АҚШга “таклифнома” ваъда қилиб, юртдошларини чув туширган фирибгарга жиноят иши очилди

2019 йилнинг сентябридан 28 октябрига қадар 25 ёшли, Шайхонтоҳур туманида яшовчи Б.Ғ. ўзининг таниши 35 ёшли С.Х.нинг ишончига кириб, унга 5.000 АҚШ доллари эвазига АҚШ давлатига боришга виза учун таклифнома қилиб беришни ваъда қилган ва уни алдаб, 2.700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, берган ваъдасини бажармасдан, пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Шунингдек, Б.Ғ. жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2019 йилнинг сентябрь ойидан 28 октябрига қадар 26 ёшли Б.А.нинг ишончига кириб, унга 5.000 АҚШ доллари эвазига АҚШ давлатига боришга виза учун таклифнома қилиб беришни ваъда қилиб, алдаб, ундан ҳам 2.050 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган ва ваъдасини бажармай, фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани 6-ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, дастлабки тергов жараёнида Б.Ғ. томонидан етказилган моддий зарар 44.950.707 сўмни ташкил қилганлиги аниқланган. Шундан, тергов жараёнида 946.300 сўм қопланган бўлиб, Б.Ғ. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан “шахсий кафиллик” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши бўйича айблов хулосаси тузилиб, тегишлилиги бўйича судловга ошириш масаласини кўриб чиқиш учун Шайхонтоҳур тумани прокуратурасига юборилган.