Бино 40 фоизга арзонлаштирилган, нега унда ҳалигача харидор йўқ?

Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг Самарқанд вилояти ҳудудий  бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳри, Ургут ва Оқдарё туманларидаги давлат мулкини хусусийлаштириш, сармоя киритиш, инвестициявий мажбуриятларни бажариш, инвесторларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган масалаларга ечим топишга бағишланган пресс-тур уюштирилди.

Тадбир қатнашчилари дастлаб “Самарқанддон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди.

Аввал тўлиқ давлат тасарруфида бўлган корхоналарда давлат улушини камайтиришга қаратилган дастурлар асосида бу каби корхоналар акциядорлик жамиятларига айлантирилди. Корхонадаги модернизация жараёнлари туфайли Туркиядан 1,7 миллион долларлик замонавий ускуналар келтирилиб жорий йил бошидан кунига 150 тонна юқори сифатли ун маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилди.

Тежамкор ускуналар туфайли электр энергиясидан 40 фоизгача маблағ иқтисод қилинмоқда. Бунинг натижасида корхона 2019 йилда 11 миллиард сўм даромад олган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида даромадлар салмоғи 6 миллиард сўмдан ортди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда давлат иштирокидаги 9 та акциядорлик жамияти, 79 та масъулияти чекланган жамият ва 107 та давлат унитар корхонаси фаолият юритмоқда.

– Йил бошидан буён е-ijro auksion савдо майдончаси орқали 49 та объект сотилди, яна 12 объект савдога қўйилган, 20 та бино эса савдога чиқарилиши режалаштирилган, – дейди давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Абдувоҳид Янгибоев. – Ҳозирда бошқармамиз томонидан 100 миллиард сўм ва 210 миллион доллар сармоя киритиб, 2800 дан ортиқ янги иш ўрни режалаштирилган 77 та объект бўйича назорат ишлари олиб борилмоқда. 2020 йилда 24 та объектда шартнома бўйича 45,4 миллиард сўм инвестиция киритилиб, 800 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Аммо бўш турган ва бир неча бор е-ijro auksion савдо майдончасига чиқарилиб ҳозиргача сотилмаётган объектлар ҳам бор. Жумладан, Самарқанд шаҳар Спитамен кўчасидаги бино фаолият тури чекланмаган ҳолда дастлаб 3 миллиард 200 миллион сўм қийматда савдога қўйилди, тўрт муддатдаги савдоларда ҳам харидор топилмагач, бино дастлабки нархидан 40 фоизга туширилиб, ҳозирда 1 миллиард 968 миллион сўм қийматда қайта сотувга чиқарилди. 

Пресс-тур иштирокчилари Ургут туманидаги “Ургут Маруфҳожи” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди.

2017 йилда тиббиёт маркази ташкил этиш учун “ноль” харид қийматида 23 миллиард сўм сармоя киритиш ва 170 та иш ўрни яратиш шарти билан олинган бино шу кунларда фойдаланишга топширилиш арафасида.

– 2017 йилда е-ijro auksion савдоларида тиббиёт маркази ташкил этиш лойиҳаси билан қатнашиб ғолиб бўлдик, - дейди жамият раҳбари Баҳром Додиев. – Шундан сўнг Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари назоратида икки қавтли бинонинг учинчи қавати ва қўшимча бино қуриш ишларини бажардик. Белгиланган муддатда бино тайёр бўлди, лекин пандемия туфайли фойдаланишга топшириш муддати чўзилди. Шу боис, яна қўшимча 1 миллиард сўм сармоя киритиш шарти билан ишга тушиш муддати бир йилга узайтирилди. Ҳозиргача қурилиш ишларига 14 миллиард ва хориждан замонавий тиббиёт ускуналари келтириш учун 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Сентябрь ойида марказни фойдаланишга топшириш ниятидамиз. Бу ерда барча турдаги тиббий таҳлиллар ўтказилиши билан бирга Covid-19  учун ҳам тест топшириш имконияти яратилмоқда.

Журналистлар вилоятдаги инвестиция киритиш шарти билан берилган яна бошқа объектларда ҳам бўлдилар.

Ўтам ХУДОЙБЕРДИЕВ.