидек янгидан бошланаётгани ва бунга  аҳолининг барча қатламлари, мактаблар раҳбарлари, жамоатчилик кенгашлари кенг жалб этилаётганлигини таъкидлади. Муҳокамаларга кўпчиликнинг жалб этилгани яхши. Бироқ, таълим соҳасидаги муаммолар ечимини оддий аҳоли эмас, балки шу тизимнинг ичида юрган зиёлиларгина кўрсатиб бера олишларига имоним комил. Зеро, мақсадга эришувнинг минглаб йўллари бўлиши мумкин, аммо улардан фақат биттасигина тўғри ва энг қисқа йўл бўлади. Қолганлари эса қачонлардир манзилга олиб борар, бироқ унгача кўп нарса, энг ёмони – вақт бой берилган бўлади. Бунга йигирма етти йиллик тарихимиз ёрқин мисол.

     

ЭЗГУЛИКНИНГ  КЕЧИ  ЙЎҚ

Хўш, шунча нарсани ёзиб ташладингиз, таклифлар борми, дейишингиз мумкин. Албатта бор! Халқ таълимини такомиллаштириш ҳақидаги фикрларни аввал ҳам турли нашрларда чоп этилган ўнлаб мақолаларда қайта-қайта ёритганман. Малака ошириш курсларида бўлганимда, таклифларимни вазирлик ходимларига ҳам тақдим этган эдим. Бироқ, ҳадеб тиғингиз тошга тегаверганидан кейин таклифга ҳам тил айланмас экан. Шу маънода, ушбу битикларимни бу борадаги яна битта уриниш дея қабул қилишларини истардим.

Халқ таълими вазири Япония эришган ютуқлар ҳақида гапириб,  у ерда ўқитувчиларга императордек ҳурмат кўрсатилгани, дипломатлардек дахлсиз этиб қўйилгани ва вазирлар сингари ойлик берилганини айтди. Шу маънода, бизда ҳам ўқитувчига бўлган эътибор тубдан яхшиланиши лозимлигини таъкидлади. Бунинг амалий ижросини ҳозирданоқ сезиб турибмиз. Масалан, бу йил меҳнат таътилида ўқитувчиларни бирор жойга ҳашарга чақиришмади. Пахтага ҳам чиқаришмайди дейишмоқда. Ойлик маошларни ҳам сезиларли даражада оширишди ва келгусида яна кўпайтирмоқчилар. Шубҳасиз, буларнинг барчаси педагогларимизга қаратилаётган эътиборнинг нишонасидир. Бироқ, вазиримиз тўхталиб ўтган учинчи масала сал нозикроқ. Ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўсини кўтаришнинг энг таъсирчан чораси, шубҳасиз, уларнинг ойлик маошларини фоизига эмас, мартасига кўпайтиришдир. Албатта, ойликларни оммавий равишда жудаям юқори кўтаришнинг иложи йўқ. Буни биз ҳам тушуниб, билиб турибмиз. Чунки, қарийб ярим миллионлик жамоанинг маошини бирданига кескин кўпайтиришга давлат бюджетининг қуввати етмайди. Бундаги энг мақбул йўл – биринчи навбатда, яхши ишлаётган педагогларни рағбатлантириш зарур. Айтайлик, республикамиз мактабларидаги ўқитувчиларининг кичик бир қисми олий тоифали педагоглар ҳисобланади. Келажакда уларнинг маошини бемалол икки-уч бараварга кўтариш мумкин. Биринчи тоифалиларникини эллик, иккинчиларникини эса ўттиз ёки имкониятга қараб кўпроқ фоизга оширилса яна-да мақсадга мувофиқ бўларди. Мутахассис тоифадаги педагоглар ҳақида бир нима дея олмайман, буни мақолани ўқиш давомида ўзингиз англаб оларсиз... Бу билан биринчидан, адолат қарор топган ва иккинчидан, педагог ходимлар орасида соғлом рақобат муҳити вужудга келган бўларди.   

Гап рақобат ҳақида кетар экан, шуниси аниқки, ҳаммани бирдек саводли қилиш мумкиндир, лекин ҳаммани бирдек билимли қилиб бўлмайди. Шу маънода, мактабларнинг барчасини тароқнинг тишидек текис қилиб қўйиш ҳам тўғри эмас. Улар орасида, албатта, ўқувчиларга чуқур билим берадиган намунали элита мактаблари бўлиши лозим. Масалан, беш-ўнта мактаб ўртасидаги битта мактаб намунали бўлиши шарт.

