3200 гектардаги пахта ҳосили машинада терилади

Жорий йилда Самарқанд вилояти пахтакорлари 75 580 гектар майдонда ғўза парваришлади. Эндиги вазифа ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиштириб олиш. Хўш, вилоятимизда пахта теримига тайёргарлик қандай кечмоқда, бу йил майдонларнинг қанча қисми машинада терилади?

- 215,5 минг тонна ҳосил етиштириш учун фермер хўжаликлари 63 495 гектар ва пахта кластер корхоналари 12085 гектар майдонда чигит экканди, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бош мутахассиси Руслан Муродов. – Бу йилги ҳосилни териб олиш учун 2250 та терим отрядига 140 мингга яқин теримчи бириктирилади ва уларнинг 10 мингга яқини  ётоқ жой билан таъминланади. Эътиборли жиҳати, бу йилги ҳосилдан 3200 гектар майдондаги қарийб 10,5 минг тонна хомашёни терим машиналарида йиғиштириб олиш режалаштирилган. Бунинг учун вилоятимиздаги 10 та пахта кластер корхоналари томонидан 34 та замонавий терим машиналари жалб этиш режалаштирилган бўлса, ҳозиргача 26 та ана шундай техника келтирилди. 

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, 10 гектар майдондаги пахта хомашёсини териб олиш учун ўртача 164 нафар теримчи ва уч иш куни талаб этилади. Бунинг устига қўл теримида қатнашадиган ишчиларни транспортда ташиш, фартук билан таъминлаш кунлик озиқ-овқат ва бошқа харажатлар учун 10 гектар майдонга ўртача 7,2 миллион сўм сарфланади. Бир дона пахта терим машинасида эса кунига 9-10 гектар майдондаги  (25-30 тонна) ҳосилни териб олиш мумкин. Бунинг учун бор-йўғи 820 минг сўм харажат кетади.

Вилоятимиздаги пахта кластер корхоналари ҳам ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб бу йилги мавсумга пухта ҳозирлик кўрмоқда.

- Ўтган йили мавсум ўрталарида келтирилган терим машиналарида 1,5 минг тоннага яқин пахта хомашёсини териб олгандик, - дейди Иштихон туманидаги “Maroqand sifat tekstil” масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Аҳатилло Каримов. – Машина терими иқтисодий жиҳатдан жуда катта самара келтирди. Мисол учун, 300 нафар теримчи бир кунда 30 тонна ҳосилни йиғиштирса, битта терим машинаси кунига шунча пахта теради. Шу боис, бу йилги мавсумга 4 ва 2 қаторли 8 та терим машинаси олиб келдик. 2500 гектар майдонда ғўза парваришлаган бўлсак шунинг минг гектарини машинада  териб олмоқчимиз. 12 сенябргача янги препаратлар ёрдамида сифатли дефоляция ишларини ўтказиб, 7800 тонналик шартнома режасини адо этишга киришамиз.

Ўктам Худойбердиев.