Халқаро бозорда Ўзбекистон чорваси ва терисига қизиқиш катта, аммо бизда қайта ишлаш кам
Самарқанд туманида бугунги кунда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш тизимида 76 та субъект бўлиб, уларнинг 44 таси қорамолчилик, 18 таси паррандачилик ва 14 таси балиқчилик фаолияти билан шуғулланади.
Чорвачилик хўжаликларида 3490 бош қорамол, шундан 1120 бош сигир боқилади. 18 та наслчилик хўжалигида эса 1800 бошдан ортиқ наслли чорва моллари парваришланмоқда.
Самарқанд тумани ҳокимлиги ва туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан ташкил этилган пресс-турда маълумот берилишича, ҳозиргача 4,1 миллион бош чорва моллари 11 турдаги, 13,5 миллион бош парранда 4 турдаги касалликка қарши эмланган. Шунингдек, ҳайвонлар сақланадиган чорвачилик объектлари дезинфекция ва дезинсекция қилинган, лабораторияларда 865 мингдан ортиқ диагностик таҳлиллар ўтказилган. Вилоятда давлат ветеринария хизмати томонидан олиб борилаётган тадбирлар натижасига кўра, ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари бўйича эпизоотик осойишталик таъминланган. Қассоблик билан шуғулланувчи тадбиркор ва корхоналар томонидан истеъмолга келтирилган 1009,9 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 220,7 тонна балиқ, 32,5 миллион дона тухум, 16,3 тонна асал ва 124,8 тонна ўсимлик маҳсулотлари экспресс лаборатория таҳлилларидан ўтказилиб келинмоқда.
Бироқ ветеринария ва чорвачилик соҳасида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Масалан, 1 гектар суғориладиган ва лалми ер майдонлари ҳисобидан сақланадиган чорва моллари бош сони ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар меъёрлари бўйича норматив ҳужжатлар мавжуд эмас. Шу боис, бир гектар суғориладиган озуқа майдонидан 8 тонна сут ва 600 килограмм гўшт (тирик вазнда), 1 гектар лалмикор озуқа майдонидан 0,63 тонна сут ва 90 килограмм гўшт (тирик вазнда), бир гектар яйлов майдонидан 80 килограмм гўшт (тирик вазнда) ишлаб чиқариш бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қонун билан тасдиқлаш лозим.
Ветеринария назоратидаги корхоналарга юридик ва жисмоний шахсларга пуллик ветеринария, наслчилик-селекция ва бошқа хизматлар кўрсатиш тартиби, хизмат турлари ва тарифлари (прейскурант) ишлаб чиқилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги 532-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, юридик ва жисмоний шахсларга пуллик ветеринария, наслчилик-селекция ва бошқа хизматлар кўрсатиш тартиби, хизмат турлари ва тарифларини (прейскурант) ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш тўғрисида қарорда кўрсатиб ўтилган бўлса-да, ижроси таъминланмаган. Бунинг учун хизмат кўрсатиш тартиби ва тарифларини белгилаш керак. Бу билан ветеринария назоратидаги корхоналарга мутахассислар томонидан шартнома асосида ветеринария хизмати, сунъий уруғлантириш ва дезинфекция, дератизация ва бошқа хизмат турлари кўрсатилиши кўпаяди. Соҳанинг моддий техник базаси мустаҳкамланади.
Яна бир муаммо. Вилоятда бугунги кунда 1,7 миллион бош қорамол, 2,6 миллион бош қўй, 14,3 миллион бош парранда, жами 2 миллион бош шартли қорамол парваришланади. Бундан ташқари, балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик йўналишидаги фермер хужаликлари ҳам мавжуд. Ҳозирги кунда 1 нафар ветеринария врачи 3000 бош шартли молга хизмат кўрсатишига тўғри келмоқда. Аслида 1 нафар ветеринария врачи ва 1 нафар ветеринария технигининг хизмат кўрсатиши 800 бош шартли мол бош сонидан ортиқ бўлмаслиги керак. Шунинг учун пуллик хизмат ҳисобидан қўшимча ветеринария ва зоотехния хизмати кўрсатиш имкони мавжуд.
