Анор гектаридан 70-80 тонна ҳосил беряпти. Тойлоқликлар яна қандай лойиҳаларни амалга оширяпти?
Агроинспекция вилоят бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалигидаги янгиликлар билан танишиш мақсадида Тойлоқ туманида пресс-тур ташкил этилди.
Журналист ва блогерлар дастлаб тумандаги “Худойбердиев Озод Шодиевич” фермер хўжалиги томонидан 2017 йилда ташкил этилган 4 гектар майдондаги анор плантацияси билан танишди. Фермер Ориф Худойбердиев Сурхондарё, Қашқадарё вилоятидан анорнинг серҳосил ва иқлимга мос келадиган навларини келтириб, синов тариқасида парваришлаб кўрди. Натижа ёмон бўлмади, ҳатто кутилгандан ҳам ортиқ самарадорликка эришилмоқда. Ернинг юмшоқлиги туфайли янги анор кўчатларидан ўтган йилнинг ўзида кўчатлар ҳосилга кириб гектаридан 7-8 тонна анор меваси олинган. Кўчатлар тўлиқ ҳосилга кирганда эса гектаридан 70-80 тоннагача ҳосил олинади. Мевалар ҳозирда ички бозорга сотилаётган бўлса, хорижда ҳам анорга талаб ўсиб бормоқда. Хўжаликда тажриба тарқасида 25 сотих майдонда малина етиштириш тажрибаси ҳам синовдан ўтказилмоқда.
Тумандаги “Сиёб Шавкат Орзу” кўп тармоқли фермер хўжалигида 100 гектар майдондаги интенсив боғда тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Бу сув сарфини камайтириш билан бирга ҳосилдорликни ҳам сезиларли ортишига олиб келади.
- Туманимизда 12 минг 61 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдони бор ва унинг 2626 гектарида ток, 881 гектар боғ ва бошқа экинлар ташкил этади, - дейди туман ҳокими ўринбосари Норпўлат Мирзаев. – Туманнинг сувга бўлган эҳтиёжи 5 минг куб метр сонияни ташкил этади. Сув тежовчи технологиялар 3-4 баробаргача сувни иқтисод қилади ва ҳосилдорлик салмоғи ортади. Йил бошидан буён 240 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган бўлса, йил якунигача яна 520 гектар майдонда шундай замонавий технологиялар асосида боғ ташкил этиш режалаштирилган. Жорий йилда туманимизда мева-сабзавот, картошка, узумдан 140 минг тонна ҳосил етиштириш кутилмоқда. Шундан 25 минг тоннадан ортиғини экспорт қилиш режалаштирилган. Шунингдек, 25 та чорвачилик, паррандачилик, балиқчиликка ихтисослашган хўжалик фаолият юритмоқда. Биргина чорвачилик хўжаликларида 4100 бош наслли қорамол, 1,5 миллион бош парранда боқилмоқда. Яна туманимизда картошкачилик кластери ташкил этилиб, маҳсулотни шу ернинг ўзида қайта ишлаш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Тумандаги “Акмал Тошпўлатович” кўп тармоқли фермер хўжалигида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2016 йилда 5 гектар ерда 4 нафар ишчи билан иш бошлаган хўжаликда бугун маҳсулот етиштириш билан бирга, қайта ишлаш тармоқлари ҳам ривожланиб бормоқда.
- Ҳозирда хўжалигимиз тасарруфидаги ерлар 90 гектарга ва доимий ишчиларимиз сони 80 нафарга, мавсумий ишчиларимиз сони 250 нафарга етди, - дейди хўжалик иш бошқарувчиси Ражаббой Ҳайитов. – Хўжалигимиз асосан чорвачиликка ихтисослашган ва ҳозирда асосан Украина, Голландия ва бошқа давлатлардан келтирилган 310 бош наслли қорамол боқилмоқда. Яна хўжалигимизда деҳқончилик, балиқчилик, боғдорчилик, иссиқхона, зираворчилик, картошкачилик тармоқлари ҳам ривожлантирилиб, картошкачилик кластери ташкил этилди. Голландиядан “Аризона”, “Эволюцион” навларини келтирдик ва улардан 40-42 тоннагача ҳосил олинмоқда. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга уруғликлар тарқатилмоқда. Яна 1,5 минг тонналик музлаткичли омборхона қурдик. Шу пайтгача хўжалигимизда тайёрланган сутни бошқа қайта ишловчи корхоналарга топширган бўлсак, жорий йилдан замонавий ускуналарни келтириб кунига 800-1000 литргача сутни ўзимизда қайта ишлашни йўлга қўйдик. Хўжалигимиз хориждан наслли чорва молларини келтириб, таъминотчи сифатида аҳолига шартнома асосида тарқатяпмиз, ҳозиргача 250 бошдан ортиқ наслли чорва моллари етказиб берилди. Бу албатта аҳоли даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш, сут ва гўшт маҳсулотларининг мўллигига хизмат қилади.
Ў.Худойбердиев.