Бу нима учун керак? Маълумки, ҳозирги пайтда салоҳиятли педагог кадрларимиз мактабларимиз ўртасида сочилиб кетган. Улар ўртамиёна муҳитга тушиб қолгач, йиллар давомида ўзлари ҳам ўтмаслашиб, шароитга мослашиб қолишади. Иқтидорли-истеъдодли ўқувчилар ҳам худди шундай “ўрта” мактабларда ўртамиёна даражага тушади. Бас, шундай экан уларнинг ҳар иккалаларини алоҳида мактабларда бир-бири билан юзлаштириш керак. Ана шунда моҳир педагоглар таҳсилини олган иқтидорли болалар қанақа натижа кўрсатишини томоша қиласиз. Ушбу мактабларда, иложи борича, олий тоифали муаллимлар ўқитиши ва аълочи болалар ўқиши керак. Яна иложи бўлса, ён-атрофдаги мактаб директорлари жамғармасидаги устама иш ҳақи ва мукофот пулларини ҳам шу хилдаги таълим муассасаларига бериш керак. Бунинг энг мақбул томони шундаки, академик лицей ҳамда репититорга қатнашга шароити бўлмаган ёшлар ана шунақа мактабларда сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлишади. Бир сўз билан айтганда, бирорта ҳам иқтидорли бола эътибордан четда қолмайди. Бундай қойилмақом мактабларда ишлаш истаги эса оддий мактаблардаги ҳар битта мутахассис ўқитувчини ўз устида ишлаб,  малака тоифасини ошириб боришга ундайди. Намунали мактаблар оддий мактаблар учун локомотив вазифасини ҳам бажариши мумкин. Чунки, кейинги йилларда кадрлар ўчоғи ҳисобланмиш мактабларимизнинг ўзида кадрлар тақчиллиги юзага келмоқда. Бу ҳолат, айниқса, қишлоқларимизда яққол сезилмоқда. Аслида, бу педагоглик касбининг мавқеи тушиб кетаяпти дегани эмас. Ўқитувчилик касбини орзу қилиб юрган ёшларимиз сон мингта. Бундаги асосий мушкуллик  –  қишлоқдаги ёшларимиз олий ўқув юртларининг қабул имтиҳони талаблари даражасида билим тўплай олмаяпти. Ўз кучига ишонмаган битирувчи тест синовларига умуман яқинлашмаяпти. Ахир, уриниб беҳуда овора бўлишни ким ҳам истайди дейсиз. Шу маънода, юқоридаги айтганимиз – намунали мактабларнинг ташкил этилиши муаллим бўлишга чоғланган билимга ташна  қишлоқ ёшлари учун ҳам катта имконият эшикларини очар эди деб ўйлайман. Мамлакатни кадрлар билан таъминлаш вазифаси юкланган таълим муассасаларининг ўзи кадрга ёлчимай ётиши мутлақо тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолатдир.

 

ДАРДИНИ ЯШИРСАНГ...

Бундай олиб қараганда, Ўзбекистондаги халқ таълим тизими дунё бўйича ғоят ноёб ва балки, бетакрор ҳисобланади. Ҳақиқатан ҳам, жаҳоннинг  бошқа яна бирор мамлакатида 11 йиллик, оммавий, бепул, мажбурий, давлат томонидан сифати тўлиқ кафолатланадиган таълим борлигини, масалан, мен билмайман. Қайсидир бир жойда 11 йиллик эмас камроқ, яна қаердадир 11 йиллик, бироқ пуллик, бошқа бир мамлакатда эса фақат бошланғич таълим бепул ва мажбурий, кейингиси ихтиёрий ёки пуллик... Хуллас ҳар бир жойда ўзига хос ва ўзига мос шаклда. Ҳатто, Америкадек қудратли давлатда ҳам болаларнинг бир қисми мактабга тортилмай, саводсиз ҳолда қолиб кетар экан. Жанубий Кореядек бой мамлакатда эса таълим муассасалариниг ярмидан кўпи хусусий, яъни, пуллик асосда фаолият юритади. Халқ таълими вазири хусусий таълим муссасаларининг кўпая бориши давлат таълим тизимига ҳам ижобий таъсир кўрсатишини жонли мисоллар билан далиллаб берди. Масалан, ўша Жанубий Корея мисолида оладиган бўлсак, кўплаб таълим муассасалари хусусий бўлишига қарамасдан, талабаларнинг интеллектуал савияси жуда юқори. Тўғри, бизда ҳам халқаро олимпиадаларда ғолиб бўладиган иқтидорли-истеъдодли ёшларимиз бор. Аммо уларнинг кўпчилигида билим даражаси ҳаминқадар эканлиги ҳам катта сир эмас.

