Алимент пулига тилла сирға
Назаримда биз инсонийликнинг энг гўзал сифатларидан бўлган шукрни унутгандаймиз.
Сизга ҳам таниш манзарани кўз олдингизга келтириб кўринг. Атрофимизда мерос талашиб ёқавайрон бўлаётган, бир умр юз кўрмас бўлиб кетаётган ака-ука, опа-сингиллар йўқми? Шифохонада даволанаётган отаси ёки онасининг ҳолидан хабар олмай йўлига қон қақшатиб қўйганлар-чи? Вояга етмаган, меҳрга зор фарзанд учун тўланадиган алимент пулини тўлашдан қочиб юрган ота ёки ҳою ҳавас ортидан қувиб, чет элларда юрган, фарзандига оналик меҳрини бермаётган аёллар орамизда йўқ, деб ўйлайсизми?
Яқинда туман марказидан уйга қайтаётгандим. Уч нафар йўловчимиз. Ҳайдовчи яна бир йўловчи олиши керак. Орқа ўриндиқда ўзаро суҳбатлашиб ўтирган икки аёлдан бири, ўрта ёшлардаги аёл набирасининг отасидан алимент пулини ундириб олганини, тўй бўлаётган қизига тилла сирға олиш учун кетаётганини айтиб қолди.
Ҳайрон бўлдим. Нега алимент пули боланинг таъминоти учун, унинг соғлом вояга етиши учун эмас, зеб-зийнат учун сарфланиши лозим? Бу зебу зийнат фарзанд учун нима қилиб беради?
Маълумки, фарзандларга ота-онанинг моддий ва маънавий кўмаги бирдай зарур. Турли сабаблар билан ажрашган оила фарзандлари учун қабул қилинган қонунларимиз ота ёки она бола учун моддий таъминот билан таъминлашни кафолатлайди. Бу луғавий маъносига асосан озуқа, кийим-бош, мактаб ўқув қуроллари харид қилиши учун алимент ҳисобланади. Белгиланган алиментни вақтида тўламаган айрим ота-оналарга эса тегишли тартибда жазо чоралари кўрилади.
- Мен олий маълумотли бўла туриб адашдим, хато қилдим. Тақдиримни амма-холаларимга ишондим, - афсус билан бош чайқайди ҳамсуҳбатим кўзда ёш билан. - Оқибатда ютқаздим. Шундай ютқаздимки, ёнимдаги катталар ўз яқинларим, туғишган жигарларим мени йўлдан адаштирди. Мен бахтли яшашга, тўкин ҳаёт кечиришга муносиб эдим. Баъзан фарзандимнинг истакларини бажара олмасам кўзларидаги маъюсликни кўриб, ўзимни қўярга жой топа олмай қоламан. Болага отанинг маънавий кўмаги, кечалари йиғлаб уйғонганда бошини силайдиган меҳрибон қўллари керак экан…
Бирга оила қуришга аҳдлашув ёки никоҳ ёшлар ҳаётидаги фақат бахтли одамларгина бўлиб қолмай айни пайтда, энг муҳим масъулиятли палла ҳамдир. Афсуски, айрим ота-оналар, уларнинг қариндошлари фарзандларининг бахтли ҳаёт кечиришлари учун энг зарур омилларни унутадилар. Никоҳ тўйларини дабдабали ўтказишга, ҳаддан ортиқ қимматбаҳо совғалар тайёрлашга ҳаракат қиладилар. Бундай ташвишлар туфайли бахтли оила қуриш учун энг зарур омиллар унутилади. Шундай ҳам бўладики, тўйдан кўп ўтмай судга мурожаат этадиган келин-куёвларнинг асосий мақсади оилани сақлаб қолиш эмас, мол-мулкни бўлишдан иборат бўлади. Мол-дунё олдида уларнинг кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Уйи бузилганини, фарзандлари тирик етим бўлиб қолаётганини ўйламайди, музей каби жиҳозланган қатор-қатор хоналарда шириндан-шакар фарзандлари яйраб-яшнаб юрмаётганини ўйламайди. Ота-она эса келин-куёв ўйнаб-кулиб ёшлик даврини суриб юрадиган пайтда ажрашиб кетаётганига юраги ачишмайди-ю, мол-дунёни бўлиш, алимент ундириш йўлларини излайди.
Шу ўринда савол туғилади. Хўш, бир гўдак кўнгли чил-чил синиб дунёда армон билан яшаб ўтгудай катта гуноҳнинг жавобгарлигини кимнинг зиммасига юклаймиз? Эркакнингми ё аёлнинг? Умуман, бу юклашдан болага, жамиятга қандай фойда бор? Ўзи дунёга келтирган гўдаклар олдидаги масъулият юкини елкасидан улоқтириб, тинч, осойишта ўтаётган ҳар бир кунига шукур қилмай ўз кўнгил кўчасига кетаётган айрим нотавон бандаларни инсофга келтирадиган куч керак.
Ҳа, биз, энг аввало, оёқларимиз юриб, кўзларимиз кўриб, юрагимиз уриб тургани, фарзандларимиз келажагини ўйлаб яшаётганимиз учун шукур қилмоғимиз керак. Атрофга боқиб, ҳамма нарса ғанимат эканлигини тушуниб етиш, борига шукур қила билиш зарур. Астойдил интилса бугун кечагидан, эртага эса бугундан яхши, фарзанд келажаги, бахтини ўйлаб яшаш нақадар лаззатли эканлигини ҳис этиш қандай бахт!
Рўзимурод ТУРСУНОВ.