Болали аёл бошпанага эга бўлди
Дарҳақиқат, адолатли ажрим бўлса-ю, аммо баъзи фуқаролар уни амалга оширишдан бўйин товласа, унинг ҳаққонийлиги жабрланувчига фойда бермайди. Худди шундай ҳолатни Самарқанд шаҳридан Хуршида Маърупова мисолида кўриш мумкин.
Оиладаги келишмовчиликлар сабаб Х.Маърупова бундан бир неча йил аввал турмуш ўртоғи билан ажрашади. Аммо яшайдиган жойи бўлмагани учун уч нафар вояга етмаган фарзанди билан сарсон-саргардон бўлди. 2013 йилда суд қарор чиқариб, унга собиқ турмуш ўртоғининг уйидан жой ажратди. Бироқ шу пайтга қадар аёл уйга киролмай келаётганди. Бу орада оиладаги баъзи келишмовчиликлар ўзанига тушди, ўзаро келишув ҳам бўлди. Аммо бир неча йил ўтгач, аёл яна ҳуқуқ муҳофазачилари ҳимоясига муҳтож бўлди. Ушбу вақт оралиғида суд ижрочилари томонидан етти маротаба талабнома берилган. Аммо маълум сабабларга кўра, суд қарори амалда ўз ифодасини топмай келаётган эди.
2017 йилнинг октябрь ойида мажбурий ижро бюроси аралашуви туфайли аёл уч нафар вояга етмаган фарзанди билан бошпанага эга бўлди. Эндиликда у фарзандлари билан қайнотасининг хонадонидан ажратилган уйда истиқомат қилмоқда. Муҳими, барчаси ўзаро келишув ва жанжалларсиз амалга оширилди.
Худойберди ТОЎИРОВ,
мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар
бўлими давлат ижрочиси.