Коронавирусдан болаларни қандай ҳимоялаймиз?

Бутун дунёда болалар карантинда. Дастлаб болаларга хавф солиши айтилмаган касаллик, афсуски, ёш, чегара билмаяпти. Ачинарлиси, касалликка чалиниш ҳолатлари болаларда эрта ёшда ҳам учрамоқда. Хўш, уларни касалликдан қандай ҳимоя қилишимиз мумкин?

Аввало, уларнинг таълимдан узилмаган ҳолда уйда ўтириши касалликдан ҳимоялашда жуда муҳим. Аммо бунда ҳам болаларнинг гигиена қоидаларига, кун тартибига, витаминга бой маҳсулотлар истеъмолига алоҳида аҳамият бериш лозим.

- Бугунги кунда биз, болалар шифокорларининг масъулияти икки ҳисса ошди, - дейди Самарқанд шаҳар 1-сон болалар шифохонаси шифокори Муборак Ҳосилова. – Чунки  катталарга нисбатан  болаларда шамоллаш жуда тез ва кўп учрайди. Бундай ҳолатларда ота-оналар дастлаб педиатрларга мурожаат қилишади. Ҳозирги мураккаб вазиятда эса ота-оналар фарзандида шамоллаш аломатлари сезилганда биринчи навбатда тез ёрдамга мурожаат этишларини сўрардик. Баҳор ойларидаги об-ҳавонинг тез-тез ўзгариши болаларда шамоллаш ҳолатларини келтириб чиқаради. Шунингдек, баъзан грипп деб ўйлаган акса уриш ва бурун оқиш ҳолатлари аллергик ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун уйдан чиқмаган ҳолда ота-оналаримиз бугунги мураккаб вазиятда дастлаб тез ёрдамга ёки ҳудудига бириктирилган шифокорларга мурожаат этишлари лозим. Улар бола аҳволидан келиб чиқиб, шифохонага йўлланма беради. Шифохонамиз тўлиқ карантин режимида ишлаяпти. Аммо кунига кўплаб беморлар турли касалликлар билан мурожаат қилишади. Шунинг учун ҳозирги "СOVID- 19" инфекциясига қарши жорий қилинган карантин вазиятидан келиб чиққан ҳолда шифохонамизга фақат ҳудудий оилавий поликлиникалардан йўлланма билан келган беморларнигина стационар даволаш учун қабул қиляпмиз.

Аслида бугун болаларимизга ҳар доимгидан ҳам эътиборли бўлишимиз керак. Мутахассислар таъкидлашича, уларнинг ўртоқларидан, кундалик машғулотларидан ажралган ҳолда уйда ўтириш руҳий оламига ҳам таъсир қилади. Бундай шароитда шифокор тавсияларига амал қилган ҳолда, болаларимизнинг кун тартибини мазмунли ташкил этиш биз, ота-оналар олдидаги муҳим вазифа.

- Фарзандингизни имкон даражасида уйдан чиқармасдан карантин қоидаларига қатъий риоя қилишини назоратга олишингиз лозим, - дейди М.Ҳосилова. - Шу билан бирга унинг кун тартибига эътибор беринг. Эрталабки бадантарбия қон айланиш тизимини яхшилаб, мия фаолиятини нормаллаштиради. Буни уй шароитида ҳам амалга ошириш мумкин. Кун давомида витаминли, оқсил, углевод ва минералларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиши, қайнатилган илиқ сув, табиий шарбатлар ичириб туриши муҳим. Меваларни имкон даражасида боланинг кунлик рационига киритинг.

Қўлларни тоза тутиш, тирноқларини олиб туриш, тез-тез совунлаб ювиш керак. Хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиш лозим. Боланинг дам олишига ҳам кун тартибидан вақт ажратинг. Уйга бегоналарни киритмаслик, ишдан, бозордан келганда, аввало, кўча кийимларни алмаштириб, қўлларни совунлаб ювиб, дезинфекцияловчи эритмадан фойдаланиб ундан кейин болалар билан мулоқот қилинг.

Агар шамоллаш белгилари, иситма, йўтал кузатилса дарҳол тез ёрдам чақиринг. Ўз-ўзича ота-оналарнинг болаларига дори-дармон бериши керак эмас. Шуни унутмангки, ҳар бир дори моддаларининг организмга ножўя таъсирлари бор.

Биз телефон орқали ҳам болани овқатлантириш, кун тартиби, шамоллаш профилактикалари ҳақида ота-оналар саволларига жавоб бериб боряпмиз. Агар касал бўлди болам деса, тез ёрдам ёки ҳудудий оилавий поликлиника  шифокорларига мурожаат қилишини айтяпмиз.

Насиба Жонтўраева.