Ақлли қишлоқ хўжалиги. У нима дегани?

Бугун Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида “Ўзбекистонда ақлли қишлоқ хўжалигини жорий этишнинг назарий ва амалий асослари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

- Ҳозирги кунда филиалимизда 17 та таълим йўналишида талабалар таҳсил олмоқда. Шунингдек, бешта ихтисослик бўйича докторантура йўналишида ҳам таълим берилмоқда. Бугун илмий салоҳиятимиз 47.8 фоизни ташкил этади. Фаол профессор-ўқитувчиларимиз етмиш нафарни ташкил қилади. Шулардан 14 нафари таянч докторантлар, 6 нафари эса мустақил тадқиқотчилар ҳисобланади, - деди конференцияни очиб берган филиалнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари Бобур Эшонқулов.

Халқаро илмий-амалий конференцияда профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, докторантлар ва иқтидорли талабалар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари тингланди.

- Менинг тадқиқот мавзуим “Бухоро вилояти шароитида артишок навларининг уруғ маҳсулдорлиги ва фитокимёвий таҳлили” ҳисобланади, - деди филиал ўқитувчиси Элдор Исомов. – Артишок Ўзбекистон учун ноанъанавий бўлган, истиқболли, қимматбаҳо доривор ўсимлик бўлиб, ўт, жигар, буйрак, артеосклероз, стоматит каби касалликларни даволашда кенг миқёсда қўлланиб келинмоқда. Артишок ўсимлигини Бухоро вилояти шароитида мавсумий ўсиш, ривожланиш хусусиятлари қиёсланди ҳамда уруғчилик учун тавсиялар берилди. 

Конференция йиғилиши ва шуъбаларида ҳудудларни барқарор ривожлантиришда рақамли технологиялардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиймат занжири ва озиқ-овқат хавфсизлиги барқарорлигини таъминлаш, “Ақлли қишлоқ хўжалигини жорий этишнинг асосий жиҳатлари, сув ресурслари, ўғитлардан самарали фойдаланиш ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилишда “Сунъий интеллект (АИ)”лардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида “BIG DATA” маълумотлар базасини шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг иқтисодий асослари, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини парваришлашда ва маҳсулотларини қайта ишлашда ақлли технологияларни жорий этишга доир илмий тадқиқот мавзуларида маърузалар ўқилди.

Халқаро илмий-амалий конференция иши икки кун давом этади.