Аҳмаджон Қурбонов ким бўлган? Ёки 24 ёшли қаҳрамон ҳақида ҳикоя
Иккинчи жаҳон уруши йилларида 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардонавор жанг қилган. Уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмаган. Жанговар жасоратлари учун 338 киши Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони, 53 киши «Шуҳрат» орденининг учала даражаси билан тақдирланди. 120 мингдан ортиқ жангчи ва командирлар орден ва медаллар билан мукофотланди. Қаҳрамонлар орасида Самарқанд фарзанди Аҳмаджон Қурбонов ҳам бор.
Аҳмаджонга борасизми?
Жанггоҳларда жасорат кўрсатиб, 24 ёшида қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлган ўзбек ўғлони ҳақида хотира ёзиш мақсадида Жомбой туманининг Қўлбости маҳалласи томон йўлга чиқдим. Манзилга олиб борадиган автоуловлардан бирига яқинлашганимда ҳайдовчи «Аҳмаджонга борасизми?» деди машинаси томон бошлаб. Тасдиқ ишорасини қилдим. Тўпланиб турган бошқа машиналар ҳайдовчилари ҳам «Аҳмаджон, Аҳмаджон» дейишарди.
Йўлда ўрта ёш шофёр йигитдан «Аҳмаджон деганингиз ким?» деб сўрадим талмовсираб. У эса «Билмадим, жой номи бўлса керак-да», деди елкасини қисиб. Машинадаги бошқа йўловчиларга ҳам шу саволни бердим. Афсуски, улар ҳам мужмал жавоб қайтаришди. Фақат бир киши «Қишлоғимизда шунақа бир одамга ҳайкал (бюст демоқчи) қўйишувди, у бузилиб кетди, ҳозир 2-мактабнинг эски биносида турибди, шу одам бўлса керак», деди.
- Хайрият, сал-пал билар экансиз, - дедим унга раҳмат айтиб.
Қўлбости маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдураҳим Абдувоҳидов билан 2-умумий ўрта таълим мактаби ҳовлисига - Аҳмаджон Қурбонов хотирасига бюст ўрнатилган жойга келдик. Бюст бир тор жойда, дов-дарахтлар қуршовида мунғайиб турар, ҳовлига дафъатан кирган киши уни илғаб олиши даргумон эди.
- Бюст 1970 йилларда ўрнатилган. Унинг очилишига ўша пайтда Аҳмаджон Қурбоновнинг Ленинградда истиқомат қилаётган Тамара исмли қизи, Тошкентдан меҳмонлар ҳам келишган, - деди мактаб директори Ҳусниддин Абдушукуров. – Ҳозир мактабимиз касб-ҳунар коллежининг замонавий биносида фаолият кўрсатмоқда. Насиб бўлса, бюстни ҳам ўша ерга кўчириб ўтказамиз. Бунга тайёргарлик кўриляпти.
«Хўш, Аҳмаджон Қурбонов ким бўлган ва у кишини ким яхши билади?» деган саволимга 90 ёшни қоралаб қолган Яхшилик бобо Эшмуродовни айтишди. Қишлоқ советида, давлат хўжалиги ҳамда узоқ йиллар маориф соҳасида меҳнат қилган отахон Аҳмаджон Қурбоновнинг жияни экан.
Яхшилик бобонинг ҳикояси
Биз Яхшилик бобони суҳбатга тортдик. Отахон бир энтикиб олгач: «Аҳмаджон аканинг ҳоки-поки ўзга юртларда - Польша тупроғида қолиб кетди. У ерда уни эъзозлашиб «Озодлик қаҳрамони» деб аташар экан. 1975 йилда изтопарлар кўмагида қариндошим ётган жойга боришга ҳаракат қилдим. Бироқ ниятим амалга ошмай қолди. Айрим амалдорларнинг монеълиги сабаб боролмадим. Жуда-жуда афсусдаман. Аҳмаджон Қурбоновнинг ҳаёти ва фаолияти, уруш йилларида кўрсатган жасорати тўғрисида тўпланган ҳужжатлар асосида ёзиб қўйган қораламаларим бор. Уни ўзларингиз ўқиб оларсизлар», деди.
