Амир Темур кумуш ва олтин қазиб олишда қандай усулни қўллаган?

Мамлакат иқтисодиётида Темур ва темурийларнинг асосий ижтимоий таянчи йирик заминдорлар эди. Ерга эгалик қилиш шакли бир неча тоифага бўлинган: давлат, мулк ва вақф ерлари. Темур ва темурийлар даврида жамоа ерлари сақланиб қолган.

Темур ва темурийлар даврида давлат ерларини инъом қилиш – суюрғол этиб бериш кенг тус олди. Амир Темур авлодлари суюрғол асосида Кеш (Шаҳрисабз) вилоятига эгалик қилганлар. Суюрғол том маънода хайр-эҳсон, ерни ҳадя этиш, имтиёзни англатади. Унинг эгаси солиқ дахлсизлигидан фойдаланиб, суюрғолга қарашли ерлардан ўз фойдасига ўлпон олган. Суюрғол эгасининг иқтоъдордан фарқи шунда эдики, у маъмурий суд дахлсизлигига ҳам эга бўлган. Суюрғоллик Амир Темургача ҳам мавжуд эди.

Солиқ дахлсизлиги бу ўринда ҳарбий ва давлат хизмати билан шартланган. Лекин, соҳиб ва маъмурий шахсларни тайинлаш ҳуқуқи бўлган суюрғоллик тизими темурийлар давлати емирилишига олиб келди. Суюрғол Амир Темур уруғ-аймоғидан бўлмаган айрим амирларга ҳам берилиши мумкин эди. Улар асосан чиғатой уруғидан, кейинчалик эса унга жангсиз таслим бўлган йирик ҳукмронлардан бўлган. Айрим суюрғол эгалари бир вақтнинг ўзида тархон ёрлиқларига ҳам эга эди. Ушбу шахсларнинг нотўғри хатти-ҳаракати тўққиз мартагача кечирилган, у шоҳ олдига бемалол кириб чиқишга имкон берган. Тархонларга берилган катта имтиёзлар кейинчалик ушбу аслзода қатламнинг бойиши ва кучайишига олиб келди. Уларнинг айримлари бир неча минг сонли ҳарбий отрядга эга бўла борди.

Тархон-фахрий номи баъзи ҳолларда савдогарларга ҳам берилган. Тархон имтиёзлари хорижий савдогарларга ҳам берилиши мумкин эди. Масалан, тарихий ҳужжатлар тўплами “Мактубот ва аснод”да таъкидланишича, Туркиядан келган Хўжа Илёс Чалабий Тархон ёрлиғига мувофиқ ўз фаолияти ва Мовароуннаҳр ҳудудига келган вақтда тамға ҳақи ва бошқа хил мажбуриятлардан озод қилинган.

Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврларида ернинг маълум қисми вақф этиб берилган. Вақф ерлар диний, хайрия, ўқув ва бошқа муассасалар фойдасига ташкил этилган. 1420 йил Улуғбек ўз ихтиёри билан ер ва суғориш каналларини Самарқанддаги мадраса фойдасига ўтказди. Ундан келадиган даромад мазкур мадраса харажатларини бир неча баробар қоплар эди. Шу билан бирга, сунний руҳонийлар роли ушбу даврда (XIV аср охири, XV аср боши) юқори бўлган.

Деҳқонлар ва чорвадорлар мамлакат аҳолисининг асосий қисмини ташкил этар эди. Барча солиқ тўлайдиган аҳоли каби улар “раъийат” атамасини олган, бироқ мулкий муносабатда турли ижтимоий қатламга ажралар эди (чоракор, мутаъаллик, мулкдор ва бошқалар). Мамлакат ободончилиги ва кишилар хотиржамлигини деҳқонлар ушлаб турар эди. Ҳақиқатан, жамият асосини ўша пайтда амлокдор-деҳқонлар ташкил этган. Амир Темур қўл остидаги (кейинчалик темурийлар) ернинг бир қисми кўчманчи-чорвадорлар томонидан банд эди. Кўчманчи хўжалик давлатда маълум ўрин эгаллаган. У қорамол, мол, от, қимиз, сут-қатиқ, гўшт, жун, намат етказиб берар эди.

Кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли ўртасида айрим ҳунармандчилик турлари: гилам тўқиш, намат босиш, терига ишлов бериш ривожланган эди. Мовароуннаҳр ўтроқ аҳолисига асосий гўшт кўчманчилар чорвасидан етказилган. Кўчманчилар одатда ўз подаси, хотин ва бола-чақаси билан юришга чиққан. Оддий кўчманчилар жангчиларни йўлда қўй, туя ва отлар билан таъминлаган.

Клавихо Амир Темур билан “улуғ ишларни амалга оширган ва кўп жангларда ғолиб чиққан” қабила хусусиятини ифодалар экан, шундай ёзади: “Улар меҳнатсевар ва (яхши) отлиқ, камон отишга уста ва жасур жангчидир. Агар мўл-кўл егулик бўлса, ейишади. Бўлмаса нонсиз (фақат) гўшт ва сут билан қаноатланишади... Совуқ, жазирама, очлик ва ташналикни бошқа ҳар қандай халққа нисбатан осонликча енгишади”.

Мовароуннаҳр ерлари остида темир, мис, тошкўмир мавжуд эди. Бир вақтлар кумуш конлари ишлаган ва олтин қазиб чиқарилган. XVII асрнинг 40-йилларида Маҳмуд ибн Вали хабар беришича, Тошкент вилоятида тоғларда феруза, темир, қалайи конлари мавжуд бўлиб, бироқ фойдаланилмаган. Хуттолон (ҳозирги Кўлоб) мамлакатидаги тоғларда олтин, кумуш, қалайи, темир, мис ва бошқа металлар ўрни кўрсатилади. “Ўша йилларда ўлпон тўлайдиган аҳоли учун энг муҳим солиқ олтин ҳисобланган, чунки бир неча қишлоқларда солиқ олтин билан тўланади”. Фарғона тоғларида олтин ва кумуш бор эди. Бу ерда мис, нефть, ложувард, симоб, қўрғошин навшадил қазиб чиқарилган.

Металл, тош, махсус тупроқ ва бошқалар турли хил буюмлар тайёрлаш учун фойдаланилган. Амир Темур Ғарбга юриш қилган вақтнинг ўзидагина уч минг жуфт совут, кўплаб дубулға, ўқ-ёй тайёрланган. Бадахшонда бутун мусулмон оламида маълум бўлган лаъл турлари қазиб чиқарилган. Шу коннинг ёнида ложувард кони бўлган тоғ жойлашган. Айнан шу ердаги қояларда зангори ёки кўкиш ёқут (сапфир) қазиб олинган. Амир Темур қимматбаҳо тошларни қазиб олишни қаттиқ назорат қилишни буюради. Махсус қўриқчилар гуруҳи кончилар ишини кузатиб турар эди. Конларни қазиш ва тошларни қайта ишлаш қўлда бажарилган. Ёзма манбаларда Самарқанд вилоятидан чиқариладиган товарлар ичида “яхши мармар” тилга олинади. Бу ерда, шунингдек, сурма, гипс, ганч бор эди. “Самарқанд била Кеш орасида бир тоғ тушубтур. Итмак добони дерлар, сангтарошлик қилур тошларни тамом бу тоғдин элтарлар”, - деб ёзади Бобур.

Мовароуннаҳр Амир Темур салтанатида сиёсий ва иқтисодий жиҳатлардан алоҳида ўрин эгалларди. Айниқса, иккита шаҳар – Самарқанд ва Кеш (Шаҳрисабз)нинг ободончилиги Амир Темурнинг диққат марказида турарди. Бу ерда ҳашаматли бинолар қурилди ва бозорлар пайдо бўлди. Оқсарой бунёд этилди.

Маҳаллий ва бошқа мамлакатлардан олиб келинган усталар қўли билан бунёд этилган ва бир қисми бизгача етиб келган улуғвор бинолар, ҳашаматли иншоотларнинг олий намуналари бўлиб, ўша давр оламининг энг гўзал бинолари билан рақобатлаша оларди. Ёпиқ бозорлари бўлган кенг кўчалар, махсус савдо бинолари – чорсу, тоқ, тим, савдо майдончалари, ун, ғалла ва ҳоказолар сотиладиган каппонлар Ўрта Осиёнинг энг йирик савдо-ҳунармандчилик марказларидан бирининг қиёфасини белгилар эди.

Ўтан Тўхтамишев,

СамИСИ доценти.

Шовқиддин Абдурашитов,

СамИСИ ўқитувчиси.

(Давоми бор)