Аграр соҳа қачон етакчи тармоққа айланади?
Қишлоқ хўжалиги тармоғи ички истеъмол бозорини тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш билан бирга мамлакат иқтисодиётида ҳам муҳим ўрин тутади. Дунё давлатларида ушбу тармоққа замонавий технологиялар жорий этилиб, ишлаб чиқаришнинг етакчи соҳалари қаторига айланган.
Самарқанд вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Зафар ЭРГАШЕВ билан суҳбатимиз вилоятимизда тармоқни янада ривожлантириш истиқболлари хусусида бўлди.
- Республикамизда кейинги йилларда бошқа тармоқлар каби қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам жадал ривожланиб бормоқда, - дейди З.Эргашев. - Бугунги кунда соҳани янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, экспорт салоҳиятини ошириш энг долзарб масалалардан бири бўлиб, ҳукумат томонидан ушбу йўналишда аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Аҳолининг сифатли, арзон озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш долзарб масалага айланди. Ушбу масалани ҳал қилиш борасида вилоятда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилда 13 та қайта ишлаш ва 18 та совуткичли омборхона лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, шундан 2 та қайта ишлаш ва 8 та совуткичли омборхона ишга тушди.
Чорвачилик тармоқлари бўйича қиймати 436,8 миллиард сўмлик 145 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Хусусан, қорамолчиликда 53, қўйчиликда 8, паррандачиликда 40, қуёнчиликда 14 ва балиқчиликда 30 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаётир. Бунинг натижасида қўшимча 4,3 минг бош наслли чорва моллари, 2 минг бош қўй, 8,5 минг бош қуён, 3,2 миллион бош парранда парваришланмоқда, 89 гектар майдонда балиқчилик ҳавзалари ташкил қилинади.
Шунингдек, вилоятимизда боғдорчилик, узумчиликни ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, совуткичли сиғимлар, агрокластерлар ташкил қилишни ўз ичига олган 535,6 миллион сўмлик 28 та янги лойиҳа ишлаб чиқилган.
Лойиҳалар ташаббускорларнинг ўз маблағи, банк кредити ва Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобидан 841 та янги иш ўрни яратилади.
- Пандемия даврида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, соҳага илғор технологияларни кенг жалб қилиш ва соҳани интенсив ривожлантириш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
- Жорий йилда вилоятимизда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик ташкилотлари томонидан 92,7 минг гектар ерда, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида 78,7 гектарда полиз-сабзавот, картошка, мева, узум етиштирилмоқда. Вилоятнинг деярли барча туманларида интенсив боғдорчилик йўлга қўйилди. Каттақўрғон тумани балиқчиликка ихтисослаштирилиб, йил охирига қадар 5 гектар интенсив сув ҳавзалари ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда илғор технологияларни жорий этиш, ресурсларни тежаш, ҳосилдорликни кўтариш ва қўл меҳнатидан фойдаланишни камайтиришга эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда туманлардаги 10 та пахта-тўқимачилик кластер корхоналари томонидан 31 дона 4 хил турдаги замонавий пахта териш машиналари келтирилиб, иш бошлади. Тажрибалар ва ҳисоб-китоблардан келиб чиққан ҳолда 10 гектардаги пахта ҳосилини териб олиш учун ўртача 36,7 миллион сўм сарфланади. Шунча майдондаги ҳосил пахта териш машинаси ёрдамида терилганда харажат 26,2 миллион сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, қўл кучи ва ортиқча ташкилий ишларга эҳтиёж қолмайди.
Ғалла экиш учун Туркияда ишлаб чиқарилган юқори унумли аниқ экиш сеялкалари харид қилинди. Вилоятда 2021 йил ҳосили учун очиқ майдонларга ғалла фақат замонавий сеялкалар ёрдамида экилади.
- Исроил, Туркия давлатларида сув тежовчи технологиялар ёрдамида пахтанинг гектаридан 50-70 центнергача, помидордан 500 центнергача ҳосил олинади. Еримиз унумдор, шундай технологиялардан фойдаланаётган бўлсак-да нега бизда ҳосилдорлик ҳамон паст?
- Томчилатиб суғориш технологияси асосида қишлоқ хўжалик экинларини парваришлаш юртимизга кириб келганига кўп бўлмади. Пахта етиштиришда бу технологиядан 2018 йилдан бошлаб фойдаланяпмиз ва тан олишимиз керак, бу борада маҳаллий мутахассислар жуда кам, бу эса натижага таъсир этмай қолмайди. Шундай бўлса-да, айрим жойларда ҳосилдорлик жаҳон кўрсаткичларига яқинлашди. Ҳозирда вилоятимиздаги 21 минг 599 гектар майдон томчилатиб, (6067 гектар пахта, 10 минг 853 гектар боғ, 2768 гектар узум ), 120 гектар майдон (сабзавот ва бошқа экинлар) ёмғирлатиб суғорилмоқда. Жорий йилда 4788 гектар майдонда 95,3 миллиард сўмлик сув тежовчи технологиялар ўрнатишни режалаштиргандик, амалда эса бугунги кунгача 5714 гектарда (режага нисбатан 119 фоиз, 2019 йилга нисбатан 1408 гектарга кам) шундай замонавий технологиялар жорий этилди.
Мисол учун, Нарпай туманидаги "MAROQAND SIFAT" масъулияти чекланган жамияти пахта-тўқимачилик кластери томонидан бириктирилган пахта майдонида 2019-2020 йилларда 2006 гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди. Туманнинг сув бориши оғир бўлган ҳудудларида ўрнатилган технология ёрдамида ўртача 20-25 центнер ҳосил олинадиган майдонлардан ҳозирда 30-35 центнер пахта етиштирилмоқда.
2021 йилда 21 минг 474 гектар майдондан сув тежовчи суғориш технологияси амалга оширилиши мўлжалланмоқда.
- Бу йил ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экиб даромад олиш мақсадида кам таъминланган фуқароларга ер ва кредит асосида картошка уруғлари берилди. Аммо хориждан келтирилган уруғнинг нархи қиммат ва аксарияти сифатсиз чиқди. Бунинг сабаби нимада?
- Жорий йилда ғалладан бўшаган 10 минг 128 гектар майдонда такрорий экин сифатида картошка экилди. Жумладан, хориждан келтирилган 8946 тонна уруғ 2982 гектар майдонга экилган эди. Картошка уруғлари келтирувчи импортёрлар билан шартнома тузиш бўйича вилоят ташкилотларидан марказлашган таклиф ёки тавсия туманларга берилмаган, импортёрлар ҳудудларда мустақил танланиб, шартномалар тузилган.
Жумладан, “Самарқанд картошкачилик маркази”, “Бананза Трейд Экспорт”, “Шўрчи-Агро-Тайёрлов”, “Абиркул агро тайёрлов”, “Самголд” масъулияти чекланган жамиятлари ва “John Exim Company” каби корхоналари томонидан хориждан картошка уруғлари келтирилган.
2019 йилда четдан келтирилган картошка уруғларининг 90 фоизга яқини чириб, фермерлар катта миқдорда иқтисодий зарар кўрган эди. Бу йил импорт қилинган картошка уруғининг 406 тоннаси ёки 4,5 фоизи чириган ва ҳосил олишга яроқсиз бўлиб чиқди. Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан “Самголд” масъулияти чекланган жамияти раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ суҳбатлашди.