Биз шундай қилдик. Отахон ёзган битик билан Ўзбекистон Республикаси Хотира китобида Аҳмаджон Қурбоновга ажратилган маълумотлар бир-бирига мослигини ҳисобга олиб ундан фойдаландик ва қуйидагиларни ёзишга киришдик. Аҳмаджон Қурбонов 1921 йилда Жомбой туманидаги Шерқўрғон қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Еттинчи синфгача Ғазира қишлоғида, сўнгра эски Жомбойдаги мактабларда ўқиган. Самарқанд шаҳридаги уч йиллик ишчилар факультетида таҳсил олгач, туман ёшларига етакчи этиб сайланган. Ёшларга хос ўт-олов эмасми, у бир йиғинда туман раҳбари билан масала талашиб қолади. Бу эса «катта»ларга ёқмайди. Уни Тожикистоннинг Кўлоб вилоятига ўқитувчи қилиб юборишади. Буни қарангки, Аҳмаджон ўз бахтини ўша ердан топади. Ўқитувчи сифатида Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)дан келган Мария Смирнова деган қиз билан турмуш қуради. Кейинчалик Мариянинг тавсияси билан у Ленинград университетининг тарих факультетига сиртдан ўқишга киради. Ўқишни тамомлаб қайтгач, тил билганлиги ва ўзидаги ғайрат-шижоатни ҳисобга олган вилоят ҳарбий комиссарияти Аҳмаджонни Томбов шаҳридаги кичик командирлар тайёрлаш ҳарбий билим юртига ўқишга юборади. Кейинчалик олий зобитлар курсини битиради. Ўқишни битириб, уйига қайтаман деганида уруш бошланади. Турмуш ўртоғи шу пайтда ҳомиладор бўлиб Аҳмаджонни интизорлик билан кутаётган эди. Бироқ дафъатан бошланган қаттол уруш уларнинг учрашишига тўсқинлик қилади. Ўшанда Аҳмаджон хотинига «Мария сен Ленинградга онангнинг уйига бор, ўша ерда сенга осон бўлади» деб хат ёзади. Аммо Марияга осон бўлмайди. Аҳмаджонни кўриш унга насиб этмайди…
Гвардиячи майор жасорати
1943 йилда Аҳмаджон Қурбонов командирлигидаги ўқчилар батальони 1-Беларуссия фронтига келиб қўшилади ва февраль ойида фашистлар билан бўлган жангда яраланади.
А. Қурбоновнинг юксак ҳарбий маҳорати, жасорати ва қаҳрамонлиги, 1944 йилнинг июнь ойида фашистлар мудофаасининг Бобруйск йўналишини ёриб ўтиш учун бўлган жангларда, айниқса, яққол намоён бўлди.
“Багратион” операцияси муваффақиятли ривожланиб борарди. А. Қурбонов раҳбарлигидаги батальон босқинчиларга қақшатқич зарба берган ҳолда полк ҳужумидан уч кун илгари Гухлино қишлоғининг шимолроғида душман позицияларига 45 километр кириб бориб, Нарев дарёсига чиқдилар. Гвардиячиларнинг ҳужумини тўхтатиш мақсадида фашистлар уларга қарши йирик пиёда аскарлар қисмлари ва танкларини ташладилар. Бунинг устига осмондан фашист самолётлари тўхтовсиз бомба ёғдирарди.
Ана шундай мураккаб ва ўта қийин шароитда батальон командири А. Қурбонов тактик айёрлик ишлатди. Душманнинг кўзига дарёнинг маълум бир қисмидан гўё батальон жангчиларини кечиб ўтаётгандек қилиб кўрсатди. Ўзи эса батальоннинг катта қисми билан дарёнинг бошқа жойидан кечиб ўтиб Корневск қишлоғига чиқди. Командирнинг тахмини ўзини оқлади. Дарёнинг қарама-қарши қирғоғида кичик талафот билан муҳим плацдарм эгалланди.
