Айрим ҳудудларда ишчиларнинг маълумотлари солиқ платформасига тўлиқ жойлаштирилмаган: Вилоят ҳокимлигида пиллачилик соҳасидаги ишлар муҳокама этилди

Айтилишича, бу йил вилоятда 3109 тонна пилла етиштириш режалаштирилган бўлиб, мавсумда 54 минг 518 қути ипак қурти парваришланган.

Пилла етиштириш мавсумида 78 минг аҳоли мавсумий ишга жалб этилган. Пилладан келадиган йиллик даромад 76,7 миллиард сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, Президент ташаббуси билан ҳар бир килограмм топширилган пилла учун 5 минг сўмдан субсидия пули берилмоқда.

- Бироқ барча ҳудудларда ҳам пиллачилик бўйича белгиланган ишлар етарли даражада олиб борилмаяпти - деди Эркинжон Турдимов.

Жумладан, Оқдарё, Булунғур, Жомбой, Қўшработ, Тойлоқ ва Ургут туманларида етиштирилган пилла ҳисоботлари статистика бўлимларига тақдим этилмаган.

Пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан мавсумий ишчилар ишга олиниб, уларнинг бандлиги таъминланган бўлса-да, Пахтачи, Оқдарё, Пайариқ, Каттақўрғон ва Нарпай туманларида ишга жойлаштирилган аҳоли маълумотларини солиқ платформасига жойлаштириш ишлари охирига етказилмаган.

Муҳокама давомида ҳудуд раҳбарлари, соҳа масъулларига йўл қўйилган хато ва камчиликлари бирма-бир санаб ўтилди. Якунда олиб борилаётган ишларни танқидий таҳлил қилиш зарурлиги, субсидия маблағлари ипак қурти боқувчи звеноларга қонуний ва тўғри тарқатилишини таъминлаш борасида зарур топшириқлар берилди.