Мевали дарахтларни аномал совуқдан қандай сақлаш мумкин?
Юртимизга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келяпти. Бундай аномал совуқда қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган соҳа вакиллари нималарга эътибор қаратишлари лозим?
Кўп йиллик дарахт, сабзавот экинлари ва чорва ҳайвонларини совуқдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш бўйича вилоят агрохизматлар маркази (АКИС) мутахассислари томонидан аграр соҳа вакилларига бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Мевали дарахтлар совуққа қанчалик чидамли?
Жумладан, олманинг айрим турлари ва навлари совуққа турлича чидамли. Кўпгина жанубий навлар -32 -35 даражадан паст ҳароратда, баъзилари эса (семеренко) -21 даража совуқда нобуд бўлади. Нок -26 -28 даражадан -30 -32 даражагача, беҳи -27, ўрик -30, шафтоли -22 -26, бодом -22 -25, жийда -30, олхўри -30, гилос -28, ёнғоқ -25 даражада бир йиллик янги новдаларини совуқ уради.
Анорни бир йиллик новдалари -12 -15, шох-шаббалари -16 даража совуқда, -18 -20 градус совуқда эса ўсимлик илдиз бўғзигача ер устки қисмини совуқ уради. Анжир -15 даражада бир йиллик новдалари, -16 да шох-шаббалари, -18 -20 даражада эса ўсимлик илдиз бўғзигача ер устки қисмини совуқ уради.
Хурмо -18 -20 даражагача бардош беради, лекин анча зарарланади, чилонжийда (Унаби) -28 -30 даража совуққача бардошли ҳисобланади.
Қулупнай совуққа чидамсиз бўлганлиги учун қорсиз қишда ҳам совуқ уриши мумкин. Шунинг учун бундай вақтда унинг устини сомонли гўнг билан ёпиқ қўйиш талаб этилади. Малина маданий навлари қишга чидамсиз, новдалари кеч кузда ўсишдан тўхтайди ва қиш қаттиқ бўлганда совуқ уради. Қора смородина сувуққа жуда чидамсиз.
Боғларни аномал совуқдан сақлаш учун тутунлатиш усулидан фойдаланиш тавсия этилади. Тутун ним қуруқ нарсаларни ёқиш ёки тутун парда ҳосил қиладиган "шашка"ларни тутатиб (чет элларда самолётдан боғ устига ташланадиган қатор кимёвий бирикмалар ёрдамида ҳам) ҳосил қилинади.
Энг осони, тутун уюмлари чиқинди, гўнг, яроқсиз нам похол, шох-шабба, қипиқ, барг ва бошқа кўп тутун ҳамда буғ чиқариб ёнадиган материаллардан ҳосил қилинади. Уюмнинг катта-кичиклиги 1-1,5 метр баландликда ва 1,5-2 метр кенгликда бўлгани маъқул. Тагида қуруқ ва енгил алангаланиб ёнадиган материаллар, устига нам, тутайдиган, ёнаётганда кўп тутун ва буғ чиқарадиган материаллар ташланади. Уюм устига 2-3 сантиметр қалинликда тупроқ солинади, юқорисида эса тутун чиқиши учун тешик қолдирилади. Боғлардаги ҳарорат кескин пасайганда уюмлар шамол эсаётган томондан ёндирилади. Такрорий қора совуқлар бўлиб қолишини назарда тутиб, уларнинг ярми қолдирилиб, яъни уюм оралатиб ёндирилади. Ёнган уюмлардан чиққан иссиқлик ҳаво ҳароратини даражасини бир неча ўн улушидан 0,75-1,0 даражагача иситиши мумкин. Кучсизроқ совуқларда ҳароратнинг бундай ошиши ҳам ижобий натижа беради. Уюмлар ҳосил қилишдан асосий мақсад - кўпроқ қуюқ, барқарор тутун ва буғ чиқариш, уларнинг боғ устига ёйилиб, ернинг ва дарахтларнинг нур тарқатишини камайтиришидан иборат. Тутунларнинг ҳаво ҳарорати исий бошлагунга қадар давом этиши ва қуёш чиқишидан 1-2 соат кейин тугатиш лозим.
Шунингдек, боғларда совуққа қарши курашиш учун махсус грелкаларда (иситкичлар) нефт ва тошкўмирдан қилинган брикетлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Булардан асосан цитрус мевалар етиштириладиган боғларда фойдаланилади. Улар ҳаво ҳароратини 3 даражагача кўтаради, 150 грелка 1 гектар боғда ҳароратни 4-4,5 даражагача оширади. Катта боғларда улардан фойдаланиш бирмунча қийинчилик туғдиради.
Совуқ кунда боғларни қондириб суғориш ҳам паст ҳарорат таъсирини бир мунча камайтиради. Ер юзаси сув билан қоплангунга қадар кўллатиб суғорилади. Бунда сув ҳаво ҳароратидан юқори бўлганлиги учун боғларнинг сув иситкичи ҳисобланади. Иккинчи томондан ҳосил бўлган сув буғлари ернинг ва дарахтларнинг нурланишини камайтиради ҳамда ҳаво ҳароратини пасайишига йўл қўймайди.
Иссиқхоналарни аномал совуқдан асраш ҳам жуда муҳим. Бунинг учун иссиқхона қозонхоналарини ва дудбўронларини қайта тозалаш, герметик ҳолатларни кўриб чиқиш, иситиш манбалари захирасини қилиш, тирқишларни беркитиш, тутун қилиш, имкони бўлмаганда электр колореферли иссиқлик ҳайдовчи вентилацион қурилмалардан фойдаланиш орқали ҳосилни безиён сақлаб қолиш мумкин.
Содиқ Мамасолиев,
Самарқанд вилояти агрохизматлар маркази директори.