Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбой тумани ҳақида китоб-альбом яратилди

Юртимизда ўтказилаётган “INFOLIB O‘ZBEKISTON-2022” XI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида Жомбой туманида пойтахтимиздаги “SAHHOF” нашриётида оммавий тиражда чоп этилган «Жомбой. Кеча. Бугун. Эртага» номли китоб-альбомнинг тақдимоти ўтказилди.

Тадбир бошланишидан аввал туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид қисқа видеофильм намойиш этилди.

Тақдимотда китоб-альбомда фахрийлар ва олимларнинг ҳикоялари орқали туманнинг шаклланиш тарихига оид барча зарур маълумотлар архив фото ҳужжатлари билан тақдим этилгани таъкидланди.

Шунингдек, китобдан таниқли пахтакор, Ўзбекистон Қаҳрамони Аваз Эргашев, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, майор Аҳмаджон Қурбонов, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Барот Нодировларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид қизиқарли лавҳалар ҳам ўрин олган.

– «Жомбой» номи нимани англатади ва у қаердан келиб чиққан? Ҳозир туман ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қандай ўзгаришлар рўй бермоқда? Бу саволларга жавобни шу китобдан топишингиз мумкин, – дейди лойиҳа муаллифи, туман ҳокими Қаюм Собиров. – Вилоят тарихида Жомбойнинг кечаги, бугуни ва эртанги куни ҳақида китобхонларга тўлиқ тасаввур берадиган бундай нашр ҳали бўлмаган. Бутун минтақанинг ижтимоий-маданий ҳаётини бир китобда жамлаш қийин, лекин биз энг муҳим воқеаларни танлашга ҳаракат қилдик. Бу ҳали бошланиши. Келажакда ушбу китоб-альбомнинг 2-қисмини ҳам тайёрламоқчимиз.

Нашрни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова тақриз қилишган.

Тадбирда тумандаги меҳнат фахрийлари, умумтаълим мактаблари, муассасалар ва мактабгача таълим ташкилотлари кутубхоналарига китоб-альбом бепул топширилди.

Ёрмамат Рустамов.