Байрам арчалари нега чўктирилади? Глобал исиш совуқликни олиб келиши ростми? Шимол ёғдуси қандай янграйди?
Гўзал сайёрамиз қанчалик ўрганилган бўлмасин, унда ҳар доим кишини ажаблантирадиган нимадир топилади: тошбақалар кўз ёшларини ичадиган капалаклар ёки кўллар тубидаги арчалар ҳар қандай одамни лол қолдирса керак. AdMe.ru сизни шу ва шу каби қизиқарли саволларга жавоб топишга чорлайди.
Нега капалак тошбақа кўз ёшини ичади?
Ҳайвонот дунёсининг йиртқич вакиллари еган гўшти билан бирга аминокислоталар, натрий ва бошқа фойдали элементларни олади, вегетариан капалаклар эса витаминларнинг муқобил манбасини излашга мажбур. Табиатда бу каби ҳодиса тез-тез учраб туради: масалан, баъзи тўтиқушлар лой ейди, маймунлар эса тупроқ ялайди. Капалакларнинг тошбақа кўз ёшлари билан тўйинганлиги каби ажойиб манзарани фақат Ғарбий Амазония ўрмонларида кўриш мумкин.
Қандай қилиб глобал исиш совуқни келтириши мумкин?
Арктика доимий равишда муз қопламини йўқотиб бормоқда. Илгари кўп километрлик муз қуёшни акс эттириб турган бўлса, энди унинг нурлари сув устунига кириб, уни иситяпти. Буғланиш натижасида иссиқлик оқимлари стратосферага етиб боради.
Илгари стратосферанинг совуқлиги барқарор ҳаво оқимлари билан ушлаб турилган. Энди океанлардан чиқаётган буғлар иссиқлиги бу оқимларни заифлаштириб қўяяпти ва улар эркингина бошқа ҳудудлар бўйлаб тарқаляпти. Олимларнинг прогнозлари унчалик оптимистик эмас: Арктика исишда давом этмоқда, демак совутиш эффекти фақат кучайиб боради.
Нега “Рождество” арчалари сув тубига юборилади?
Американинг бир нечта штатида ўзига хос экологик лойиҳа бошлаб юборилди: байрамлар тугаши билан Рождество дарахтлари маҳаллий сув омборлари тубига юборилади. Бошқа дарахтлардан фарқли ўлароқ, игнабарглилар сувга чидамли. Уларни сунъий сув ҳавзалари тубига қўйиш орқали одамлар сув ости ўсимликларнинг ўсишига ёрдам берадиган ва кичик балиқлар учун бошпана бўлиб хизмат қиладиган ноёб рифларни яратишади. Моҳиятан инсон қўли яратган экотизим шу тарзда ҳосил бўлади.
Шимол ёғдуси қандай янграйди?
Жозибали Шимол ёғдуси нафақат кўриш, балки эшитиш ҳам мумкин бўлган ҳодисадир. Кўпгина шимолий халқларда бу ҳақда афсоналар бўларди, лекин нисбатан яқинда бу ҳақиқат расмий тасдиқланди. Товушлар шитирлаш, шивирлаш ёки хира зарбаларга ўхшайди.
Финландия олимларининг фикрига кўра, бу совуқ кечаларда зарядланган атмосфера қатламида ҳосил бўлиб “қадалиб қолган" зарраларнинг овози. Қуёш спектрлари Ерга етиб боргач, бу зарралар тезда зарядидан холи бўлади ва ўзига хос чирсиллаган овозлар эшитилади.
Бир қошиқ мой тўлқинларни тинчлантириши мумкинми?
Бир ош қошиқ ўсимлик мойи бир неча квадрат метр майдондаги тўлқинларни тинчлантириши мумкин. Ёғ кислоталари молекулалари сув юзасига тушганда, улар юзага нисбатан жуда катта майдонни эгаллаб, бир қатламда тизилади. Бундай “парда” улкан тўлқинларни тўхтата олмайди, лекин бу кичик тўлқинларни тинчлантириш учун етарли. Шамол сувни қўзғатиш ўрнига бор кучини ёғли гиламни ҳайдашга сарфлайди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.