Аммо бу ҳали жанговар ҳаракатларнинг бошланиши эди, холос. Гвардиячи майор Қурбонов ҳужумни янада ривожлантира бориб, душманнинг қирғоқбўйида жойлашган нуқталарини ҳам ишғол қилишга буйруқ берди. Чунки шундай қилинса, полк асосий қисмининг дарёдан кечиб ўтиши учун имконият яратилар эди.
Душман ҳимоя чизиғининг ичкарисига кириб борар экан, батальон жангчилари босқинчиларнинг позицияларига қақшатқич зарбалар берди. Бундан ташқари, сон жиҳатидан тенгсиз бўлган қўл жангида гитлерчиларни траншеялардан қувиб чиқариб, 91,3 рақамли муҳим тепаликни эгалладилар ҳамда Сивешено қишлоғининг шимоли-шарқидаги шоссени тўсиб қўйдилар. Варшава ҳамда Шимолий Пруссия чегарасига олиб чиқувчи, Нарев дарёси бўйидаги муҳим таянч нуқталаридан кутилмаганда ажралиш немис қўмондонлигини саросимага солиб қўйди.
Оқшом тушиши биланоқ душман қарши ҳужумга ўтди. Босқинчилар қўлдан бой берилган позицияларини яна қайтариб олишга жон-жаҳди билан уринди, аммо уларнинг барча ҳаракатлари мард жангчиларимиз томонидан бартараф этилди. Белоруссия ерларида душманга қақшатқич зарбалар берган совет қўшинлари Польша ҳудудига кирдилар. Уруш бошланган ерга - фашистлар рейхининг чегарасига яқинлашиб келарди. Жасур батальон командири она еридан узоқлашиб кетганди. Уруш ниҳоясига етиб борарди. Урушнинг оловли йўлларида Аҳмаджоннинг турмуш ўртоғи Мария ва беш яшар қизи Тамаранинг мактублари қувиб етар ва унга далда бўларди. Улар Аҳмаджоннинг ғалаба билан қайтишига ишонардилар. Аммо жасур командир А. Қурбоновга уйга қайтиш насиб этмади. Ғалабага бор-йўғи икки ой қолганида, 1945 йилнинг 6 февраль куни жангда ўзбек халқининг мард ўғлони, майор Аҳмаджон Қурбонов қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
А. Қурбонов Польшанинг Плоцк вилояти, Граусенск уездидаги Шейнах қишлоғи яқинига ҳарбий иззат-икром билан дафн қилинади.
СССР Олий Совети Президиумининг 1945 йил 24 мартдаги фармонига кўра, Нарев дарёсини кечиб ўтишда кўрсатган улкан жасорати учун гвардиячи майор Аҳмаджон Қурбоновга ўлимидан сўнг Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвон берилди.
Ҳайкаллар қайта «тирилади»ми?
2020 йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида «Биз мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз» дея таъкидлади. Зеро, урушда қатнашган ҳамда фронтортида заҳмат чеккан ҳар бир инсон шундай эъзозга лойиқдир.
Йиллар ўтиши билан жойларда уруш қатнашчилари хотирасига қўйилган ёдгорлик ва лавҳалар бир муддат унутилгандек бўлди. Улар қаровсиз қолдирилди. Халқимиз мардлиги ва жасоратини намойиш қиладиган бу жонсиз сиймоларни энди «қайта тирилтириш», ватандошларимиз хизматини ёшларимиз онгига, шуурига сингдириш вақти келди. Мардлик ва жасорат эса ҳеч қачон унутилмайди.
Жумладан, 24 ёшида Қаҳрамон бўлган Аҳмаджон Қурбоновдек ўзбек ўғлонларининг номи мангуликка дахлдордир.
Унинг номи абадийлаштирилган. Жомбойдаги бир маҳалла, ўқувчиларнинг ёзги оромгоҳи унинг номи билан аталади. Битта давлат хўжалиги фаолияти тугаганига қадар «Аҳмаджон Қурбонов» номида эди. Юқорида тилга олганимиз - йўловчиларнинг қалбига ёшлигидан ана шу исм жо бўлиб қолган бўлса ажаб эмас.
Адҳам ҲАЙИТОВ.