Акс-садо: «Чаласаводлик – иллат»
«Зарафшон» газетасининг 2019 йил 21 февраль сонида ушбу сарлавҳа остидаги мақолани ўқиб, ўзимнинг айрим фикр-мулоҳазаларим ва таклифларимни газетхонлар билан ўртоқлашиш истаги пайдо бўлди. Аввало, муаллиф долзарб муаммони кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этганлигини таъкидлаш керак. Саводхонликни таъминлаш фақат таълим-тарбия даргоҳлари – боғча, мактаб, олий ўқув юртларининггина вазифаси эмас, бутун жамиятнинг, оила, корхона, ташкилот, муассасаларнинг ҳам бурчи деб ўйлайман. Албатта, бу таълим даргоҳларининг етакчилик ролини инкор этмайди.
Аввало, ёш авлодга таълим-тарбия бериш учун ўқитувчи-мураббийнинг ўзи ҳар томонлама етук бўлиши, касб маҳорати, билимини ошириш устида мунтазам ишлаши керак.
Педагогик йўналишдаги олий ўқув юртлари мактаб билан узвий алоқани йўлга қўйишлари лозим. Олий ўқув юрти ўзининг битирувчиси мактабга ишга келгандан кейин ҳам унинг фаолиятини кузатиб борсин.
Олий ўқув юрти ҳамма фанлардан эмас, бир ёки икки фан бўйича ўқитувчи тайёрлашга ихтисослашсин. Масалан, илгари чет тили ёки рус тили ўқитувчилари тайёрлайдиган институтлар бўларди. Ўқитувчининг ўша ихтисоси бўйича малака ошириши ёки қайта тайёрланишини ҳам шу даргоҳда ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Шунда олий ўқув юрти билан мактаб алоқаси мустаҳкамланади.
Директор жамоадаги энг фидойи, билимдон, ҳақгўй раҳбар бўлиши, ўқитувчи меҳнатига тўғри баҳо берадиган инсон бўлиши керак. Мактаб директорини мактаб ишига боғлиқ бўлмаган даҳмазалардан халос қилиш керак. Кўп ҳолларда ана шу муаммолар туфайли ушбу лавозимга муносиб ўқитувчи директорликдан қочади. Оқибатда унинг ўрнини номуносиб киши эгаллайди.
Мактабда, корхона, муассаса, ташкилотларда иш юритувчи ва ҳужжатлар билан ишловчи ходимлар ўртасида бир йилда икки марта диктант ёзишни ташкил этиш ҳам саводхонликни оширишга ёрдам беради.
Жамиятда чаласаводликнинг илдиз отишида айрим оммавий ахборот воситалари – даврий нашрлар, радио, телевидение эшиттиришлари ва кўрсатувларида ўзбек тили қоидаларига риоя этилмаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.
Шу ўринда ихтисослиги, йўналишидан қатъи назар олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўқитиш ва уни битирув давлат имтиҳонига киритиш вақти келганини айтиб ўтиш керак. Негаки, ўзбек тили гуманитар йўналишда мутахассис тайёрлайдиган олий ўқув юртларидан бошқа билим даргоҳларида иккинчи даражали фанга айланиб қолгандай назаримда. Фақат бошланғич курсларда умумий тарзда ўқитиш билан чекланишади.
Она тилимиз софлиги, гўзаллиги, тўғри ўқилиши, ёзилиши, талаффуз қилиниши касб-коримиз қанақалигидан қатъий назар барчамизнинг бурчимизга айланиши керак.
Қаюм ТУРҒОН,
фахрий ўқитувчи.