43 давлатга 75,8 миллион АҚШ доллари миқдорида товарлар экспорт қилинди

Самарқандлик тадбиркорлар томонидан жорий йил 15 март ҳолатига вилоят божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали амалга оширилган маҳсулотлар ҳажми шунчани ташкил қилди.

Рақамли иқтисодиётнинг узвий бир бўлаги бўлган рақамли божхона тамойилини кенг жорий этиш борасида юртимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида айни пайтда божхона органларида 63 та ахборот тизими ва 28 та интерактив хизмат жорий этилган бўлиб, божхона расмийлаштируви жараёни тўлиқ автоматлаштирилган.

Маълумотларга кўра, 2021 йил давомида соҳада яна 16 та ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш режалаштирилган. Бундай имкониятлар экспорт ва импорт операцияларини амалга оширишда тадбиркорларга жуда қўл келмоқда.

– Жорий йилнинг 15 март ҳолатига Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали тадбиркорлик субъектлари томонидан 43 давлатга 75,8 миллион АҚШ доллари миқдорида товарлар экспорти амалга оширилди, – дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасурбек Файзуллаев. – Ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда 22 фоиз ўсишга эришилди. Жумладан, 24,5 миллион долларлик мева-сабзавот, 18,2 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари хорижга сотилди. Товарлар импорти эса 194,14 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 миллион долларга ёки 2,8 фоизга камайган.

Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида йил бошидан буён импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 165,56 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди. Шунингдек, пандемия шароитида вилоятда фаолият юритиб келаётган 23 нафар тадбиркорлик субъектларига 47,43 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди. 

Товарларни ноқонуний олиб киришнинг асосий шакллари ва услублари ҳамда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш борасида ҳам божхоначилар томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш борасида олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 141 ҳолатда 5 миллиард 16,9 миллион сўмлик товарлар ушлаб қолинган. 18 миллиард 644,7 миллион сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланган. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 7 та жиноят ишлари қўзғатилди.

Бундан ташқари, йил бошидан буён вилоят ҳудудида тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан, сифати кафолатланмаган қўлбола маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 1 та яширин цех аниқланиб, фаолиятига чек қўйилди.