АҚШдаги сайлов пойгалари: Трамп олдиндами ёки Байден?
2020 йил 3 ноябрь куни АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Бунда Республикачилар партиясининг амалдаги президенти Доналд Трамп ва демократ Жо Байден ўртасида танлов ўтказилади.
АҚШда сайлов куни яқинлашганда сайлов участкалари кампаниялари қайси номзодни танлаш бўйича халқдан сўровномалар ўтказади.
Жо Байден президентлик сайловлари бўйича миллий сўровномаларда етакчилик қилмоқда. Аммо бунга қараб сайлов натижаларини башорат қилиб бўлмайди. Негаки, АҚШда «беланчак» штатлардаги ҳолат вазиятни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. «Беланчак» штатлар деганда, 2012 йил демократ Барак Обамани қўллаб-қувватлаб, 2016 йилги сайловларда республикачи Трамп томонига ўтиб кетган ўзгарувчан штатлар назарда тутилади. Флорида, Пенсилвания, Огая, Мичиган, Шимолий Королина, Аризона, Висконсин ва Аёва штатлари шулар жумласидандир.
Сентябрь ойида «беланчак» штатлардан олинган сўровномаларнинг сўнгги кўрсаткичи Доналд Трамп 42,1 фоизни, Жо Байден эса 49,4 фоизни қўлга киритганлигини кўрсатмоқда. Аммо бу демократларнинг ғалабасини тўлиқ кафолатламайди. Негаки, 2016 йилги сайловларда ҳам Хиллари Клинтон худди шундай вазиятда эди. Натижада Доналд Трамп ғалабани қўлга киритган.
Интернет маълумотлари асосида Дилфуза ОСТОНОВА тайёрлади.