Беларусь мухолифатчиси Мария Колесникова ўғирлаб кетилди
- 08.09.2020 09:00
- 243
- Хориж
Беларусь мухолифатчиси Мария Колесниковани Минск марказида микроавтобусга ўтқазишган ва номаълум томонга олиб кетишган. Бу ҳақда Rambler.ru нашри хабар берди.
Воқеа гувоҳи бўлган Анастасиянинг сўзларига кўра, воқеа 7 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 10:05 (12:05 – Тошкент вақти)да Миллий рассомчилик музейи ёнида содир бўлган.
“Мен асфальтга қулаб тушган телефон овозини эшитдим. Ўгирилиб қарасам, фуқаролик кийимидаги ниқоб таққан одамлар Марияни микроавтобусга тиқишди, унинг телефони қўлидан учиб кетди. Номаълум одамлардан бири телефонни олди ва микроавтобусга сакраб чиқди ва улар кетишди”, дея сўзлаб берди воқеа гувоҳи.
Унинг сўзларига кўра, у Колесниковани таниган. Бироқ ҳодисани видеога олишга қўрққан. Шу билан бирга гувоҳ мухолифатчи олиб кетилган автомобилда “Алоқа” ёзуви бўлганини айтди.
Маълум қилинишича, Колесникованинг қўл телефони ишлаб турибди. Лекин у телефонга жавоб бермаяпти.