Байденнинг дастлабки сайлов натижаларидан 20 та овоз олиб ташланди

Натижада, демократик партия номзоди ҳозирда 259 овозга эга бўлиб, ғолиблик учун унга зарур 11 та овоз етишмаяпти, дея кўрсатмоқда RealClearPolitics сиёсий сўровлар агрегатори манбаси.

Портал сайтидаги интерфаол жадвалга кўра, Байденнинг дастлабки тўплаган овоз натижаларидан Пенсилвания штати сайловчиларининг 20 та овози олиб ташланди. Унинг рақиби, АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп ҳозир 214 овозга эга.

Шундай қилиб, Пенсилвания ҳам "омонат" штатлар, деб ҳисобланган Аризона, Аляска, Жоржия ва Шимолий Каролинага қўшилди. Айни пайтда Пенсилвания штатидан 97 фоиз овозга эга бўлган Байден 49,8 фоиз билан пешқадамликни сақлаб қолмоқда. Трамп эса 49,1 фоиз овозга эга.

Трамп Аризона ва Пенсилвания штатларида "сайловдаги сохталиклар"ни исботлаш учун аллақачон даъво аризалари билан мурожаат қилди. Аризада почта орқали тушган бюллетенларни санашдаги қонунбузарликлар ҳақида гап кетмоқда. Трампнинг фикрича, овоз беришда шаффофлик тамойилларига амал қилинмаган.

Демократ Жо Байден 7 ноябрь куни ўзини АҚШ Президенти сифатида сайланганини эълон қилди. Ажабланарлиси, турли ҳисоб-китобларга кўра, у талаб қилинган 270 ўрнига 273 дан 290 гача овоз тўплаган. Трамп бунга жавобан рақиби ўзини ғолиб дея эълон қилишга шошилганини таъкилади.