 Яқинда мактаб директорларидан бири бўш турган она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси вазифасига иккита олий маълумотли ёш номзод келганлиги, улар билан суҳбатлашиб, битта яхшироғини танлаб беришимни сўради. Суҳбат асносида шуниси маълум бўлдики, шўрликлар от – сўз туркумидан олмошни фарқлай билмадилар. Гап бўлаклари ҳақида тузукроқ тушунчалари йўқ. Мен суҳбатни узоқ чўзиб ўтирмадим. Шундоқ ҳам уларнинг билим савияси аниқ кўриниб қолди: иккаласи ҳам бир-биридан баттар.  Мактаб ўқувчиси билиши лозим бўлган оддий  мавзулардан дипломли мутахассислар бехабарлиги айрим олий таълим муассасалари қанақа ботқоққа ботиб қолганини яққол кўрсатиб қўйди.  Мен бу ўринда мактабни ҳам, ўша ёш муаллимларни ҳам ҳозир номларини келтириб мулзам қилмоқчи эмасман. Фақат шунисини айтишим мумкинки, улар битирган билим даргоҳлари республика олий таълим муассасалари рейтинги рўйхатида “фахрий” охирги ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Бунда балки, юқорида айтилган она тили ва адабиёт ўқитувчиларининг айби бўлмаслиги ҳам мумкин. Шу маънода, олий ўқув юрти ўқитувчиларининг билим даражаси ҳам бирров синовдан ўтказиб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди?!

Хизмат вазифаси юзасидан мен инглиз тилида гугурт нима дейилишини билмаган хорижий тил ўқитувчиси, коптокнинг ҳажмини аниқлашнинг уддасидан чиқа олмаган математика муаллими, Қуёшда қанақа кимёвий элементлар мавжудлигини билмайдиган химик, транзисторни радио деб ўйлайдиган физик, фасллар алмашинуви сабабининг фаҳмига етолмаган табиатшунос, океанлар суви нима учун шўрлигини тушунтириб бера олмаган географ, таржимаи ҳолини ўзи ўқитадиган рус тилида ёзишни эплолмаган ношуд “домла”ларга аввал ҳам дуч келганим боис тил билмайдиган “тилчилар”нинг уқувсизлигидан унчалик ҳам ҳайрон бўлмадим. Таажжубланарлиси шундаки, уларнинг ҳаммасида олий маълумоти тўғрисида гувоҳнома (диплом дейишга тилим бормайди) бор.

Менинг бу гапларни ёзишдан мақсадим кимнидир чақиб-чандиб олиш эмас. Халқимизда “Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, деган нақл бор. Ҳар гал Тошкентга борганимда, невараларимнинг кундаликларидаги “4-5” баҳоларини кўриб  роса хурсанд бўламан. Яқинда улар ёзги таътилда  қишлоққа келишди. Бир куни еттинчи синфда ўқийдиган катта неварамдан кўйлагимни дазмоллаб беришини сўрадим. Неварам мендан дазмолнинг созлагичини мослаб беришимни илтимос қилди. Мен “Созлагичидаги ёзувга қараб, ўзинг мослаштириб ола қол”, дедим. Минг афсуски, у дазмолдаги инглизча битилган  “ипак”, “пахта”, “жун” сўзларини ўзбек тилига таржима қилолмас экан. Мен шунда кимдан хафа бўлишимни билмай қолдим – неварамданми, онасиданми ёки ўқитувчисиданми?! Ҳар ҳолда, неварам мендан қаттиқ дакки эшитди. Балки, шу куни уни ноўрин уришгандирман...   

         Ўрни келганида шуни қайд этиб ўтмоқчиманки, биз юқорида тилга олиб ўтганимиз – Япониядаги бошланғич таълим муассасаларида кичкинтойларга туфличасининг ипини бойлашдан тортиб, тугма қадашгача бўлган 500 хил турли майда-чуйда юмушлар ўргатилар экан. Жумладан, дазмол босиш ҳам.

