Zarnews.uz‘га жавоб берадилар: Рудакий кўчасида қувур тортиш ишлари шу ой охиригача якунланади
Аслида ушбу мақолани ёзишдан мақсад Самарқанддаги узоқ йилдан бери бир неча марта кавланиб, яна шунча марта ямалаётган Рудакий кўчасидаги ҳолатни жамоатчиликка кўрсатиш эди. Қолаверса, айни пайтда ҳам ушбу кўчада қандай ишлар бажарилаётгани ҳақида ҳавола орқали ўқувчини огоҳлантириб қўйгандик. Ниятимиз, ушбу қувур тортиш ва уни доимий равишда тузатиш ишлари ҳеч бўлмаганда яқин беш йилларга қадар шу билан тугар, деган илинж эди. Аммо шундай бўлса-да, “149-механизациялашган колонна” МЧЖ мақолага нисбатан муносабат билдирибди.
“Zarnews.uz сайтида Рудакий кўчасидаги ҳолат юзасидан берилган “Рудакий кўчаси: кеча ва бугун” номли мақола бўйича шуни маълум қиламизки, ҳақиқатан ҳам кўчанинг Бўстансарой кўчаси билан кесишмасида ер ости ўтиш йўли қурилиши ишлари олиб борилаётганлиги боис бу ердаги сув ва канализация тармоқлари алмаштирилмоқда. Бу ишлар “149-механизациялашган колонна” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Бу ерда 1700 метр сув, 1800 метр канализация тармоқлари ўтказилмоқда. Айни пайтда қувурлар ётқизилган, сув билан уланиш ишлари олиб борилаяпти.
Шу ойнинг охирига қадар ишларни ниҳоясига етказиш режалаштирилган”.