Адлия бўлими ташкилот ходимларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаб берди

Тиббий – ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилгунга қадар, мазкур тузилма Тиббиёт бирлашмалари таркибида бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 март кунги қарорига асосан, агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилгач, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш бўлимлари Тиббиёт бирлашмалари тасарруфидан чиқарилиб, агентликка бириктирилган.

Булунғур туман адлия бўлимига Булунғур туман тиббиёт бирлашмасининг собиқ тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш бўлими ходимлари – Р.Мухторов ва бошқалар (жами 11 нафар ходим) мурожаат қилишди. Унда айтилишича, ходимлар туман тиббиёт бирлашмасида ишлаб келган вақтларида меҳнат таътилига чиқарилмаган  ва улар билан меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг, фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация ташкилот томонидан тўлаб берилмаган.

Мурожаат томонлар иштирокида амалдаги қонун талаблари доирасида ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, собиқ 11 нафар ходимга жами 14 584 228 сўм  компенсация пуллари тўлаб берилди ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган тиббиёт бирлашмасининг 2 нафар масъул ходимига белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўлланиладиган бўлди.

Ғайрат Якубов,

Булунғур туман адлия бўлими бошлиғи.