 

МИНГ  БОЛАГА  БИР  КИТОБ

Мактабларимиздаги дарсликлар таъминоти тартиби қайтадан кўриб чиқилиши ҳам ғоят долзарб вазифа. Нега десангиз, ўқув қўлланмалари билан таъминлашнинг ҳозирги тизими мутлақо яроқсиз ва тежамсиз. Айтайлик, ҳар икки-тўрт йилда дарсликларни алмаштириш жудаям шарт эмас. Сифатли оппоқ қоғоздан тайёрланган китоблар тўрт йил эмас, балки кўп-кўп йиллар хизмат қилиши мумкин. Бунда фақат битта шарт бор: дарсликнинг мазмуни ҳам сифатли бўлиши лозим. Дарсликлар билан таъминлашнинг ҳозирги амалдаги шакли кўпроқ ноширлар ва макулатурачиларнинг манфаатларига мос тушади, холос. Бир сўз билан айтганда, кўп эзгу ишларга сарф этилиши лозим бўлган тонна-тонналаб қимматбаҳо қоғоз очофат макулатурачиларнинг тегирмонига тушмоқда.

Баъзан ўйлаб қоламан, бевақт “жувонмарг” қилинаётган дарсликлар ўрнида қанчадан-қанча фойдали қўлланмалар, бадиий китоблар чоп этиш мумкин бўларди. Болаларнинг китоб ўқимаётганлигидан нолиймиз. Аслида, уларниа ўқишлари учун етарли китоблар билан таъминлай олмаяпмиз. Мамлакатимиз аҳолисининг тенг ярми – ёшлардан иборат эканлигини эътиборга олсак, демак, китоб дўконларининг, кутубхоналарнинг тенг ярмиси уларга мўлжалланган китоблар билан тўлиб туриши, адибларимизнинг ҳам тенг ярми ёшлар учун ижод қиладиган ёзувчи, шоир ва драматурглар бўлмоғи лозим эмасми?! Афсуски, китоб дўконларига кирсангиз бунинг тамоман тескарисига гувоҳ бўласиз. Катталар учун мўлжалланган китоблар тиқилиб ётибди. Болалар ва ўсмирларга мўлжалланганлари эса бармоқ билан санарли даражада. Бунга  оддий бир арифметик мисол келтирайлик: ҳозир болалар учун нашр қилинаётган китоблар кўпи билан ўн минг нусхада чоп этилмоқда. Мамлакатимизда ҳам қарийб шунча мактаб борлигини эътиборга олсак, ҳар бир мактабга бир донадан китоб тўғри келади. Мактабда ўртача тахминан мингта бола ўқийди деб ҳисобласак, минг болага бир китоб бўлиб чиқади. Ҳолбуки, болаларга мўлжалланган бадиий китобларнинг аксарияти беш минг, уч минг,  минг, ҳатто, 500 нусхадангина босиб чиқарилмоқда. Бу китоблар мактаблар бўйича тақсимланганда, ҳар бир ўқувчига қанчадан тегишини ҳисоблаш ўзингизга ҳавола. Мен китоб дўконлари пештахталарини Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Турғунбой Ғойипов, Носир Фозилов, Ҳамид Олимжон, Қуддус Муҳаммадий, Зафар Диёр, Қудрат Ҳикмат, Илёс Муслим. Пўлат Мўмин, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон, Рустам Назар, Ҳамза Имонбердиев, Абдураҳмон Акбар сингари устоз адибларимизнинг ва ҳозирги пайтда ҳам баракали ижод қилишда давом этиб келаётган Худойберди Тўхтабоев, Миразиз Аъзам, Ҳабиб Раҳмат, Одил Абдураҳмон, Вали Аҳмаджон, Ҳамидулла Муродов, Маъмур Қаҳҳор, Қўзи Исмоил, Кавсар Турдиева, Нурилло Остон, Содиқжон Иноятов, Дилшод Ражабов, Зафар Исомиддинов, Неъмат Душаев, Эрпўлат Бахт, Ориф Тўхташ ва Азамат Худойберганов каби шоир ва ёзувчиларнинг болаларга атаб ёзган китоблари тўлдириб туришини беҳад орзу қиламан. Бир адабиётшунос олимимиз газетада чиқиш қилиб, болалар учун ижод қиладиган қаламкашларимиз кам эканлигидан шикоят қилди. Аслида, болалар учун ёзадиган ижодкорлар кўп, фақат, уларга эътибор камроқ, десак тўғрироқ бўларди. Жаҳон мумтоз болалар адабиётидан таржима қилинган китоблар ҳам тез-тез чоп этиб турилса, бу борадаги бўшлиқ яна-да тўлдирилган бўларди.

