АҚШ 2030 йилгача атмосферага чиқарадиган зарарли газларнинг ярмидан кўпини қисқартиришга ваъда берди
Америкада иқлим ўзгаришига бағишланган икки кунлик саммит бўлиб ўтмоқда. Уни АҚШ президенти Жо Байден очди. Бу Америка янги маъмурияти томонидан 22 апрелда нишонланадиган Халқаро Ер кунига тўғри келадиган биринчи йирик халқаро тадбирдир. Унда 40 та мамлакат раҳбарлари иштирок этди.
Байденнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар 2030 йилга келиб атмосферага чиқарадиган зарарли газларнинг ярмидан кўпини қисқартириш ва 2050 йилга келиб нолга тенглаштириш мажбуриятини олди.
"Европа дунёдаги биринчи иқлим жиҳатдан нейтрал қитъа бўлишни хоҳлайди, аммо иқлимни сақлаб қолиш учун бизга тинчлик керак. Барча йирик ташкилот ва корхоналар масъулиятни ўз зиммаларига олишлари ва ўтиш даврини ҳамма учун очиқ имкониятлар даврига айлантириши керак. Келинг, иқлим учун янги глобал эталонни ўрнатайлик. 2030 йилгача чиқиндиларни камайтириш бўйича мажбурият ва қўшма ҳаракатлар устида биргаликда ишлайлик. Бу бизни 2050 йилга келиб чиқиндиларни нолга етказиш бўйича якуний мақсадга яқинлаштиради. Бу бизнинг сайёрамизга жуда зарур", дея Европа Иттифоқи позициясини тақдим этди Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляен.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин ХХР кўпгина ривожланган давлатларга қараганда углерод нейтраллигини тезроқ қўлга киритиш учун 2026 йилдан бошлаб кўмир истеъмолини қисқартиришни бошлашни ваъда берди.
Россия президенти Владимир Путин эса жаҳон ҳамжамиятини зарарли чиқиндиларни мониторинг қилиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга ва ҳар қандай дунёвий зиддиятли муаммоларни ҳал қилиш учун давлатларнинг ўзаро таъсирини фаоллаштиришга чақирди.
Америка томонидан қабул қилинган мажбуриятлар Қўшма Штатлар президент Дональд Трамп раҳбарлиги даврида тўхтаган иқлим ўзгаришига қарши кураш глобал саъй-ҳаракатларга қайтганлигини англатади. Ҳозирги маъмурият 2015 йилда Президент Барак Обама Парижнинг иқлим тўғрисидаги битимини имзолаганда ваъда қилган қисқартиришни деярли икки бараварга оширди.