300 марта судлашиб бойлик орттирган Жонатан Ли
Ғашингизга тегадиган қариндошларингиз ёки танишингиз борми? Уларга эътибор бермай қўя қолинг, ишонинг, аслида улар ахлоқсиз эмас, аксинча шунчаки феъл-атворли одамлар бўлиши мумкин. Асосийси суратдаги мана бу йигит сизга қариндош бўлиб чиқмаса бўлгани.
Танишинг, ўзининг ҳаддан ортиқ суд даъволари билан машҳур Жонатан Ли. Дастлаб у ўз яқин доирадаги кишилардан бошлаб, дўсти, қўшнилари, қўшниси ва бир мусиқачини судга бериб, ютиб чиқди. Сўнгра полиция, судьяларга қарши яна бир неча ишларда ғалаба қозонди. Шундан кейин у каттасига ўйнай бошлади ва бир нечта таниқли компанияларни судга берди.
Ли “World of Warcraft” ашаддий ўйинчиси эди ва компания яхши ўйини билан уни бошқа ишларидан чалғитиши ва ўйин обунасини сотиб олишга қийналиб пул топишга мажбур бўлаётганини рўкач қилиб, ушбу ўйин ишлаб чиқарувчиси “Blizzard” компаниясини, “GTA” ўйини яратувчиларини эса улар туфайли жиноий йўлга тушгани учун судга берди.
Машҳурлар ҳам эътибордан четда қолмади. Гарчи уларда яхши адвокатлар хизматини тўлаш қобилияти бўлса-да, у Жорж Буш (АҚШ президенти), Бритни Спирс (машҳур қўшиқчи), Стив Жобс ва бошқа ўнлаб шахсларга қарши судга даъво қилган ва кўп ҳолларда ғалаба қозонган.
Унинг турли судларга киритган ишларининг умумий сони 2600 га яқинлашди. 1500 дан ортиқ даъволари эса суд томонидан номақбул ва асоссиз деб топилиб, рад этилди. Бироқ, қолган даъволар ва суддаги ғалабалар етарли эди.
Шу билан бирга у кўплаб даъволарни фирибгарлик учун қамоқда ўтирган пайтида қўзғатган. Умуман олганда, Ли суд жараёнларидан 8 миллион доллардан кўпроқ пул ишлаб олди.
2009 йилнинг май ойида Ли “Дунёдаги энг кўп яхши натижа кўрсатган баҳслашувчи” рекордини рўйхатга олишдан бош тортган “Гиннеснинг рекордлар китоби”ни ҳам судга берди. Ушбу даъво суд томонидан рад этилди.
Телекўрсатувда ўзи ҳақида интервью бериш учун чақирилганда бошловчи Жонатандан “Нега бундай шон-шуҳрат ва бойликдан кейин ҳам ҳамон ёлғиссан, наҳотки ҳеч кимни севмайсан?” деб сўрагани учун Ли телеканални судга дарҳол берди ва 50 минг доллар товон олди.
Нима деб ўйлайсиз, Жонатан Ли омади чопган кишими? Ёки ён-атрофдагилари унга нисбатан жуда андишалимикан? Бир нарса аниқки, агар у ўрта асрларда ёки мушкетёрлар даврида яшаган бўлса, даъволарини тақдим этиш имконига эга бўлмасдан, орттирган бойлигидан ҳам, ҳаётидан ҳам анча илгари ажралган бўларди. Нима бўлганда ҳам бунақа кишиларга йўлиқишдан Худонинг ўзи асрасин.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.