1 килограмм буғдой етиштириш учун 1000 литр, 1 дона шоколад плиткасини ишлаб чиқариш учун 17 минг литр сув сарфланади
Ер сайёрасида иқлим ўзгариши ва аҳоли сонининг ўсиши ичимлик суви истеъмолига бўлган талабнинг ошишига олиб келмоқда. Масалан, дунёда аҳоли сони 1987 йилда 5 миллиардни ташкил этган бўлса, 1999 йилда 6 миллиард, 2011 йилда эса 7 миллиард нафарга етди. Ҳар 1 миллиард нафар аҳоли ўсиши учун ўртача 12 йил вақт кетганини кўриш мумкин. Ушбу кўрсаткич сув истеъмолига талаб йилдан йилга ўсаётганини кўрсатади.
Ҳозирги кунда дунё аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи ёки 41 мамлакат аҳолиси сув танқислиги шароитида яшаб келмоқда. Булардан ўнтаси ҳозирги кунда чучук сув манбаларини бутунлай йўқотиб қўйишга яқинлашиб қолган ва ноанъанавий манбаларни ишга солишга мажбурдир.
Тез-тез содир бўлаётган қурғоқчиликлар ҳамда тобора кучайиб бораётган қумланиш жараёнлари мазкур ҳолатнинг янада оғирлашишига олиб келяпти. 2050 йилга қадар сув захиралари янада камайиб, бутун дунё бўйлаб ҳар тўрт инсондан биттаси сув танқислигидан азият чекиши башорат қилинмоқда. Шу боис БМТ 2015 йил сентябрь ойида ўтказилган Саммитда махсус резолюция қабул қилиб, унда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш мақсадларини белгилаб олган. Улардан олтитаси ҳар бир инсоннинг тоза ичимлик суви ва санитария воситаларидан фойдаланиш имкониятини яхшилашни назарда тутади.
Мамлакатимизда 2030 йилгача бўлган давр мобайнида барча учун сув ресурслари ва санитариянинг мавжудлиги, улардан оқилона фойдаланишни таъминлашни амалга ошириш миллий мақсади белгилаб ўтилган. Жумладан,
- барча учун тоза ичимлик сувидан умумий ва тенг ҳуқуқли фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
- тегишли санитария-гигиена воситаларидан умумий ва тенг ҳуқуқли фойдаланиш имкониятини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий заиф қатлами эҳтиёжларига алоҳида эътибор қаратиш;
- сув муҳитининг ҳар қандай, жумладан, қуруқликдаги фаолият натижасида ифлосланишини сезиларли равишда камайтириш ҳамда оқова сувларни хавфсиз тарзда қайта ишлатиш ҳажмини ошириш;
- иқтисодиётнинг барча соҳаларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли ошириш;
- барча даражаларда сув ресурсларининг комплекс, шу жумладан, заруратга кўра транс-чегаравий ҳамкорлик асосида бошқарилишини таъминлаш;
- сув билан боғлиқ экотизимлар, шу жумладан, тоғлар, ўрмонлар, сувли-ботқоқли ҳудудлар, дарёлар, сувли қатламлар ва кўлларнинг қўриқланиши ва тикланишини таъминлаш;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сув хўжалиги ва санитарияни яхшилаш ишидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш.
Миллий мақсадларга эришиш ва вазифаларни амалга ошириш мақсадида Республиканинг 2035 йилга қадар сув таъминоти ва сув чиқарилиши стратегияси қабул қилинган. Мазкур стратегия республиканининг сув таъминоти ва канализация соҳасида сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратишга қаратилган. Бу эса Ўзбекистонинг мавжуд ресурслар базаси ва рақобатдош устунликларига таянган ҳолда соҳадаги муаммоларни инновацион ечимларини белгилаб беради.
Мамлакатимиз дунё ресурслари институти (World Resources Institute) томонидан эълон қилинган сув стрессидан азият чекувчи мамлакатлар рейтингида 164 мамлакат орасидан 25-ўринни эгаллади. Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистон юқори сув танқислиги мавжуд 27 давлатдан иборат гуруҳга киритилган. Бу Марказий Осиёдаги сув захиралари тобора камайиб бораётгани, мамлакатимиз ҳудуди эса юқори сув танқислиги мавжуд давлатлар қаторида турганлиги мавжуд муаммога чуқур ёндашиш зарурлигини англатади.
Ривожланган мамлакатлар ҳозирги кунда сув истеъмол миқдорини аниқлашда виртуал сув атамасини кенг қўлламоқда. Виртуал сув бу ҳар куни истеъмол қиладиган озиқ-овқатларни етиштириш учун кетган сувнинг ҳажмидир. Масалан, бир килограмм буғдой етиштириш учун (лалми бўлмаган) минг литрга яқин, бир дона шоколад плиткасини ишлаб чиқариш учун 17 минг литр сув сарфланади. Бу орқали олдиндан ичимлик сув миқдорига бўлган талабни ҳисоблашимиз мумкин бўлади.
Ўзбекистон ҳудудидан Сирдарё ва Амударё каби иккита йирик дарё оқиб ўтади, шунга қарамай республикамиз аҳолиси тоза сув танқислигини бошдан кечирмоқда. Ичимлик сувининг етишмаслиги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ. Ривожланган давлатларда меъёрий қоидалар бўйича киши бошига бир кунлик ўртача сув сарфи 100-120 литр ҳисобланса, мазкур рақамлар Aнглияда 150 литрни, Россияда 250 литрни, мамлакатимизда шаҳар жойларда 250 литр, олис ҳудудларида эса 100-120 литрни ташкил этади. Бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда ичимлик суви исроф бўлишининг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, ишлаб чиқариш жараёнида сувни тежовчи янги жиҳозлар ўрнатиш, тармоқлардаги йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида эски турдаги қувурларни янги, сифатлиларига алмаштириш, жойларда юзага келган сув таъминотидаги узилишларни тез фурсатда бартараф этиш ишлари бажариляпти.
Сув ўлчагичларни ўрнатиш орқали ичимлик суви ҳисоби аниқ юритилиб, аҳоли томонидан ишлатилган ичимлик суви учун тўлов амалга оширилмоқда. Сув етказиб берувчи насос станцияларида сарф миқдорига қараб энергия тежовчи ва автоматик бошқарув функцияли насослардан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.
Нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар олдидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда ичимлик сув манбаларини тежаш даркор. Сув фақат чанқоқни қондиришигина эмас, балки сув орқали санитар-гигиеник ҳолат барқарорлигини таъминлашига ҳам эътибор қаратиш пайти келди. Жойларда жамоатчилик назорати орқали ичимлик сувига бўлган муносабатни тўғри йўлга қўйиш ва тарғибот ишларини амалга оширишимиз лозим.
Унутмайлик, сув - буюк неъмат, аммо бу неъмат чексиз ва ҳисобсиз эмас!
Рустам Сатторов,
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқарма бошлиғи.
Омон Абдуллаев,
бошқарма етакчи мутахассиси.