Бу билан ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари қошида ташкил этиладиган хўжалик ҳисобидаги корхоналарда янги иш ўринлари яратилади. Чорва молларини даволаш, сунъий уруғлантириш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилади. Натижада чорва молларининг насли яхшиланиши, бош сони кўпайиши, гўшт ва сут маҳсулотлари ортиши ва аҳолининг чорва маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қондиришга эришилади. Бу вазифаларни амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқиш зарурати бор.
Тумандаги “Чорва сут сервис” фермер хўжалиги тўлиқлигича Туркия лойиҳаси асосида қурилган ва бу ерда чорва молларини шамоллатиш, озуқа бериш жараёнлари ҳам тўлиқ автоматлаштирилган. Фермани тозалашдан тортиб, чорва молларига озуқа беришгача барча жараёнлар техника ёрдамида бажарилади.
- 2021-2022 йилларда банк кредитлари кўмагида Германиядан сут йўналишида 40 бош “Голштин” зотли, Австриядан гўшт ва сут йўналишида 62 бош “Симентал” зотли қорамолларни 2500 Евродан сотиб олдик, - дейди хўжалик раҳбари Аҳмад Ғуломов. – Ҳозир улар 354 бошга етди, шундан 180 бош соғин сигир бор. Улардан йилига 20 тоннагача гўшт олинади, бир йилда 2,5-3 тоннагача сут соғиб олиниб, қайта ишловчи корхоналарга етказиб берамиз. Ўтган йилда 180 бош соғин сигирдан 163 бош наслли бузоқ олинди.
Аслида четдан келтирилган чорва моллари учун энг катта муаммо туёқ касаллиги ҳисобланади. Хўжалигимиз ветеринар врачлари чорвани бундай касалликдан асраш учун махсус кимёвий эритма тайёрлаб, қорамолларни эритма солинган кичик ҳовузчадан ўтказишади. Бу 80-90 фоизгача туёқ касалликларининг олдини олади.
Бугунги кунда Самарқанд туманида 3 та замонавий автоматлаштирилган кушхона ташкил қилинган. Жумладан, “Самтеритайёрлов” масъулияти чекланган жамияти ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги соҳани тартибга солишга доир қарори талаблари асосида 1 миллион 300 минг доллар маблағ ҳисобидан ташкил этилган. Ҳозир мазкур кушхонада кунига 300 бош йирик шохли қорамол сўйилади ва 80 бош чорва молларини сақлаш имкониятига эга.
- Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида кушхонанинг ўзида сўйилган чорва молларини истеъмолга яроқлилигини текшириш учун серология, бактериология бўйича сертификат олдик, - дейди жамият раҳбари Олим Казимов. – Аввал мижозлар намуналарни текширтириш учун 8 километр йўл босиб, туман марказидаги лабораторияга бориб-келиши керак эди, энди барча хизматлар кушхонадаги лабораторияда текширилиб, шу ернинг ўзида хизмат кўрсатилади. Барча технология Туркиядан келтирилган ва чорва моллари ветеринар врач кўригидан ўтгач, сўйишга рухсат берилади. Бу соҳадаги асосий муаммолардан бири терини қайта ишлаш ҳисобланади. Аслида халқаро бозорда Ўзбекистон чорваси ва унинг терисига қизиқиш катта, лекин қайта ишлаш бўйича лойиҳалар кам. Бу бўйича Туркия, Миср, Италиядан сармоядорлар билан музокаралар олиб бордик. Ҳозирда эса тўпланган тери маҳсулотларини республикамизнинг бошқа вилоятларида жойлашган терини қайта ишловчи корхоналарга жўнатяпмиз.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.