2022 йил ҳосили учун вилоятимизда қанча майдонга ғалла экилади?
Тажрибали деҳқонларимиз эрта экилган уруғ мўл ҳосилнинг гарови дейишади. Шу боис, ғаллани ҳам сунбулада экиб, қиш остонисига кирмасдан туплаш фазасига етказиш ҳосилдорликни камида 5-10 центнерга оширади. Бу ғаллакорларимиз томонидан неча йилларки тажрибалар натижасида синалган.
Нарпай тумани қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан ҳудуддаги Ислом Шоир муқобил машина трактор паркига қарашли “Элбек” фермер хўжалиги далаларида бугун ўтказилган семинарда ҳам кузги бошоқли дон экинлари экиш ва сифатли агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича тушунчалар берилди.
Маълумот ўрнида, 2022 йил ҳосили учун вилоятимиз ғаллакорлари 116 минг 530 гектар майдонда ғалла экишмоқда ва унинг 94 минг 230 гектари сувли майдонлар ҳиссасига тўғри келади. Бунинг учун ғаллакорларимиз томонидан “Андижон-2”, “Алексеевич”, “Веха”, “Гром”, “Безостая-100” “Аср”, “Краснодар-99”, “Жасмина”, “Первица” ва “Яксарт” каби синовдан ўтган ва иқлим шароитимизга мос келадиган навлар танланди.
Эслатиб ўтамиз, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши 2022 йил кутилаётган минимал нарх 1 тонна ғалла ҳосили учун 2,5 миллион сўм бўлиши эълон қилинганди.
Қишлоқ хўжалиги бошқармаси ахборот хизмати.