Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2023 йил 1 январдан пенсия ошади (ми?). Ошса, ниманинг ҳисобидан?

Келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилади.

Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида белгиланган.

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси шуъбаси мудири Ш.Файзуллаев шу ҳақидаги таҳлилларини Zarnews.uz га тақдим этди. Ш.Файзуллаевнинг ёзишича, бунда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақи пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 10 баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳисобга олиниб пенсия тайинлаб келинган.

“Мисол учун, фуқаро Абубакир Нормаматовнинг иш стажи 40 йил бўлиб, унинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 5 миллион сўмни ташкил қилди, - дейди мутахассис. - Унинг пенсия миқдорини ҳисоблашда ойлик иш ҳақи 10 баробар билан чегараланган, яъни пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори 2021 йилнинг 1 сентябр ҳолатига 289 минг сўм деб белгиланган бўлиб, унинг 10 баробари 2 миллион 890 минг сўмни ташкил қилади. Бундан пенсия миқдори 2 миллион 23 минг сўм ( 2890000*70 фоиз = 2 млн. 23 минг сўм)ни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 апрелдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 324 минг сўм деб белгиланганлиги сабабли унинг 10 баробари 3 миллион 240 минг сўмни ва пенсия миқдори 2 миллион 268 минг сўмни ташкил қилади. Келгусида ушбу чегара 10 баробардан 12 баробаргача кўтарилиши белгиланган ва тегишли тартибда ҳуқуқий норматив ҳужжатлар қабул қилиниши муносабати билан пенсияни ҳисоблашда ўртача ойлик иш ҳақи қайта ҳисоб-китоб қилинади. Унинг 12 барабари 3 миллион 888 минг сўмни ва  пенсия  миқдори 3 миллион 721 минг 600 сўмни ташкил қилади.

Вилоят бўйича бугунги кунда 27 279 нафар фуқарога ушбу тоифада пенсия тайинланган. 2023 йилнинг 1 январидан уларнинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинганда ҳар бирига 1000 сўмдан 486 минг сўмгача ошиши мумкинлиги (эҳтимоли борлиги) таҳлилда кўриниб, пенсия пуллари оширилиши кутилмоқда”.