Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Амир Темур ва Тожмаҳал мақбараларини бирлаштирадиган жиҳат нима?

Қадимда мақбаралар асосан олим, уламолар, дин арбоблари қабрлари устида қурилган. Бу иш уларнинг қариндош-уруғлари томонидан эмас, ҳукмдорлар ва баъзан бадавлат кишилар томонидан амалга оширилган.

Лекин юртимизда шоҳлар қабри устида барпо этилган мақбаралар бор. Масалан, Бухоро шаҳридаги мўғуллар босқинидан олдин қурилиб, ҳозиргача сақланиб турган Бухоро шоҳи Исмоил Сомоний қабри устидаги мақбарани мисол келтиришимиз мумкин. Яна Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуаси таркибида ҳам шоҳлар оиласига мансуб мақбаралар бор.

Булар ичида Самарқанддаги Амир Темур мақбараси олти юз йилдан бери ўзининг бетакрорлиги ва меъморий ечими билан барчани ҳайратга солиб келмоқда. Ушбу мақбара 1404 йил Амир Темур фармонига мувофиқ 1403 йили урушда олган жароҳати туфайли ҳалок бўлган севимли набираси Муҳаммад Султон қабри устида қурилган. Кўп ўтмасдан, 1405 йил Хитойга юриш вақтида йўлда вафот этган Соҳибқирон Амир Темур ҳам ҳали қуриб битказилмаган шу мақбарада дафн қилинган. Кейинчалик бу ерда Мироншоҳ (1408 й.), Шоҳруҳ Мирзо, Мирзо Улуғбек ҳамда темурий шаҳзодалар - Султон Муҳаммад Мирзо, Абдулло Мирзо, Абдураҳмон Мирзолар жисми қўним топган. Шохруҳ Мирзо амри билан бу ерга Амир Темурнинг маънавий устози-пири Мир Саид Барака тупроғи келтирилиб, кўмилган.

Энди мақола сарлавҳасида келтирилган иккинчи мақбара, яъни Ҳиндистон ҳукмдори Шоҳ Жаҳон томонидан 1632-1653 йилларда, 1631 йил вафот этган суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳал (Аржумандбону) шарафига қурилган машҳур Тожмаҳал мақбараси ҳақида сўз юритамиз. Оқ мармардан барпо этилиб, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар билан безатилган ушбу мақбара салкам тўрт юз йилдан бери барча сайёҳларни мафтун этиб келмоқда. Ушбу мақбарада Мумтоз Маҳалдан ташқари 1666 йилда дунёдан ўтган император Шоҳ Жаҳоннинг ўзи ҳам дафн этилган. Шуни таъкидлаш керакки, Деҳли шаҳрида яна бир бобурий ҳукмдор Муҳаммад Ҳумоюн қабри устида олдинроқ, яъни 1562-1571 йилларда қурилган мақбара ҳам бор.

Хўш, дунёнинг икки чеккасидаги ушбу икки бебаҳо меъморий обидани битта мақолада ёритишимизнинг сабаби нима? Тўғри, мақбараларнинг ташқи кўринишида оз бўлса-да, ўхшашликлар бор: иккала мақбарада ҳам асл қабрлар пастки хонада жойлашган. Ҳар иккала мақбара ҳам ЮНЕСКО томонидан рўйхатга олинган. Лекин буларнинг ҳаммаси асосий сабаб эмас. Бу иккала ажойиб архитектура дурдонаси асли келиб чиқиши Ўрта осиёлик, аниқроғи, ўзбекистонлик бўлган темурийлар сулоласи ва уларнинг Ҳиндистондаги давомчиси бобурийлар сулоласи ҳукмдор вакиллари томонидан қурдирилган. Шу ерда гидларимиз ушбу фактни ажойиб исботи сифатида император Шоҳ Жаҳоннинг отаси бўлган Ҳиндистон ҳукмдори Жаҳонгир (1605-1627 йилларда ҳукмдорлик қилган) томонидан Самарқандга ўзининг бобокалони бўлган Амир Темурнинг мақбарасини реставрация қилиш учун жуда катта моддий бойлик юборилганлигини айтиб ўтиш жоиз. Бу факт, айниқса, ҳиндистонлик сайёҳларни лол қолдирган бўларди.                                                        

Рустам Вафоев.