Боғибаланд маҳалласидаги кўча асфальт қилинди
Самарқанд шаҳар Боғибаланд маҳалласидаги Хожа Исҳоқи Валий кўчаси кўпдан буён таъмирга муҳтож, қишда лой, ёзда чанг эди. Ҳар гал улов ўтганида ҳавога кўтарилаётган чанг аҳоли хонадонларига бориб урилиб, йўл четидан ўтаётган одамлар, ўйнаб юрган ёш болалар саломатлигига зиён етказаётган эди.
Яқинда вилоят ҳокими Э.Турдимов Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишиш жараёнида мазкур кўчадаги ҳолатга эътибор қаратди. Натижада кўчанинг 210 метрлик масофаси “Тойлоқ туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси йўлсозлари томонидан таъмирланиб, сифатли асфальт қилинди. Бу ишларга корхонанинг 10 дан ортиқ махсус техника ва юк ташувчи машиналари бириктирилди.
- Бу кўча кўп йилдан буён таъмирланмаган эди, - дейди Боғибаланд маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимжон Абдусаломов. - Айниқса, ёмғир ва қор ёғганида кўчада нафақат автомобилларнинг, балки аҳолининг ҳам ҳаракатланиши қийинлашарди. Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг топшириғи билан кўчамизда ободонлаштириш ишлари олиб борилгани ва йўл асфальт қилинганидан маҳалламиз аҳли жуда мамнун.