Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бокс бўйича илк жаҳон чемпиони бўлган иштихонлик Нигина Ўктамова Париж олимпиадасида қатнашади

Шу кунларда Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилаётган Осиё ўйинларида ўзбек боксчи қизлари орасида илк жаҳон чемпиони бўлган Нигина Ўктамова бронза медалини қўлга киритди. Бу натижа билан у 2024 йилда Париж шаҳрида ўтказиладиган ўттиз учинчи ёзги олимпиада йўлланмасига ҳам эга бўлди.

Нигина 2003 йилда Иштихон туманида туғилган. Шу ердаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси.

– Нигина оилада икки қизнинг бири, лекин ўғил боладек қўрқмас, шижоатли бўлиб тарбияланган, – дейди Иштихон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийси Азим Худойқулов. – Балки шунинг учун боксга қизиққандир. У спорт мактабимизга 2017 йилда келганди. Ўшандан буён унга мураббийлик қиламан. Жуда иқтидорли спортчи. Одатда, ўзига ишончи мустаҳкам, қатъиятли ёшлар бокс билан шуғулланади. Лекин қизлар орасида спортнинг бу турини танлайдиганлар кам. Нигинада эса ўзига, ўз кучига ишончдан ташқари, ғайрат, шижоат ҳам жуда баланд. Машғулотларда астойдил шуғулланади, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтади. Шу боис мактабимизга қатнай бошлаганидан кўп ўтмай вилоят ва республика биринчиликларида муваффақият қозонди ҳамда 2018 йил терма жамоага қабул қилинди. 2019 йил Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. 2021 йилда эса Польшадаги жаҳон чемпионатида ҳам зафар қозониб, мамлакатимиз тарихида илк жаҳон чемпиони бўлган боксчи қизга айланди.

Бундан ташқари, Нигина бир қатор ёш тоифаларида қитъа биринчилиги, шунингдек, кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари қаторидан жой олган. 2021 йилда “Йилнинг энг яхши ёш спортчиси” деб эътироф этилган ва шу йили давлатимиз раҳбари томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Жиззах давлат педагогика университетида таҳсил олган.

– Нигина Осиё ўйинларида ҳам чемпион бўлиш ва Париж олимпиадаси лицензиясини қўлга киритишни мақсад қилганди, – дея сўзида давом этади устози Азим Худойқулов. – Гарчи бронза билан кифояланган бўлса-да асосий мақсади – олимпиада йўлланмасига эга бўлди. Энди ушбу мусобақага тайёргарликни кучайтирамиз ва олимпиада чемпиони бўлиши учун ҳаракат қиламиз.

Мураббийнинг таъкидлашича, бугунги кунда Иштихон тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби спортчиларидан 25 нафар Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. Улар мунтазам равишда халқаро мусобақаларда қатнашиб келади. Айни пайтда мактаб боксчилари октябрь ойи учинчи ўн кунлигида Қозоғистонда ўтказиладиган Осиё чемпионатига ҳозирлик кўрмоқда.