 Болалар даврий нашрларини олиб кўрадиган бўлсак, аҳвол бундан-да аянчли эканлигига гувоҳ бўламиз. Кичкинтойларимизнинг энг севимли журнали “Ғунча” 120 минг нусхада чоп этилади. Республикамизда 6 – 11 ёшли болаларнинг сони тахминан икки миллиондан зиёд. Икки миллионни 120 мингга тақсимласак, 17 кичкинтойга биттагина журнал тегар экан. “Тонг юлдузи” газетаси 55 минг нусха атрофида босилади. 12 – 16 ёшли ўқувчиларимизнинг сони ҳам тахминан икки миллиондан ортиқ. Демак, бу газета 36 ўқувчига бир донадан тўғри келади. “Гулхан” журнали 2017 йилда 43 минг нусхада чоп этилган. Ушбу журналимиз ҳар 46 ўқувчига бир нусхадан тарқатилган. Бу эса туяни чўмич билан суғоргандек бир гап эмасми?! Ҳолбуки, ушбу нашрларнинг обунаси унчалик қиммат эмас. Ҳайрон қолдирадиган жойи шундаки, обрўли ва хусусий газета ва журналлардан фарқли ўлароқ,  юқорида номлари келтирилган ўқувчи-ёшларнинг республика даврий нашрлари мактабларнинг обуна режасига киритилмаган. Болаларимизни фан-техника янгиликларидан хабардор қилиб турувчи айрим нашрларнинг бор-йўқлигини эса билиб ҳам бўлмайди. Бир вақтлар биз – юқори синф ўқувчилари “Фан ва турмуш” журналига обуна бўлиб, севиб мутолаа қилардик. Ҳозир ёшларимизнинг кўпчилиги шундай журнал борлигини билмаса ҳам кераг-ов. Баъзан, болаларимизнинг билимсизлигидан, дунёқараши торлигидан, фикран ялқовлигидан нолиймиз. Уларнинг шундай аҳволга тушишига, балки, биз катталар – ўзимиз сабабчи бўлаётгандирмиз?!

Тўғри, бозор иқтисодиёти, бизнес, ишбилармонлик деймиз, бироқ жамиятдаги сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни  чуқур билим, юксак маънавиятсиз ёввойи усулда амалга ошириб бўлмаслигини жаҳон мамлакатлари тажрибаси яққол кўрсатиб бермоқда.

 

                                                    СЎНГГИ  СЎЗ

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангандан кейин, мустақил мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримов томонидан бошлаб берилган ислоҳотларини узлуксиз давом эттириб, халқ таълими тизимидаги муаммоларни бартараф қилиш йўлида тинимсиз изланмоқда. Таълим тизимининг мукаммаллиги – фарзандларимизнинг камоли билан бевосита боғлиқ эканлигини юртбошимиз ҳам чуқур англаб тургани бизнинг кўнглимизни тўқ қилмоқда. Айни пайтда мактабларимизда 6 миллиондан зиёд бола таълим олмоқда экан. Шу қоракўзлар юртимизнинг эртаси, истиқболимизнинг эгаларидирлар. Улар ҳар жиҳатдан билимли, етук бўлсаларгина биз орзуимиздаги буюк келажакка эришамиз. Айнан шу мақсад йўлида таълим тизими инфраструктураси замон талабларига мувофиқ тубдан ўзгартирилмоқда, баъзи ўринларда бутунлай янгиланмоқда. Бир сўз билан айтганда, Халқ таълими вазирлиги  Ўзбекистонда энг муҳим вазирликка айланмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барча соҳаларда бўлганидек, халқ таълими тизимидаги муаммолар йиллар давомида йиғилиб қолган. Энди уларнинг ҳал қилиниши ҳам кўп йиллик машаққатли меҳнатни талаб қилади. Шу маънода, вазир Шерзод Шерматов қайд этиб ўтганидек, ҳаммамиз меники-сеники демасдан, бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз лозим. Янги ўқув йили бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу давр ичида педагог ходимлар давр талабини чуқур ҳис қилиб, ўз вазифаларига янги назар билан ёндашмоқлари лозим. Ҳар биримиз ўз зиммамизга юкланган вазифани виждонан бажариб, болаларимизнинг юксак маънавиятли, чуқур билимли, кенг фикрли, гўзал одобли бўлиб камолга етишлари учун бор маҳоратимизни ишга солиб ҳаракат қилсак, истиқболимиз яна-да порлоқ бўлиб бораверади.

                                                                                Худойберди КОМИЛОВ,

                                                      Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.