Ёшларга “балиқ тутиш”ни ўргатишга тайёрмиз. Фақат...

Кўпдан буён ўйлаб юрган ғояларимнинг қанчалик тўғри эканлигига кеча яна бир бор амин бўлдим.

Қандай ғоя экан, дейсизми? Ғоям, таклифим шундан иборатки, Ургутда, шунингдек, вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ёшларни касбга йўналтирадиган, жумладан, тикувчиликни ўргатадиган марказлар ташкил этиш зарур.

Тўғри, касб-ҳунарга ўқитиш мактабларида, коллежларда буни ўрганиш мумкин. Лекин мен хориждан мутахассис таклиф этиб, ёшларга замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш кўникмасини ҳосил қилиш керак, деган фикрдаман.

Ўзим Туркиядан замонавий ускуналар келтириб, эркаклар кўйлаклари ишлаб чиқаришни бошлаганимда, мутахассис, яхши тикувчиларни топишда қийналганман. Туркиядан келган ҳамкорим бир нечта ёшларга бу технологиялардан фойдаланишни ўргатди. Аммо у узоқ вақт қолиб, ҳунар ўргатолмади.

Агар биз хориждан ана шундай мутахассисларни жалб қилиб, касбга йўналтириш марказлари ташкил қилсак, бу тадбиркорлар учун ҳам, ёшлар учун ҳам катта имконият бўлади.

Кеча халқ депутатлари вилоят кенгашининг тўртинчи сессиясида вилоятимиз ҳокими Э.Турдимов, кечқурун эса видеоселектор йиғилишида Президентимиз аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни камайтириш учун ишсиз кишиларни касб-ҳунарга ўқитиш кераклигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари “одамга балиқ бериш керак эмас, балиқ тутишни ўргатиш керак” деб айтдилар.

Биз ишсиз ёшларга “балиқ тутишни ўргатиш”га тайёрмиз. Бунинг учун корхонамиздан жой ҳам ажратиб берамиз. Фақат хориждан мутахассис жалб этишга амалий ёрдам кўрсатилса, бас.

Мажидхон ИСЛОМОВ,

“Ургут саноат сервис” оилавий корхонаси раҳбари.