@Zarafshonbot га мурожаат: "Йўлимизни кенгайтириб берадиган мард борми?"

Қўшработ тумани “Пичот” маҳалласи, Балиқчиота қишлоғида яшовчи Соҳиб Усанов ва Бобур Эшмуҳаммедов таҳририятга мурожаат қилмоқда.
"Биз яшайдиган Балиқчиота қишлоғида 20 га яқин хонадон фойдаланадиган 450 метр чамасидаги йўл бўлиб, кейинги пайтда бу йўлдан аҳоли фойдаланиши қийин бўлиб қолди. Сабаби, йўл чеккасида жойлашган айрим томорқаларга қўйилган ёғоч қозиқлар ва сим тўсиқлар йўлга шу қадар тақаб қўйилганки, ҳатто битта енгил машина ҳам сиғмайди.
Унинг эгаларига айтиб ҳам, маҳалла раисига бу ҳақда билдириб ҳам муаммони ҳал этолмадик. Чунки эҳтиёж бўлиб қолганда юк машиналарида, трактор тележкаларида ташиладиган юкларни бу йўлдан умуман ўтказишнинг иложи бўлмайди.
Ноилож, мана шу ўзбошимчалик билан тўсиб қўйилган йўлимизни очиб беришларини сўраб, туман ва вилоят ташкилотлари раҳбарларига бир неча бор мурожаат қилдик. Аммо ҳамон муаммо муаммолигича қоляпти.
Расмийларга арзимас бўлиб кўринаётган, аммо бизга катта муаммо бўлган бу масалани тегишли соҳа раҳбари ҳал қилиб бериши керак. Масъул одам, масалан, сектор раҳбари қишлоғимизга келса, масала тезда жойида ҳал бўлади. Аммо бу амалда бўлмаяпти.