Биринчи учар мотоцикл сотувга чиқарилди
Японияда дунёдаги биринчи "XTurismo Limited Edition" учар мотоцикли сотувга чиқди, дея маълум қилди Reuters.
Самолёт Япониянинг дронлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган A.L.I. Technologies Inc. томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳада Япониянинг Mitsubishi Electric ва Kyocera саноат компаниялари иштирок этди.
Транспорт воситаси анъанавий ички ёнув двигатели ва тўртта аккумулятордан қувват олади. Уларнинг ёрдами билан аэробайкер ҳавода 40 дақиқада 100 км/соат тезликда уча олади. Аэробайкернинг узунлиги 3,7 метр, кенглиги 2,4 метр ва баландлиги эса 1,5 метр. Оғирлиги 300 кг, максимал юк кўтариши 100 кг.
Аэробайкерларга буюртмалар 26 октябрдан бошлаб қабул қилинмоқда, етказиб бериш фақат 2022 йилнинг биринчи ярмида бошланади. Аммо нархи «чақади» - 77,7 миллион иен ёки 680 минг доллар.
Япония қонунчилиги бундай учар транспорт воситаларининг ҳавода эркин ҳаракатланишига, учиш ва қўниш учун умумий йўллардан фойдаланишга рухсат бермайди. Бироқ, ишлаб чиқувчилар аэробайк қутқарув гуруҳларига турли хил бориш қийин бўлган жойларга етиши учун асқотишига ишончи комил.
Г.Холдорова тайёрлади.